“ИБРАТ” лойиҳаси

0
1901
Youtube.com

Ижтимоий тармоқларга, асосан, фейсбук ва телеграмга сезиларли даражада вақт сарфлаяпман. Нима учун? Қандай фойда топяпман?

1. Энг қиммат маҳсулот ахборотдир. Тармоқлар мен учун ахборот манбаи. Ахборотларнинг ёлғон ёки рост эканлигини мантиқнинг турли услублари ва фаҳм билан аниқлаштириш мумкин.

2. Фикр – жамиятнинг қиёфасидир. Тармоқларда хилма-хил фикрлар ва характерлар жамланган. Улар билан танишиш яшаб турганимиз жамиятнинг қиёфаси ҳақида мукаммал бўлмаса ҳам, тасаввур беради. Фикрлардан хабардор бўлиш учун ижтимоий тармоқдан фойдаланаман.

3. Шахслар – жамиятнинг суягидир. Тармоқлар орқали шахсиятларга яқинлашиш мумкин. Матности маъноларини таҳлил қилиб, сўзлар ортидаги шахсиятларни кашф этиш, улардан манфаатланиш имкони бор.

4. Ижтимоий тармоқ – катта майдон. Бу майдон турфа манфаатларга ўзидан жой берган. Бу майдонда ҳамма турдаги одамни учратиш мумкин. Фойдаланишга яроқсиз фикрлар, кўнгилочар ва тайинсиз чиқишлар ҳам жуда кўп. Бу майдондан илмга ва соғлом фикрга асосланган мулоҳазалар билан жой олиш жамиятдаги зиёлиларнинг вазифасидир.

Интернет бемаъниликлар билан тўлгани ҳақида нолишдан кўра уни маъно билан зийнатлаш муҳим вазифа. Шу вазифани Аллоҳнинг ёрдами ила баҳоли қудрат адо этишни истайман.

Шунинг учун, жамиятимизнинг фикрлайдиган онгли вакиллари ижтимоий тармоқларда жиддий фаолият юритишлари тарафдориман. Ижтимоий тармоқ еган овқатларимизни, кийган кийимларимизни, шахсий ва нафсий хоҳишларимизни оммага жар соладиган саҳифа эмас, балки маърифий ва ҳикматга бой манбалар кутубхонаси ҳам бўлиши керак.

Ҳар бир ўқимишли инсон ўз саҳифасини тоза, саъвияли ва тартибли юритиши айни фазилатдир. Унинг саҳифаси худди илгари замонларда чоп этилган рўзнома ёхуд ойномаларнинг даражасида бўлса, нур устига нур. Ёзилаётган сўзларнинг имлоси, мантиғига масъулият билан қарашимиз шарт. Ана шунда биз бугунги ўзбек халқининг фикрат хазинасига эга бўламиз.

Ижтимоий тармоқларда нолиш, норозилик ва ношукурликни акс эттирувчи ҳамда зериккандан, мубталоликдан бақириладиган матнлардан ташқари саъвияли битикларимиз ҳам кўп, Алҳамдулиллаҳ.

Бугун қалбимда бир ният пайдо бўлди. Биз ўтмиш аждодларимизнинг, улуғларнинг ибратли ҳаётларига ҳавас қиламиз, ўрганамиз. Фикри ожизимча, атрофимизда халқимиз учун холис қайғурадиган ва фаолият юритаётган ватандошларимиздан ибрат олишимиз лозим. Биз уларнинг ғайрат ва шижоатига қараб, илҳомланамиз. Зарралар бир-биридан қувватлангани (зарядлангани) каби бир-биримиздан қувватланамиз.

Шахсий саҳифамда “Ибрат” рукни остида таниганларим, кузатадиганларим инсонларнинг бошқаларга намуна бўладиган жиҳатлари ҳақида, Аллоҳим насиб этса, ёзиб бормоқчиман. Бу асосий ишларимнинг ёнида кетаверади. Бироз тин олганим паллаларда қоғозга тушади, деган ниятдаман.

Мен қандай шахслар ҳақида ёзмоқчиман?

Ёш, касб, жинс чегараси йўқ. Мутаассиб ва тажовузкор бўлмаган, шовқинчиликдан йироқ, кенг фикрли, бағрикенг, миллатсевар, ҳақиқатпарвар, адолат тарафдори бўлган жасур ва холис, кўзлари кўраётган ҳудудлардан бошқа дунё йўқ, деб ўйламайдиган, илмнинг турли соҳаларида сидқидилдан фаолият юритаётган олимларимиз, ижодкор қаламкашларимиз, зиёлиларимиз матнларим қаҳрамонига айланишини кутяпман, иншаАллоҳ.

Бу матнлар расмий нашрларда маблағ ва буюртма эвазига эълон қилинадиган “очерк”лар эмас. Шунчаки, шахсий кузатув ва ибратланиш учун битиладиган матнлардир.

Шояд, бу билан орамизда юрган яхшиларимиздан ўрнак олиб, ёввойи бутадек шохлаб кетган хулқимизни бироз тарашласак, ўзимизни мақташни бас қилиб, азизларимизни тинглашни ўргансак, басират кўзимизни очиб, атрофга ойдин назар сола билсак…

Акром Малик

2020.10.08.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг