Генерал Дўстум Афғонистон тарихидаги илк ўзбек маршалига айланди

0
1921
Фото: topwar.ru/1997 йилда олинган

Шу кунларда дунё ахборот агентликлари эътибори яна бир карра Афғонистоннинг ўзбек миллатига мансуб ҳарбий ва сиёсий арбобларидан бири – Абдул-Рашид Дўстумга қаратилди. Абдул-Рашид Дўстумнинг таржимаи холи – мураккаб ва ёрқин, мушкул воқеаларга бой.

Абдул -Рашид Дўстум Афғонистон шимолидаги Жузжон вилоятининг Хўжадукка туманида туғилиб ўсган. Унинг отаси ўзбек, онаси эса туркман бўлган. Қирқ йилдан ортиқ Афғонистонда ҳарбий-сиёсий соҳада фаолият олиб боради.

Афғон уруши

1979-1989 йилларда Афғонистон уруши даврида Дўстум 53-сонли ҳукумат қўшинлари дивизияси қўмондони этиб тайинланган, унда ўзбек миллатига мансуб кўплаб аскарлар бўлган. У президент Муҳаммад Нажибуллоҳ бошчилигидаги совет тузуми тарафдори бўлган афғон ҳукуматини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, давлатни федерализация қилиш чақириғи билан чиққан “Афғонистон миллий исломий ҳаракати”га раҳбарлик қилган. 1989 йил 10 июлда Дўстум генерал-майор унвонини олган.

1992 йил, совет ҳукумати тарафдори бўлган режим қулагач, у пойтахти Мозори-Шариф бўлган ва тўрт вилоятни ўз ичига олган Афғонистоннинг мустақил шимолий минтақасига раҳбар бўлди. Бироздан сўнг у ҳудудга “Дўстумистон” номи берилди, бу ҳудуднинг ўз ҳукумати ва 65 минг кишилик қуролланган армияси бор эди.

1996 йилда минтақа толибларнинг афғон ҳукуматига қарши чиққан иккинчи Шимолий Иттифоқнинг таркибига кирди, аммо 1997 йил майда Дўстумистан тўхтатилди ва толиблар ҳукмронлигига ўтди, ушбу минтақадаги иккинчи шахс Маликнинг хиёнати туфайли Дўстум Туркияга эмиграция қилишга мажбур бўлди.

Абдул-Рашид 1997 йил сентябрда Малик яна Шимолий Иттифоқ томонига ўтиб, Дўстумистонни озод қилганидан кейин ўз ватанига қайтди. Толибларнинг Дўстумистонга иккинчи ҳужуми 1998 йил августида юз берди. Дўстум яна мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди – у Ўзбекистонга йўл олди. У 2001 йилда, толиблар мағлубиятидан кейин қайтиб келди ва янги ҳукумат таркибига кирди, шу йилнинг декабрь ойида эса Ҳамид Карзай бошқаруви пайтида Афғонистон мудофаа вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Президентликка номзод

2004 йилда Дўстум президентликка ўз номзодини қўйди, аммо атиги 10 фоиз овоз йиғиб, тўртинчи ўринни эгаллади. Ундан кейин у Афғонистон Қуролли кучлари олий қўмондонлиги штаб бошлиғи лавозимига тайинланди. Бироқ, 2008 йилда Абдул-Рашид собиқ иттифоқчиси Акбар Бойга ҳужум қилганликда айбланиб, лавозимидан четлатилиб, сургун қилинди.

Бир йил ўтгач, Дўстум Афғонистонга қайтиб келди ва унинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди. 2009 йил охирида у аввалги лавозимига қайта тикланди, 2014 йилда эса биринчи вице-президент этиб сайланди.

Генерал Абдул Рашид Дўстумнинг Афғонистоннинг катта сиёсатига қайтиши Марказий Осиё мамлакатларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Дўстум рус тилини жуда яхши билади, шунингдек, она тили – ўзбек, пушту ва дарий тилларида ҳам сўзлашади.

Биринчи ўзбек маршали

Афғонистонда яшовчи туркий халқлар сардори сифатида танилган ўзбек лидер Абдул- Рашид Дўстумга маршаллик ҳарбий унвони берилиши ўзбек жамоаси томонидан қизғин кутиб олинди. Баъзилар Дўстум сиёсий бир келишув асосида маршал бўлди деса, бошқалар маршал бўлиш Дўстумнинг ҳаққи эди, у шунга лойиқ, дея урғу бермоқда.

Россиялик шарқшунос, сиёсатшунос, тарих фанлари доктори Алексей Малашенко Дўстумнинг маршаллик унвони Кобул ва Тошкент учун жуда кўп ижобий томонлари борлигига ишонади.

“Дўстумга маршал унвони берилгани Ғани ва Абдуллоҳ келишиб олганининг даракларидан биридир. Буни тан олинмаган президент учун ўзига хос ғалаба деб аташ мумкин, чунки у ҳокимиятга Ашраф Ғанининг ўзи сингари пуштунни олиб келмади. Шу билан бирга Дўстумнинг улкан ҳарбий тажрибаси ва унинг ўзбеклар, тожиклар ва Марказий Осиё халқларининг бошқа вакиллари яшайдиган Афғонистоннинг катта қисмига таъсирини унутмаслик керак”, – дея таъкидлади эксперт.

Афғонистон тарихида Дўстумдан аввал икки маршал бўлган. Дўстум мамлакат тарихидаги учинчи ва ўзбеклардан биринчисидир.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг