Ҳиндистонда янги туғилган қиз фарзандни тириклайин кўмиш ҳолати аниқланди. Маълум бўлишича, Уттар-Прадеш шимолидаги Барелли шаҳрида ота-она яқинда туғилган чақалоқларини касалхонада “ўлган”дан сўнг дафн этишади. Бироз вақт ўтгач, улар қабристон соқчисини чақириб бола тириклигини ва унинг овози эшитилаётганини айтишди. Кичкинтой шифохонага етказилган ва у тузалмоқда. Аммо ота-она ғойиб бўлган. Полиция уларни қидирмоқда.
Июль ойида ўтказилган ҳукумат сўровига кўра, Ҳиндистонда қизлар сони камайиб бормоқда. Ҳукуматнинг қиз болаларни қутқаришга қаратилган ҳаракатларига қарамай, аёл ҳомилаларини ноқонуний аборт қилиш давом этмоқда. Аҳолининг жинси бўйича маълумотларга кўра, Ҳиндистонда 2015-2017 йилларда ҳар 1000 нафар эркакка 896 нафар аёл тўғри келди. Бу кўрсаткич 2014-2016 йилларда 898 та ва 2013-2015 йилларда 900 тагача тушиб кетганди.
Бу ҳолат Ҳиндистонда ўғил фарзанднинг афзал кўрилишига яна бир мисол ҳисобланади. Ҳиндистон қонунлари шифокорлар ва тиббиёт ходимларига туғилмаган боланинг жинсини ота-оналарига маълум қилишни ёки боланинг жинсини аниқлаш учун тест ўтказишни тақиқлайди. Фақатгина рўйхатдан ўтган тиббий амалиётчиларгина абортни амалга оширишлари мумкин.
Шунга қарамай, қиз ҳомилани аборт қилиш Ҳиндистонда кенг тарқалган. Кўпинча одамлар қизларга оғир юк сифатида қарайдилар, улар турмушга чиққанларида сеп бериш керак. Бундан фарқли ўлароқ, ўғил фарзандлар мулкни мерос қилиб оладиган ва шажарани давом эттирадиган боқувчи сифатида қадрланадилар.