Иби, ахмақ бўллинг-чи?

0
2498
Фото: comunicom.ru

Бир одам бор эртаю кеч босқон билан курашадир. Бурнининг катаги ва қулоғининг жимжимасига ҳамишаликка қора куядан сурма қўйган. Яъни касби темирчилик.

Илгарилар шу темирчи билан жуда қалин оғайни бўлсак ҳам бу кунларда орамизга чўп тушган. Зеро, ул тожик, мен ўзбек.

“Овози тожик”нинг таъбирича, мен тожик мактабларига ўзбек тилини зўраки ва мажбурий равишда киргизувчи золимнинг ўғли, ул бўлса, зўрланган, жабрланган мазлум тожикнинг боласи!

“Овози тожик”нинг тилича адоватимиз мана шу йўсунда табиий равишда ҳўкизнинг шохидек ўсиб чиқгандир.

Кечирасиз ўқувчи. Бандангиздан шу ўринда нордеккина ёлғончилик кечди. Зеро, мадрасада сиғаи муболағани кўп ўқиғонман. Ҳалиги темирчи тожикнинг менга адовати йўқ. Аммо, сизга таърифини қилғоним ҳўкизнинг шохи фақат мендагина ўсган эди. Шунинг учун фақат менгина темирчини кўрганда қовоғимнинг тўқимини солиб, тумшуғимни бир ярим қарич ўстириб ўтар ва саломига жавоб бермас эдим.

Тунов куни ошсиз капанига эрмак деб йўл устида латта чайнаб ўлтирган эдим. Орқамадан биров келиб туртади… Қарасам ўша темирчи тожик:

Ассалому алайкум. Зардам қайнаб, алик ўрнига оғзимга шу гап келди.
Нима қилардинг? Тожик бу муомалага ҳайрон қолди: Иби, жинни бўлдинг чи? – Ҳа, жинни бўлдим. – Ахи, жинни ки бўлибсан, деди тожик – нега бизга айтмадинг?! Домлангга ҳожатим йўқ, дедим. Иби, иби, деди темирчи – ахи, биз мулло Қурбини боқиб тухтабмиз, паналатининг нимага фойдаси тегсин. Акунки сан жинни бўллинг, бахудо, вақт-да Самарқанд қочиб кетди чи? Оташ арабасига пақирак бермасанг, бахудо ман берай!

Кўрдимки тожикнинг сўзи юракдан, етмаса деб ёнчиғини ҳам ковлайдир. Тўғрисини айтайми, оғайни, дедим. Ҳар қанча меҳрибонлик қилсанг тожикка қил, мен бўлсам домла-хўжани ўзбекдан кутай. – Иби, иби, ҳа деди тожик, – Замон охир бўлли –чи? Замон охир бўлмаса ҳам, дедим мен – кечаги “Овози тожик”да сенинг одамларингдан биттаси худди қиёмат қилиб юборди. Иби, сан ҳам ахмақ бўллинг чи? Ахмақ бўлмасам ҳам биздаги “қўшнинг кўр бўлса кўзингни қис” мақолига бўйинсиндим.

Тожик мендан жуда ранжиган эди. Тепинди, ғижинди, сўкинди, нос отди ва оғзида носи билан сўради.

Шу гапга аниқ хафа бўллинг? Хафа бўлмайдурган гапми?! Ҳайф хафа бўлийсан, деди тожик. Микалай пошшанг вақтида, мусулмон ободинг вақтига, ана боринг ки беш юз йилги сиз ўзбакларнинг домуллолари мактабларга бо яна мадрасаларга тожик тилига дарс айта эканлар. Бо яна шу ерга қандай чиқин сиёсат бор экан? Яъни ки, шу инқилоб бўлли, мактаблар очилли, ўзбек тилига китоблар ёзилли. Яъники, шу бизнинг тожик болаларга янги китоблар йўқ бўлли. Яъники, бу ерга мажбурият бор эди, зўраки йўқ эди. Шуни ки фарқига бормайсан. Сан кўп ахмақчи одамсан! – Ахмақчи мен эмас оғзингга қараб гапир, дедим. Ҳай, ахмақчининг сўзига бовар қилиб, ўртоғингдан юз ўгирди қиласан? Нима бўлса ҳам кишига оғирда, Мамашариф, дедим.

Ўртоғимнинг оти Мамашариф эди. Сен ташла шундайчийқин дарди харина газетачиларнинг лофини, деди Мамашариф. Ахи, сан замбилчи, ман темирчи бояна бизга кинначи даркор. Агарда даркор бошад лофни газетачилар урсин! Бизга чи? Ахи, биз беш юз йил ки… Жур, бизнинг дуконга. Ман ки сан аблаҳга бир наботчой қилиб берай, сан ичиб “ҳу” айтгин!

… Бир биримизга бўлган ҳурматимиз эски ҳолига қайтди. Баробар юришиб кўкчойга кетдик. Гинани Мамашариф айтгандек, мен ҳам ахмақчиларнинг ўзларига ҳавола қилдим.

Жўлқинбой. Ер юзи. 1925. №2. – Б. 6.

 

Тайёрловчи: Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг