Сайёрамизда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари аср охирига бориб АҚШ иқтисодиётида юзлаб миллиард долларлик камомадни келтириб чиқаради, дейилади Евроньюсда
Бу зарар инсон саломатлигидан тортиб инфратузилма ва аграр саноатгача қамраб олади. АҚШ Федерал ҳукумати шундай хулосага келган.
Иқлим ўзгаришларининг эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги ҳисобот ўтган йилда ўтказилган тадқиқотлар натижаларини тасдиқлайди. Унга кўра, инсон – дунёвий исишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва айнан бунинг оқибатида сайёрамизга мисли кўрилмаган йўқотишлар хавф солмоқда.
Айтиш керак, бу хулосалар Дональд Трамп маъмурияти сиёсатига мутлақо зид. Ўтган йилда АҚШ президенти мамлакат Иқлим бўйича Париж келишувидан чиқишини эълон қилиб, Трамп бу қарорини агар расмий Вашингтон келишув шартларини бажарадиган бўлса, бундан Америка 2025 йилга бориб 2,7 миллион иш ўрнидан маҳрум бўлиши мумкинлиги билан изоҳлаган эди.
Федерал ҳукумат баёнотига қараганда, глобал исиш бирнчи навбатда аҳолининг ночор қатламига салбий таъсир кўрсатиб, умуман инсон саломатлигига путур етказади. Шу билан бирга иқлим ўзгаришлари инфратузилмани зарарлайди ва ичимлик суви таъминотини чегаралаб қўяди. Ҳисоботда шунингдек, иқлим ўзгаришларининг оқибатлари ҳозирданоқ кўзга ташланаётгани қайд этилган. Аммо агар ҳавога чиқарилаётган иссиқхона газлари миқдори кескин камайтирилса келажакдаги зарар прогнозлари ўзгариши ҳам мумкин.