Иқтисод фанлари доктори, профессор Тоҳир Маликов билан суҳбат
Дастлаб иқтисодиётга доир бир китобнинг муаллифига кўзим тушганда, ёзувчи Тоҳир Малик бадиий ижоддан толиққан пайтларида иқтисодий фанларга оид асарлар ҳам битар эканлар-да, дея росмана таажжубланганман. Йўқ, дарҳол суриштириб билсам, бу инсон олим экан. Менинг иқтисод фанлари доктори, профессор Тоҳир Маликов билан илк, ғойибона учрашувим шу тарзда рўй берган. Кейинчалик нашриётда, газетада ишлаб юрган кезларим иш юзасидан домланинг ўнлаб китоб ва мақолаларини мутолаа қилишга тўғри келди.
Профессор Т.Маликов ҳар соҳада йўрғаламасдан, фақат ва фақат «Молия, пул муомаласи ва кредит» ихтисослиги бўйича тадқиқотлар олиб борди, илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи сифатида 24 нафар фан номзоди ва 3 нафар фан докторини «етиштир»ди.
Олим Тоҳир Маликовнинг ёзувчи Тоҳир Малик билан маҳсулдорлик борасида баҳс бойлашса бойлашгудек шашти бор. Бир-биридан қалин, салмоқли китоблар, ўқишли ва уқишли, муҳими муаммоли мақолалар, замондошлар ҳақидаги хотиралар – ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Мени кўпроқ домла ёзаётган хотиралар ўзига мафтун қилади. Исм-фамилиядошидан қолишишни истамаётгандек, мақолаларида дадил ишлатилаётган бадиий-публицистик воситаларни айтмайсизми? Уларда ўхшатиш ҳам, жонлантириш ҳам, пичинг-гу қочирим ҳам, ташбеҳлар ҳам тўлиб ётибди. Булар албатта, анчайин юзаки таассурот. Назаримда ушбу хотиралар домланинг инсонга, инсониятга бўлган чексиз муҳаббатининг акс-садоси. Илмга, олимга, маърифатга, таълим-тарбияга эътиқод ва садоқати-нинг рамзидир. Аслида кимнидир ёхуд ниманидир эътироф эта туриб, ўзингни эътироф қилаётган бўласан. Инсон ана шунақа яралган – ҳар ким ўзига муносибини эътироф этади, ҳар ким ўзига маъқулини танлайди, интилади, эргашади, идеал деб билади. Домла қаламга олаётган кишилар ҳаёти ва фаолиятининг етишиб келаётган ёш авлод камолидаги аҳамиятини ўйласанг, одам янада суюниб кетасан. Билим, илм, тажриба, тафаккур – булар бари авлоддан-авлодга ўтиши керак, ахир.
Лазизжон Бахранов, фалсафа доктори: Домла илму маърифатга интилиб, зиё тарқатишдан топганларингиз нималардан иборат?
Тоҳир Маликов, иқтисод фанлари доктори: Натижалар ёмон эмас: болалигимда ўйинга қўшмайдиганлар ўша илм билан дўстлашганимдан сўнг мени ўйинга қўшадиган бўлишган; ўрта мактабни битиргунимга қадар, оддийгина матодан тикилган қўлбола “попка”м “высший сорт”ли оппоқ нонни кўрмаган (ёлғиз менда сувли тегирмонда янчилган буғдойдан олинган “қора нон” бўларди, ўша нонимни ҳамон соғинаман) бўлса-да, танаффусда синфдошларимнинг деярли барчаси ўқишга интилишим кучли бўлгани туфайли ўз нонларини мен билан баҳам кўришга навбатда туришарди; институтда ўқиган кезларимда ҳам доим иззат-икромда бўлдим; илмим мени асло тарк этмаганлиги учун номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳам барча эътироф этган ва тан берган ҳолда, ўзга юртда, ўзга тилда муваффақиятли ҳимоя қилдим; минг шукр, бир олим орзу қилиши мумкин бўлган барча мансаб пиллапояларидаги баланд парвозим ҳам шу илмим туфайли содир бўлди; менга ҳавас қилганлар ва аксинча, менга нисбатан ҳасад ўтида куйганларнинг борлигини ҳам илму маърифатимнинг “каро-мат”и деб биламан. Борингки, мени “Мен!” қилган шу – “энг яхши дўст”им – ИЛМ ҳазратлари.
Барча бахтиёр, бахтли кунларимнинг энг асосий “хизматкор”и бўлган, қайғули кунларимда эса қаддини ўзимдек букиб, ёнимда мадад бўлиб турган “энг яхши дўст”им ҳам – илм. Берилган топшириқни бажариб-бажармасдан, шундай “энг яхши дўст” билан дўстлашай деб китобга “ёпишган” кезла-римда, отамнинг ноиложликдан кесатиб, лекин “валий”ларча “Ўқи! Ўқи! Шу китоблар сенга бир кун ош-нон беради!”, – деб айтганидек, менга ҳамон “ош-нон” бериб келаётган “энг яхши дўст”им ҳам ИЛМ ҳазратлари бўладилар.
Ёшим ҳам 60 га бориб қолди. Ҳамон шу “энг яхши дўст”имдан ажралиш ниятим йўқ. Шундай бўлса-да, доим уни бошқалар билан биргаликда баҳам кўриш фикри мени асло тарк этмаган. Бутун ҳаётим давомида шунга амал қилдим. Ҳозир ҳам шу “ташвиш”даман.
Л.Б.: Яқинда бир тадқиқотчи иши тайёр бўлганига уч йил бўлганлигини, ҳимоя учун устози унга йўл бермаётганлигини айтиб, нолиб қолди. Мен ундан сиздан олдин ҳам шогирдлар чиқарганми, десам ҳа, етиштирган, лекин улар домламни бир тийинга ҳам олмайди, деди. Устоз-шогирдлар ўртасида шунга ўхшаш ҳолатлар бўлар экан-да?!
Т.М.: Минг афсус! Лекин не қилай? Ахир буни ҳам “Ҳаёт!” дейдилар. Агар шунақанги ҳолат вужудга келган бўлса, менимча, бунинг, албатта, бир “бало”си бор. Аслида, соф назарий жиҳатдан қараганда, унинг ҳақиқий “илдиз”ини топаман деб, бир томоннинг “гўрига ғишт қалаш” мақсадга мувофиқ эмас. Бундай “бало”га бир томоннинг “дард”ини эшитиб, “малҳам” бўлиш – амри маҳол. Унга шу тарзда “диагноз” қўйиб ҳам бўлмайди. Худди шундай унга “рецепт” беришнинг ҳам иложи йўқ. Бир томонламали “диагноз” ва “рецепт”лар бундай “бало”нинг олдини ололмайди. Уларни қўллаб, “касал” “шифо” ҳам топмайди.
Аввало, уни мен “устоз” ва “шогирд” ўртасидаги нохолисона, нопок ва ғайриилмий муносабатларнинг натижаси деб биламан. Ҳолбуки, ҳақиқий устоз ва ҳақиқий шогирд ўртасида бундай муносабатларга асло ўрин йўқ. Бундай аянчли ва ташвишли вазиятнинг вужудга келганлигига, идеал ҳолда, ё “устоз”, ё “шогирд” ёки ҳар иккаласини ҳам гуноҳкор деб ҳисоблайман. Агар бу ҳолат устознинг айби билан вужудга келган бўлса, бундай “устоз” устоз номига нолойиқ. “Ҳайф!” шундай “устоз”га. Аксинча, бунга “шогирд” сабабчи бўлса, у шогирд эмас. Бундайлар садқаи шогирд кетсин. Бундай забт этилган “марра” ёки чиқилган “чўққи” ҳар икковининг “кураш”и натижаси бўлса, иккаласига ҳам “Суф!”. Ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бундай “шо-гирд”га эга бўлган устоз ва аксинча, бундай “устоз”га эга бўлган шогирд учун илм-фан оламида “бахти қаро”лик, “пешонаси шўр”лик, “толеи паст”-лик, “сарсон-саргардон”лик, “аросатда”лилик ва ҳоказо шунга ўхшашликлар хос. Наҳотки, шуларни истаб табаррук илм йўлида бир-бирига қараб қадам ташланса?! Шулар назарда тутилиб, “Биримиз шогирд ва иккинчимиз устоз бўламиз!”,- дея аҳду-паймон “камар”лари боғланса?! Наҳотки, шуларни ҳақиқий устоз ва ҳақиқий шогирд бир-бирига раво кўрса?!…
Шундай бўлса-да, дастлаб, “ҳимоя учун устози йўл бермаётган” “шо-гирд”га “раҳм”им келиб, уни тушунишга ҳаракат қиламан. Тўғриси, қай томондан қарасам ҳам, бундай “устоз”нинг “гўрига ғишт қалаш” қўлимдан келмайди. Буни Сиз, табиий равишда, “Қарға қарғанинг кўзини чўқимай-ди”га чиқарманг. Йўйманг ҳам. Чунки қанча ҳаракат қилсам ҳам, аслида, бундай “устоз”ни мен тополмайман. Мантиқнинг энг оддийгина ҳамма тегишли қоидалари нолиётган “шогирд” фойдасига эмас, балки зарарига хизмат қилади. Буларга зид равишда “Шундай “устоз” бор бўлиши мумкин-ку!”,- дея ўз-ўзимни мажбурлашим мумкин. Бу ҳолда устоз-шогирд ҳамкор-лиги ўз асл маъно-мазмуни ва моҳиятини йўқотади. Шундай муносабатлардан “ажралиб” қоламан. “Предмет” мени “аросат йўли”да ташлаб кетади.
Ҳақиқатан ҳам мен иши тайёр бўлган шогирдига йўл бермаётган устозни тасаввур этишга қодир эмасман. У қандай “устоз” бўлдий-кин?! Ҳеч бўлмаганда илмий тараққиётга тўсқинлик иллати унга хос бўлса, қандай қилиб у устоз бўлиши мумкин? Илмнинг тараққиётига эмас, балки аксинча, унинг таназзулига хизмат қилаётган инсон устоз номига муносибми?! Илм-фаннинг ривожланишига раҳна солиш “курси”сида ўтирганларни устоз деса бўладими? Бундайларга нисбатан устоз сўзининг ишлатилиши шундай табаррук сўзнинг увол, исроф қилинганидан дарак эмасми?!…
Шогирдларимнинг иши тайёр бўлса, мен улардан-да кўпроқ суюнаман. Тезроқ ҳимоя қилишларини истайман. Тиним билмайман. Бу борада қўлимдан келган барча ёрдамимни аямайман. Ахир, ҳеч бўлмаганда, шогирдларимнинг сони яна биттага ортади-ку! Менинг илмий мактабим яна бир ўқувчи билан тўлади-ку! Шогирдим тезроқ ҳимоя қилса, бу мен берган навбатдаги ҳосилдан нишона эмасми?! Бу менинг илм оламидаги маҳсул-дорлигимнинг даракчиси-ку?! Бунинг натижасида мен устоз сифатида тобора “мўл-кўл ҳосил бераётган улкан дарахт”га айланиб боряпман-ку! Бундан қувонмаслик мумкинми?! Наҳотки, шулардан ўзимни бенасиб айлаб, шогир-димнинг ҳимоя қилишига тўсқинлик қилсам?! Шогирдимга йўл бермаслик йўлини тутсам, менга оқ фотиҳа берган устозларим гўрида тик турмайдими? Уларнинг қарғишига қолмайманми? Наҳотки, булар ўз йўлига бўлса?!…
“Шогирдига йўл бермаётган устоз” тўғрисида ўйлаб, хаёлимга яна қуйидагилар ҳам келади: игнада қудуқ қазиб устоз мақомига эга бўлганлар барчасининг асл мақсади, жумладан, шогирд ҳам чиқариш эмасми? Ёшли-гида илмни тўплаб, устоз номини кўтариб юрган инсон уни харж қилмасдан қаёққа кетиши керак? Илм хазинасини ўзи билан орқалаб “қаро ер” томон йўл олиши лозимми? Ёки қора тупроққа ташлаб кетиши керакми?
Наҳотки, кеча эмас, балки бир неча асрлардан буён ўзига хос даъват сифатида янграётган
Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилғил ани!
– дейилган Алишер Навоий ҳазратларининг ҳикматларидан “устоз” тушмагур бехабар бўлса?! Ёки “Фарҳод ва Ширин”даги Фарҳод тилидан айтилган
Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,
Олиб тупроққа-му кетгумдир охир
каби сўзларнинг илмни сарфлашга ҳам дахлдорлигини ҳис этишга “устоз” жаноблари ожиз бўлса?!
Шогирднинг чиқарилганлиги илмнинг харж қилинганлигидан дарак бермайдими?! У шундан далолат эмасми?! Илмни харж қилишдан қўрқиш керакми?! Ахир у харж қилсангиз-да, ҳеч қачон камаймайдиган якка-ю-ягона бойлик-ку! Шогирд чиқармаган устознинг мевасиз, ҳосилсиз дарахтдан нима фарқи бор?! “Ота-она”лар – устозлар – яхши ниятлар билан ҳаёт кечиришса-ю, “фарзанд” кўришни истамасалар, бундай ҳаётнинг кимга кераги бор? Унинг қизиқлиги қаерда қолади?! Устоз ҳаётининг мазмуни ва гўзаллиги, жумладан, шогирдлари билан ҳам белгиланмайдими? “Турна-қатор” шогирд-ларига эга бўлган забардаст устозларни кўриб кўзларингиз беихтиёр чақнамаганми?! Юрагингиз ҳапқириб кетмаганми?! Уларга ҳавасингиз кел-маганми?! Шундай тақдирни ўзингизга ҳам, ич-ичингиздан, истамаган-мисиз?! Наҳотки, шогирдига йўл бермаётган устоз, буларни инкор этса?! Кўр-кўрона бир четга суриб қўйса?! Ва ўз-ўзига шундай “тақдири азал”ни раво кўрса?! Қанча уринсам-да, мен буни тушунишга ожизман. Уни қабул қилиш-у, идрок этиш қўлимдан келмайди. Ёки Сиз ҳамма устозлар ҳам бундай хислатларга эга эмас дейсизми?! Бу масалада Сизга озгина ён берсам-да, лекин айтиб қўяй: аслида устоз сўзининг ўзи юқоридагиларни автоматик тарзда, кўр-кўрона тақозо этади; уларни устоз сўзидан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.
Ёки “шогирдига йўл бермаётган устоз” шогирди “чиқиб” кетса, унга тегишли бўлган “илм нони”нинг яримта бўлиб қолишидан ташвишдамикан? Шундан қўрқади, деб ўйлайсизми? Ахир ҳар кимнинг ризқи ўзи билан-ку! Уни ҳеч қандай қудратли куч тортиб ололмайди-ку! Бунинг устига, биро-дарлар, “илм нони” оддий нон эмас! У ҳеч қачон яримта бўлмагай!
Л.Б.: Баъзида шогирдлар устозлараро муносабатлар қурбонига айланади. Тарихда бунга мисоллар кўплаб топилади. Устоз-домлалар ўзаро чиқишишмаса, нимага энди жабрини шогирд тортиши керак? Бу ҳолда холислик, объективлик каби юксак илмий мезонлар қаёқда қолади? Айрим устозлар шогирдларга шу тариқа намуна кўрсатиб, ибрат бўладими? Яқинда ҳимоя қилиб, масъул ўринга тайинланган диссертантнинг хулосасини қаранг: менга қаршилик қилган домлаларнинг шогирдларига кўрсатиб қўяман! Мана, илму толибнинг етиб келган манзили!!! Бу манзил – тубан манзил, дейман-у яна, балки шу пайтгача қон ютгандир, уни ҳам ўзгалар аламга ботиришгандир, деган ўйга толаман. Наҳотки, бу иллат устоздан шогирдга, авлоддан авлодга суяк суриб кетаверса? Бу, ахир, олимлик маснадига ярашмайдиган ҳол-ку?!
Т.М.: Ўзимни анча йиллардан бери қайта-қайта қийнаб келаётган савобли саволни бердингиз. Айлантирмасдан, бор гапни айтдингиз-қўйдингиз. Дангал берилган савол худди шу тарздаги жавобнинг қайтарилишини тақозо этади. Шу боис айтиб қўяй, “менга қаршилик қилган домлаларнинг шогирдларига кўрсатиб қўяман!”,- тарзида иш тутган ва тутаётган айрим “илм аҳли” вакилларининг анчагинасини кўрганман ва ҳамон кўряпман. Ана шундай “кўрсатиб қўйиш” натижасида уларнинг “ҳузур”ланганларини ҳам биламан. “Завқ-шавқ”қа тўлганларининг гувоҳи ҳам бўлганман. Шундай разиллик орқасидан “лаззатланадиган”лар ҳам бор. “Бопладим!”, “Қойил қилдим!” – дегувчилар ҳам, афсуски, топилади. Уларга қарата ошкора ва ўз жойида “Садқаи олим кет!” ёки “Суф-эй, сендек “олим”га!”, – дегим келади-ю, лекин шундай тоифадагиларга нисбатан гапларимнинг натижасизлиги, бесамарлигини олдиндан билиб, иложсиз тил тишлайман.
Лекин не қилай, ана шундай тарзда гўё “ғалаба нашидаси”ни сураёт-ганларни кўриб, барибир, уларга ачинаман. Бундай “қилмиш”лари эвазига уларнинг гуноҳи азимга, тубанлик ботқоғига ботиб кетаётганларини ҳис этиб, раҳмим келади. Нега энди ўзига “қаршилик қилган домла”нинг “алами” унинг шогирдидан олиниши керак?! Бу гуноҳсизни гуноҳкор дейиш билан баробар эмасми?! Шогирднинг “гуноҳ”и нимада? “Қаршилик қилган домла”-нинг шогирди бўлганидами?! Наҳотки, “қаршилик қилган домла”дан “ўч” олишнинг энг “зўр йўли” унинг шогирдини “таъзирини бериш” бўлса?! Бу ожизлик аломати эмасми?! Бундан ўта пасткашликнинг “ҳид”и келмай-дими?! Бу “ўч” олувчининг разолат-у, жаҳолат ботқоғига ботганлигидан дарак эмасми?! Наҳотки, ўзини заррача ҳурмат қилувчи ва яна олим номини кўтариб юрувчи шуни ўзига раво кўрса?! Бу билан у “қаршилик қилган домла” олдида яна бир бора ўзининг ожизлигини, кучсизлигини, заифлигини, иложсизлигини, разиллигини намойиш этмаяптими?!…
Шу ўринда “қаршилик қилган домлалар” иборасининг изоҳ талаб экан-лигини қайд этмоқчиман. У ўзига нисбатан бир неча аниқликлар кирити-лишини тақозо этади. Аввало, бу номни ҳақиқатан ҳам кўтариб юрганлар сони, аслида, бармоқ билан санарли. Кўпчилигимиз ўзбекчилик қилиб, андиша ва ҳ.к.ларга бориб, лозим бўлган ҳолларда ҳам, вужудимизни ўтли виждон азоби ёндириб турган бўлса-да, олимликка даъвогарнинг бизга тақдим этган “материали”ни кўриб, фиғонимиз фалакка чиққан бўлишига қарамасдан, ўзимизча “шайтонга ҳай бериб” “қаршилик қилиш кўчаси”га кириш ниятида эмасмиз. Фанимизга хиёнат қилаётганимизни сезсак-да, бу масалада принципиал позицияда туришни ўзимизга эп кўрмаймиз. Қалб амрига кўра иш тутсак, бошимизга “бало тошлари” ёғилишини сезамиз. Номимиз “ёмон”га чиқишини ҳам олдиндан биламиз. “Тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди”ни эслаб, ўзимизни юпатамиз, таскин берамиз ва фанимизга хиёнат сари йўл тутишни афзал биламиз: илм оламининг “патаги”га ҳам арзимайдиган фикрни кўкларга кўтариб мақтаймиз; бир тийинга ҳам қиммат бўлган “таклиф”ни, билсак-да, унга “юксак баҳо” берамиз; айтилганига бир неча аср бўлса-да,“илм шайдоси”нинг ундан бехабарлигига кўз юмиб, уни “оригинал” деб эътироф этамиз ва ҳ.к. Қарабсизки, бўрилар ҳам тўқ, қўйлар ҳам омон.
Ундан ташқари, “қаршилик қилувчи домлалар” иборасини ўз онгига сингдирган нодон “илм аҳли вакиллари” илм йўлини равон деб ўйлайдилар, шекилли. Ким айтди уларга илм йўлини теп-текис, сип-силлиқ, қаршиликсиз деб?! Бундай ўйловчилар тушларини сувга айтишсин! Бу йўл улар ўйлаганда-гидек бўладиган бўлса, нега илмга эга бўлиш игнада қудуқ қазиш билан тенглаштирилди?! Шу муносабат билан билмасак, билиб қўяйлик: илм йўли учун равонлик, теп-текислик ва қаршиликсизлик асло хос эмас; бу йўл – “тошлоқ” йўл; гоҳ-гоҳида унда катта-катта “харсанг”лар ҳам учраб туради; унинг “чақир тиканакли” жойлари ҳам бор; кўз илғамас “жарлик”-у, “жаҳан-нам”лар ҳам шу йўл атрофида; унинг кўп жойлари “электр чироқлари” билан “нурафшон” қилинмаган; унда “светофор”лар йўқ; йўлнинг катта қисми қуш учса – қаноти, одам юрса – оёғи куядиган “саҳрои-азим”дан ўтади; унинг ҳар икки томонида дам оладиган “кемпинг”лар, деярли, учрамайди; “ташналик азоби” бу йўлнинг доимий ҳамроҳи; бу йўлда “машина”да юриб бўлмайди; унда фақат оёқни “яланг” қилиб, иштонни тиззагача шимариб, белни букиб, қўлни кўксга қўйиб, шошмасдан, оҳиста юрилади; бу йўл уни яхшилаш мақсадида “таъмир”га ҳам муҳтож бўлмаган якка-ю-ягона йўлдир…
Л.Б.: Домла шу ўринда мени кўп қизиқтирадиган ва ўйлантирадиган саволни яна ўртага ташламоқчиман. Айтингчи, инсонни илмий тадқиқот олиб боришга ўргатиш мумкинми? Ёхуд шеър ёзишга ўргатиб бўлмаганидек, олимликка ҳам ўқитиб бўлмайдими?
Т.М.: Ҳақиқатан ҳам, бизда “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!”, – деган фикр онгимизда, аллақачон, қарор топиб бўлган. Кўпчиликнинг фикри – шундай. Кўпчилик – шу томонда. Унга шубҳа билан қаровчилар ёки эътироз билдирувчиларнинг бор-йўқлиги – менга номаълум. Бор бўлса, бордир. Лекин уларнинг “товуш”лари эшитилмай қолганига анча бўлди, шекилли. Шунинг учун ҳам “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!”,- деган фикрнинг онгимизга барқарор ўрнашиб қолаётганлиги бежиз эмас, албатта.
Шундай бўлса-да, назаримда, бунга муносабат билдириш борасида, дастлаб, қуйидаги саволларнинг аниқ жавобларига эга бўлишимиз керак: бу кимдан чиққан фикр? Уни “ўргатувчилар” айтганми ёки “ўрганувчилар”? Ёки ҳар “икки томондагилар”нинг ҳам етиб келган якуний “марра”си, cўнгги “бекат”и “манзил”и шуми?
Фикрнинг “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!” тарзида ифодаланганлиги, тўғриси, мени ҳайратга солади. Гўё бу фикрни шеър ёзишни ўргатувчилар айтаёгандек. Улар “ўргатиш майдони”га шу “ғоя” билан чиқар эканлар, ундан кўра чиқмаганлари маъқул эмасми?! Ахир бу тарзда иш тутилганда якуний “натижа”нинг қандай бўлиши олдиндан маълум-ку! Шу боис “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!”, – деган фикрни шеър ёзишни “ўрганиб”, “тахт”га ўтирган шеърият султонлари айтмаганлиги мутлақо аниқ. Улар бу “даража”даги “ақлтош” эмаслар. Шу боис уларни айбсиз айбдор қилмайлик.
Ишонмасангиз, менинг қуйидаги фикрларимга эътироз билдиринг-чи: бир неча асрлардан бери шеърият оламини ҳамон титратиб келаётган Навоий ҳазратлари бу фикрни билдирмаган. Байрон ва Пушкиннинг ҳам бу фикрга дахли йўқ. Яқин замондошларимиз Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов-лардан бу фикр чиқмаганлигига ишончим комил. Деярли тенгдоши бўлганим учун соддагина шеърлари билан бутун Ўзбекистон халқи вужудини жунбушга келтириб, бу оламни эрта тарк этган Муҳаммад Юсуфнинг ҳам шундай деб “жар” солганини сира эслолмайман…
Нима дедингиз: Навоий она қорнидан шеърият султони бўлиб дунёга келганмиди?! Байрон ва Пушкин шеър ёзишнинг нозик сирларидан огоҳ бўлмасдан туриб, шеърда сўзларни “бир текис садаф тиш”лардек териб ташлаш “санъат”ини ўз-ўзидан эгаллаганмикан?! Шеър ёзишни ўрганмас-даноқ Эркин Воҳидов Эркин Воҳидов бўлганми?! Шоирликка даъвогарлар-нинг аксарияти идрок этишга қодир бўлмаган шеъриятнинг кўз илғамас ва оддий ақл бовар қилмайдиган “сирли қоида”ларини мукаммал ўрганмасдан туриб, Абдулла Ориповнинг Абдулла Орипов бўлганига мени ишонтириб кўринг-чи?! Наҳотки, бу борада уларнинг устозлари, “ўргатувчилари” бўлма-ган бўлса?! “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар!” уларни, ўз-ўзидан, наҳотки, четлаб ўтган бўлса-я?! Бошимни не тошларга урмайин, бунга сира ақлим бовар қилмайди!…
Бу борада баъзи бир “теша тегмаган” ва “қулоқ эшитмаган” ўзига хос мулоҳазаларим бўлишига қарамасдан, уларнинг истеъдоди ёки таланти ёлғиз Аллоҳнинг инояти, деган фикрга мен ҳам қўшиламан. Лекин шу ондаёқ менда табиий савол туғилади: нега Аллоҳнинг назари менга эмас, айнан уларга тушди? Нега бундай неъматдан мен бебаҳра қолдим?! Ахир она қорнидан “лўп” этиб, бу дунёга келганимизда барчамиз тенг эдик-ку?! Ҳурлар ичра, ҳур эмасмидик?! Нега Аллоҳ уларга алоҳида кўз билан қаради?! Қараган бўлса, Сиз билан менда бўлмаган, фақат ва фақат ўша улуғларга хос бўлган баъзи бир “нарса”ларни ҳисобга олмаганмикан? Улар ўртасида қандайдир бир боғлиқлик йўқмикан?!…
Навоий ўтган замонлардан ва ўз замонасидан ўрганмаганида, шундай адабий муҳитда яшаб, тарбия олмаганида, шу “бўстон”да айтилаётган “қўшиқ”ларга ёшлик ширин уйқусини, болалик ўйинқароқлигини алмашиб, мижжа қоқмасдан, эрта тонггача қулоқ тутмаганида, оёқлари ўзига бўйсун-масдан тез-тез “аралашиб” шоиру-у-шуораларга чой-нон ташимаганида, муштдеккина ёшидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Қуш тили”сини ёд билма-ганида… Аллоҳ унга бундай истеъдод ёки талантни тасодифан бериб, шеърият тахтини раво қўрармиди?!…
Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Юсуфлар шу даражага етгунларига қадар шеърият илмининг не-не “заҳмат”ларини чекмадилар?! Шеър ёзишни ўрганиш илинжида не-не эшиклар-у, остоналарга бош урма-дилар?! Тошкентнинг бетонли уйлари-ю, болохоналарига “от бостириб” кир-ганлар ким?! Биргина “Мен – шоирман. Истасангиз – шу!”,- деган фикрни айтиш учун қанча куч-қудратнинг кераклигини ҳис этаяпсизми?! Уни фақат шунга лойиқ бўлган шоиргина айтиши мумкин. У шунга арзиса, буни айтол-масдан туролмайди. “Камтарлик тўни”ни кийиб, қанча ортга сурмасин, вақти соати келганда, барибир айтади. Айтганини ўзи ҳам билмай, сезмай қолади. Аксинча, буни шоирлик ишқида ҳуда-беҳудага ёнувчи “шоирча”лар у ёқда турсин, ҳатто “Мана мен!”,- дейдиган шоирлар ҳам айтишга ўзларида куч тополмайдилар. Айтиш нияти ёки истаги уларда жуда кучли бўлса-да, уни амалга оширишнинг иложи йўқ. Бу масалада “журъат кучи” уларга бўйсунмайди. Ихтиёрсиз уларни тарк этади…
Оммани ўзига мафтун этувчи, унинг дардини айтиб “йиғловчи”, қувон-чига қувонч қўшувчи, дардига малҳам бўлувчи, маҳзун кунларида таскин берувчи, юпатувчи, асрлардан асрларга акс-садо бериб турувчи, бу ёруғ дунёни асло тарк этмайдиган шоҳона шеърлар ёзмоқчимисиз? Марҳамат, “дард”ингиз бўл(ма)ганда осмонга термулманг. Хаёл кемасида уммон кезманг. Оёқни бемалол узатманг ёки ёнбошламанг. Бекордан-бекорга пешонага муштламанг. Ўз-ўзидан у томон-у, бу томонга бориб келманг. Ўринсиз хаёл дарёсига ғарқ бўлманг. “Илҳом париси”ни мажбурламанг ҳам. Бундай натижага шеърият дунёсининг машаққатли “азоб”ларига чидаганлар, уларни ўз бошидан кечирганлар-у, роҳат деб билганлар, татиб кўриб лаззатланганлар, “қалб призмаси”дан ўтказганлар, бундай дунёни ипидан игнасигача “ағдар-тўнтар” қилиб, тинимсиз меҳнат қилганлар, “шеър ёзишнинг ҳаётий китоби”ни қайта-қайта ўқиб ва уқиб, ЎРГАНГАНЛАР эришадилар. Ўқиб ва уқиб ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто шундай “китоб”нинг борлигини ҳис этолмаганларга шеърият осмони ўз қучоғи очганини қаерда кўргансиз?!…
Менимча, “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!”,- деган фикрнинг муаллифлари, узр, шеър ёзиш илинжи, нияти, орзу-ҳавасида бўлган-у, шоирлик “даъво”си билан майдонга чиққан-у, лекин унинг уддасидан чиқолмаганлар, қанча чиранса-да, шеър ёзишни ЎРГАНОЛМАГАНЛАР бўлса керак. Бу хулоса бундай кўчага дадил киролмаганларнинг, унда ўз ўрнини тополмаганларнинг, тушкунлик кайфияти билан шеърият остонасидан ортга қайтганларнинг “оҳу-фиғони”дир. “Дард-у алами”дир. Асрий “ҳасрат”идир. “Армон”идир. Ўз-ўзларига берган “иложсизлик таскини” бўлса, не ажаб?!
Шундай экан, уни “Шеър ёзишга ўргатиб бўлмайди!” тарзида эмас, балки “Шеър ёзишга ўрганиб бўлмайди!” мазмунида ифодалаш шундай-ларнинг тантилигидан, мардлигидан дарак берарди. Шундай ифодаланса, бунинг кимларга тегишли эканлиги ва бу кимлар “ижод”ининг маҳсули эканлиги яққол намоён бўларди. Афсуски, шеър ёзишни ўрганолмаганларга бу каби хислатлар ҳам етарли эмас, шекилли. Улар учун “Шеър ёзишни ўрганолмадик!”дан “Шеър ёзишни ўргатишолмади!” афзал. Бу ўзимга тегишли бўлган айбни ўзгаларга ағдариш билан баробар. Азалдан маълум: “муаммо”ни ҳал этишнинг оқилона йўли бу эмас.
Бир пайтнинг ўзида, фалакиёт илмини ўрганмаганида, унинг заҳмат-ларини чекмаганида Мирзо Улуғбек “сирли осмон тоқига илк “илм нарвони”ни қўярмиди?! Ҳисоб-китоб, башорат илми асосларининг сувини ташналик билан сипқормаганида, Берунийнинг “ақл машъали” ер курра-сининг нариги бетини ёритармиди? Тиббиёт илмини мукаммал эгалламасдан туриб, Ибн Сино ҳазратлари сон-саноқсиз инсонларнинг дардига малҳам бўлолмасди! “Адаб илми”га ошно бўлмасдан Умар Ҳайёмнинг ҳам шоҳ рубоийларни яратиши амри-маҳол эди!…
Шоирларимизни хафа қилиш ёки камситиш ниятидан йироқман. Шундай бўлса-да, ўзимни “хавф” остига қолдириб, қуйидаги фикрни билдирмоқчиман: менинг назаримда, инсонни “илмий тадқиқот олиб боришга” ва”шеър ёзишга” ўргатиш масаласи бир-биридан фарқланмайди. “Шеър ёзишга ўргатиш” ва “олимликка ўқитиш”нинг бир-биридан фарқи йўқ. Худди шунингдек, “шеър ёзишни ўрганиш” ва “олимликка ўқиш” ўртасида ҳам тафовут мавжуд эмас. Иккови ҳам – бир хил. Айнан шундай бўлганлиги учун ҳар иккови борасидаги натижалар ҳам бир-бирига монанд: “зўр” шоирлар ва “зўр” олимлар сони ҳам бармоқ билан санарли даражада; “трактор тириллайди”, “чумчуқ чириллайди” каби “шеър”лари билан “машҳур” бўлган хомаки “шоир”лар кўп бўлганидек, беҳудаги чиранадиган, ҳар қадамда “олим”лигини рўкач қиладиган хашаки “олим”лар ҳам анчагина…
Фалакнинг гардишини қарангки, инсон “Шоирман!”, – дегани билан шоир бўлиб қолмаганидек, худди шундай “Олимман!”, – дея олим ҳам бўлиб қолмайди. Иккала “чўққи”га чиқишнинг йўли бир хил – билиб қилинадиган машаққатли онгли ижодий меҳнат. Иккала “сарой”га-ю, “тахт”га ҳам бир хил сўқмоқ орқали борилади – тинимсиз изланиш, ўқиш, ўрганиш, таҳлил қилиш, мулоҳаза юритиш, “теша тегмаган” ва “қулоқ эшитмаган” тўғри хулосалар чиқариш.
Шеър ёзиш ва шоир бўлишнинг ҳам оддий қоидалари бор. Ҳар қалай шеър ёзиб, шоир бўлмоқчи бўлганлар, ҳеч бўлмаганда, қофия, вазн, туроқ, ташбеҳ, ўхшатиш…лардан хабардор бўлмоғи лозим. Худди шунингдек, илмий тадқиқот олиб бориб, олим бўламан дейдиганлар ҳам, камида, анализ ва синтез, индукция ва дедукция, корреляция ва регрессия…ларни билиши керак. Огоҳ бўлмасдан ва уларни пухта эгалламасдан туриб, шоир-у, олим-ликка йўл бўлсин!
Китоб ўқимасдан туриб шоир бўлинмаганидек, шу ишни қилмасдан олим бўлишнинг ҳам иложи йўқ. Мулоҳаза-мушоҳада юритиш қобилиятига эга бўлмаганлар “шоирлик кўчаси”га киролмаганларидек, шундай салоҳиятга эга бўлмаганлар учун “олимлик эшиги” ҳам доимо берк бўлади. “Дард”и бўлмаганлар шоир ҳам, олим ҳам бўлолмайдилар. Шеър ва илм “ишқ”ида ёнмаганларга шоирлик ҳам, олимлик ҳам насиб этмагай. “Шеър!” ёки “Илм!” дейилган ондаёқ юрагига “ўт” тушмаганлар шоир ёки олим бўламан, деб ўйламасинлар. Бу ўринда академик шоиримиз ҳайқирган “Ғойибдан келажак бахт бир афсона!” уларнинг иккаласига ҳам баробар тегишли.
“Зўр” шеърлар ёзиб, эл ардоғидаги машҳур шоир бўлиш билан “порт-лаш” характеридаги инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлувчи янгиликлар яратган олимнинг “ҳаракатланиш йўли” бир хил. Бу йўлларга аллақачон асос солинган. Фақат уларнинг ўзига хос бўлган юриш қоидалари, принциплари, талаблари ва ҳ.к.лари бор. Қойил мақом қилиб, уларни бажо келтирганларга шеърият “осмон”и ҳам, илм “чўққи”си ҳам доим мунтазир. Улар – ўшаларники!…
Қиёслаш бироз ўринсиз бўлса-да, аслида машҳур шоир-у, олим билан машҳур… масалан, футболчи ўртасида фарқ йўқ. Унинг ҳам машҳурлиги негизида фақат тинимсиз меҳнат билан сайқалланган талант ёки истеъдод ётибди. Қарабсизки, шоирлик ва олимликда “машҳурлик либоси”ни кийган-ларнинг сони қанча бўлса, футболчиликда ҳам – шунча.
Яна бир нарсани айтай: шеър ёзишни “ўрганиб”, машҳур шоир бўлиш-да “ўргатувчи”лардан кўра “ўрганувчи”нинг роли каттароқ, назаримда. “Ўргатишсин!”, ундан сўнг “катта шоир” бўламан дейиш билан мақсадга эришилмайди. Олимликка “ўқиб”, “катта олим” бўлишда ҳам худди шундай. Бу ерда ҳам – ўзгача йўл йўқ. Бундай мақсадлар “чўққи”сига “ўргатувчилар”-нинг йўл-йўриқларидан баҳра олган, илҳомланган ва ўрганиш ҳисси доим устувор бўлган “ўрганувчилар” чиқадилар, холос.
Ҳаётлигидаёқ тирик ҳайкалга, ўчмас машъалга айланган шоирларимиз, аввало, зиғирча бўлса ҳам “ўргатганлар”га бир умр таъзим қилиб, уларнинг дуосини олиб, сўнг эса ўз “ғаним”ларининг “маънавий уйи”га “ақлий ўт” қўйиб буюкликка эришганлар. Сира иккиланманг: буюк олим бўлишда ҳам худди шундай йўл тутилади.
“Ҳеч бўлмаганда катта олим бўламан!”, – дея “илм йўли”дан юрмоқчи бўлганлар, ўз ихтиёрлари билан “жилов”ларини устозлар қўлига тутқазиб, улар асос солган “илм мактаби”да “ўқиш”га мажбурдирлар. Бундай мактабда “ўқиш”нинг мажбурият эканлигини билмаган, ҳис этмаган “олим”лар катта олим бўлолмайдилар. Бу масалада ўринсиз чираниш белни синдиради, холос. Тўғри, “мактаб” кўрмаган “олим”лар ҳам бор. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолда “ҳашаки олимлар” номига эга эканликларини билармиканлар?! Ажабо, уларнинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмайди. Бундайлар илм билан эмас, балки битмас-туганмас, охири кўринмас ҳаёт ташвишлари билан бандлар. Шундай бўлса-да, уларнинг кўпаётганлигидан ташвишдаман…
Устозлар мактабида ўқишдан ташқари ҳақиқий олимликни дилига жо қилмоқчи бўлганларнинг “бошқа ишлар”и ҳам бор. Хусусан, улар яна бошқа жойларда ҳам жуда кўп “ўқиш”лари керак. Мана, қаранг, бу “ўқиш”лар қандай кўринишларга эга: “Олимман!” деганнинг кўзига театрда ўтирганида ҳам илм кўринади. Экранга термулиб, кино кўрганида ҳам у “илм”дан йироқ-лашиб кетолмайди. Чойхонадаги чойни ичишда ҳам, паловхонтўрани паққос “тушириш”да ҳам унинг кўз ўнгида ҳар хил “илм”лар пайдо бўлаверади… Хуллас, умрининг ҳар онини “ўқиш”га бағишлаган олимдан яхши олим чиқади. Бир умр ҳаёт сабоқларига эҳтиёж сезган, муҳтож бўлган ва уларга эгалик онларида роҳатланганларга олимлик ярашади. Буюк олимлар – ҳаёт фалсафасини бир умр “ўқиган”лар орасида.
Умуман олганда, менинг юқоридаги мулоҳазаларимдан тасодифий-ликни қидирманг. Бекорга овора бўласиз. Уларда қонуният бор. Уни ҳеч ким рад этолмагай ёки бекор ҳам қилолмагай! Шунинг учун саволингизга нисбатан менинг қисқа якуний жавоб-фалсафам қуйидагича: инсонни илмий тадқиқот олиб боришга ўргатиш мумкин. Шеър ёзишга “ўргатиб” бўлга-нидек, олимликка ҳам “ўқитиб” бўлади. Фақат қандай шоирнинг чиққанлиги унинг шеър ёзишни қандай “ўрганганлиги”га боғлиқ бўлганидек, қандай олимнинг чиққанлиги ҳам унинг қандай “ўқиганлиги”га боғлиқ. Ҳар икки соҳада ҳам “ўргатувчилар”га боғлиқ жиҳатлар арифметик прогрессия каби бўлса, “ўрганувчилар”нинг хатти-ҳаракати геометрик прогрессия кўрини-шини олмоғи даркор. Акс ҳолда, шоир ҳам чиқмайди, олим ҳам шакллан-майди. Шеър ёзишни ўрганиш ва олимликка ўқиш “санъат”ини ҳақиқий эгаллаганлар сони – деярли бир-бирига тенг ва афсуски, улар бармоқ билан санарли даражада.
Фақат менинг бу янги “кашфиёт”имни ўз қаричингиз билан ўлчаманг. Шундай қилсангиз – адашасиз. Зеро, унинг ўз ўлчанадиган “қарич”лари бор.
Саволингизга бу тарзда жавоб бериб, “ари уйи”ни бузганлигим аниқ. Ўзгалар назаридаги “ақллилик балоси”га учраганим ҳам рост. Бошимга “не савдо”лар тушиши мумкинлигини ҳам олдиндан сезиб турибман. Лекин не қилай, ўзимдан чиққан “бало”ларга кўникиб қолганман. Шу боис, хавотир-ланманг: “даво”сини ҳам, аллақачон топиб, тайёрлаб қўйганман…
Л.Б.: Олимнинг шаклланишида яна бир ҳикмат алоҳида роль ўйнайди, менимча…
Т.М.: У ёғини айтмай қўяқолинг: Сиз “Бешикдан қабргача илм изла!”ни назарда тутаяпсиз, тўғрими? Бу ҳикмат ҳаммага қарата айтилган бўлишига қарамасдан унинг олим бўлиб шаклланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган-ларга нисбатан қанчалик аҳамиятли эканлигини ўзингиз ҳис этаверинг. Аслида, барча инсонлар қатори олим инсоннинг умри ҳам бундан-да қисқароқ. У бешикдан қабргача эмас, балки тобутгача давом этади, холос. Орадаги тобутдан қабргача бўлган фарқ унга ҳам насб этмайди. Бу “бу ётадиган жойинг”дан “у ётадиган жойинг”гача илм изла дегани эмасми?! Бу бир умр “Илм истаб, илм излаб умргузаронлик қил!”ни англатмайдими?! Бу “Сўнгги ётадиган жойинг аниқ бўлганда ҳам ва у томон кетаётганингда ҳам илм изла!”ни билдирмайдими?!…
Қанийди олим бўлиб шаклланиш ниятида бўлганларнинг барчаси ҳам бу сўзларнинг маънисига тушунса ва унга риоя этсалар? Бу дастуриламалга айланса, шаклланаётган олимларимиз янада салобатлироқ бўлармиди?! Шундай қилинганда айрим “олим”ларимиз бировларнинг кўзига пашшадек эмас, балки филдек кўринармиди?! Уларга беписанд “юқоридан пастга” эмас, аксинча, “пастдан юқорига” қараб қаралармиди?! Бу тарзда иш тутилганда, аросатда қолиб, хор-у-зор бўлиб, бировларнинг қўлига қараб юрган айрим “олим”ларимиз сони кескин камаярмиди?! Бундай қилинганда ҳар қандай кас-у-нокас келиб, баъзи “олим”ларимизнинг елкасига, “қадрдон дўст”ларча бир тушириб, “Носдан ёки сигаретдан олинг!”, деёлмасмиди?!…
Бешикда ётган боланинг бошқа “ташвиш”лари йўқми?! Ўша онларда бу “ташвиш”лар илм излаш “ташвиш”идан муҳимроқ эмасми?! Бешикдаёқ ҳаёт ташвишлари болани “исканжа”га олишига қарамасдан, уларни бир четга суриб, у илм излаши керак-а? Буни “олимлик ишқи”да ёнаётганларнинг ҳаммаси ҳам кўз ўнгида гавдалантира оладими? Бешикданоқ – болалигидаёқ – илм изламаганлар энди қандай қилиб олим бўлиб шаклланишаркин?! Ахир “болалик поезди” “пўшт-пўшт”, деб аллақачон кетиб бўлган-ку?! Бешикда – “йўл боши”да – эмас, балки ярим йўлга келиб илм излашга киришганлар, нари борса, чала олим бўлиб шаклланиши аниқ-ку! Нега буни тан олгимиз келмайди?! Бунинг устига, болаликда эгалланмаган илмни энди олиб бўлмайди! Чунки у ўзига хос хусусиятга эга. Илмларнинг бу гуруҳи фақат болаликда “муҳр”ланиши мумкин. Бошқа пайтларда эса бунинг иложи йўқ. Ёшлик йилларида “муҳр”ланган билимлар олимнинг шаклланишида ўзига хос фундамент ролини ўйнаса, ажабмас!
Бешикдалигидаёқ бола қандай қилиб илмга эга бўлиши мумкин?! Қандай қилиб унга илм сингдирилади?! Қулоғига азон айтиш орқалими? Ёки она сути биланми? Балки она меҳри биландир? Бунга балки муштипар онанинг “зор”ланиши ёрдам берар? Ёки она “илтижо”сими? Ота-она, ёши улуғлар дуоси шунга хизмат қилмасмикан?… Фикримча, буларнинг ҳаммаси бешикдалигидаёқ боланинг илм излашига ўз улушини қўшгай!
Бешикдан “чиққан”идан сўнг “Олим бўлиб шаклланаман!”,- деганнинг нияти унинг шахсий ҳаракатларига мувофиқ амалга ошади. Энди у, шоир айтганидек, жаҳоннинг очилиши-ю, ёпилиши; дилларнинг муроди; кўнгилларнинг сурури; кўрар кўзларнинг нури илм бирла эканини англаши керак. Буларсиз олимликни орзу қилиш утопиядан бошқа ҳеч нарса эмас.
Л.Б.: Яна бир долзарб масалада фикрингизни билмоқчи эдим. Қайсидир йили бошқа фан соҳасидаги йирик олимлардан бирининг «кўраяпмиз, иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилишдан осони йўқ экан» деганини эшитганим бор. Наҳотки, шу гап рост бўлса?
Т.М.: Аслида, “иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилиш”нинг осонлигига доир “даҳшатли зарба” кўринишидаги бундай “баҳо”ни беришга, оддий олим тугул, ҳатто, “бошқа фан соҳасидаги йирик олим”нинг ҳам ҳаққи йўқ. Бу жойда унинг “йирик”лиги ўз-ўзига. “Йирик” бўлса-да, у, ўзингиз айтгани-нгиздек, бошқа фан соҳасидаги йирик олимлардан бири. Унинг “бошқа соҳа”далиги “иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилиш”нинг “аҳвол”ига нисбатан олимнинг бундай “позиция”ни эгаллашига йўл қолдирмайди. Бу “физик”ларнинг фаолияти натижаларига “лирик”ларнинг ва аксинча, “лирик”ларнинг фаолияти натижаларига “физик”ларнинг берган баҳоси билан бир хил. Шундай бўлса-да, уни “тушуниш”га бир уриниб кўрайлик-чи, қандай “картина” кўз ўнгимизда гавдаланаркин?!
Аввало, бошқа фан соҳасидаги оддий олиммас, балки йирик олим шу гапни айтган бўлса, бу – бекорга эмас. Бунинг, албатта, “бир бало”си бор. Ахир, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи ёки барги, ўз-ўзидан, қимирламайди. Шунинг учун ҳам эътироф этилган “йирик олим” бундай хулосага, балки… бекордан-бекорга келмагандир.
Албатта, “бошқа фан соҳасидаги йирик олим” иқтисодиёт соҳасида қилинган илмий иш билан танишиб, бундай якуний хулоса чиқаришга, маълум маънода, ожиз. Лекин шундай хулосага келишнинг бошқа йўллари бор. Масалан, у баъзи бир сабабларга кўра “иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилган” янги “олим”лар билан суҳбатда бўлгандир. Уларнинг “маърўза”ла-рини эшитгандир. “Чиқиш”ларини кузатгандир. “Дарс”ларига қулоқ тутган-дир. Имло хатолари “виж-виж” бўлиб ётган дастхатини кўргандир. “Доска”га ёзган сўзларига кўзи тушгандир. “Диктовка” қилиб ёздирган матнларини ўқигандир, варақлагандир…
Бу жойларда ҳар қадамда хатоликка йўл қўйиб турилган бўлса-ю, уларнинг “муаллиф”лари иқтисодий фанлар номзоди ва иқтисодий фанлар доктори илмий даражасига ёки доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган “иқтисодчи”лар ҳисобланса, бундай вазиятда мен “сафимизда тураётган” бу “илм вакиллари”га қарата айтилган “бошқа фан соҳасидаги йирик олим”нинг фикрларига қўшиламан. Ҳақиқатдан ҳам “солиқ”, “бюджет” ва ҳатто “илм” каби ўзак сўзларни хато ёзаётганларнинг ҳам олимлар сафига “қўшилган”идан ёки қўшилаётганидан таажжубдаман.
Бир сафар олимлик “диплом”ига эга бўлган ёш бир “ўзбек шоввоз”-нинг “презентация”си жараёнида ўзбекча матнда экранга чиқарган “Беруни”, “Ибн Сина”, “Хоразми”, “Фараби” каби “сўз”ларини кўриб, нафасим ичимга тушиб кетди. Ёқа ушладим. “Илм” деган сўзнинг “Илим” деб ёзилганидан огоҳ бўлиб, қочгани жой тополмадим. Экранга қараган ва кеча мактаб остонасидан бугун олий таълим даргоҳига кириб келганларнинг бошини “сарак-сарак” қилиб, кўзларини жовдиратиб, маюсгина термулиб турганини кўриб, ер ёрилмади, ерга кирсам!
Илм оламига “ярқ” этиб, отилиб, чақнаб кириб келаётган ёшларни кўришни мен ҳам жуда-жуда истайман. Бунинг ўрнига, афсуски, юқорида қайд этилган “аҳвол”даги “олим”лар сони кейинги пайтларда, момоқал-дироқдан сўнг пайдо бўлган қўзиқоринлар сингари, “потирлаб” кўпайиб кетаяпти. Бундай вазиятларда “бошқа фан соҳасидаги йирик олим” тугул, ҳатто кечаги мактаб ўқувчиси ҳам “иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилишдан осони йўқ экан”,- деб ўйламайдими?!…
Олим бўлиш мақсадида ҳимоя учун қўлтиқлаб чопилаётган айрим “диссертация”ларнинг “аҳволи”дан ҳимоя учун масъуллар ташвишда. “Кир-пич” шаклидаги “нарса”нинг “аҳвол”ини кўриб, бечоралар юракларини ҳовучлаб ўтиришибди. Ноиложликдан бўлғўси “олим”ларнинг “диссерта-ция”ларини ҳам “таҳрир”га юборишнинг норасмий тартибини “жорий этиш”-дан уларнинг ўзга чоралари қолмаяпти. Мажбур бўлиб, авторефератнинг охирида “Фалончи журнал таҳририятида таҳрирдан ўтказилди”,- деган жумлани кўрмасдан, уни чоп этишга рухсат бермаяптилар. Гўё шу билан “олим” қўйган хатоликларга барҳам берилаяпти. Қанийди, шу “йўллар” билан “олим” сочаётган илмсизлик, саводсизлик “уруғ”лари сочилишининг олдини олиш имкони бўлса?! …
Аудиторияларга кираётган, минбарларга чиқаётган, учрашувларда “ўз фикри”ни баён этаётган “иқтисодчи-олим”ларимизнинг бир қисми маърўза давомида “қоғоз”дан сира бошини кўтаролмаса, минбарга “ёпишиб”, ундан бир қадам нарига кетолмаса, нима деяётганининг мазмун-моҳиятини ўзи тушунмаса, гап тузиш қоидаларига риоя этмасдан “оёқни осмондан” қилиб “ваъз” ўқиб турса, ҳадеб тўртта сўзни такрор ва такрор қайтаришдан нарига ўтмаса, улардаги сўз бойлиги қаҳатчиликка учраган бўлса, ҳар икки гап орасида эшитувчининг қулоғини “арралаб” турадиган “дудуқланиш”ни содир этаверса, ўз фикрини қоғозга тушириш қобилияти уни четлаб ўтган бўлса… ва буларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, жумладан, булар ҳам “иқтисодчи-олим дипломи” билан сийланаверса ва уларнинг сони ортиб бораверса, булардан огоҳ бўлган “бошқа фан соҳасидаги йирик олим” ҳам “кўраяпмиз, иқтисодиёт соҳасида илмий иш қилишдан осони йўқ экан”,- деган “баҳо”дан бошқа баҳони беролмайди.
Ҳақиқий илм қилган олимнинг ўткирлиги, жумладан, унинг гапга чечанлиги, илмининг ўткирлиги унинг тили бурролиги орқали ҳам намоён бўлади. Илми ўткир-у, лекин гапга чечан, тили бурро бўлмаган олим бўлмайди. Илм қудуғини игна билан қазиган олимларнинг гапга чечан ва тили бурро бўлмаслигига мен ҳеч ишонмайман. Ўз-ўзидан эмас, балки илмни ҳақиқатан ҳам “босиб” олганлиги учун ҳақиқий олимнинг тили доим “ёқимли-сайроқи” бўлади. “Ичкари”да илм бўлсагина, у, албатта, “ташқари”га фавворадек отилиб чиқиб, ҳаммани ўзига мафтун этаверади.
Фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Лазизжон БАХРАНОВ суҳбатлашди.