Aҳмад Маьсуд Россия Aфғонистонда зўравонликларнинг кучайишига йўл қўймасликка ва ёрдам беришга умид қилмоқда 

0
957
Фото: Reuters

«Шимолий альянс» раҳбари бўлган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли, айни вақтда Панжшер вилоятида толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган кучлар етакчиси Аҳмад Масъуд Россиянинг РБК нашрига интервью берди. Аҳмад Масъуд ўз иттифоқчилари кимлиги ҳамда Афғонистон келажаги қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

 «Биз мулоқотга тайёрмиз»

— Айта оласизми, сиз ҳозир қаердасиз? Панжшердами?

— Ҳа, мен Панжшердаги уйимдаман.

 — Сиз билан қанча одам бор, жангчиларингиз қанча?

— Минглаб одамлар курашишни истайди ва улар жангга тайёр. Айнан қанча одамлигини аниқ айтиш қийин, аммо бутун водий жангга тайёр.

— Вазият қандай? Толиблар билан жанглар ёки қандайдир қуролли тўқнашувлар кетяптими?

 — Ҳозирча йўқ. Биз ўз кучларимизни тийиб турибмиз. Икки томон ҳам музокаралар бошлашга интилмоқда, аммо шу билан бирга, ҳар эҳтимолга қарши ҳарбий вариантга ҳам тайёр.

Ҳозирда вазият шундай. Биз тинчлик жараёни бошланишига умид қиламиз, агар музокаралар самарали бўлса, биз уларга имкон беришимиз керак. Биз гаплашишга тайёрмиз. Биз тинчлик учун имкон беришга тайёрмиз. Умид қиламизки, бошқа мамлакатлар — қўшниларимиз, ҳудуддаги державалар вазиятга аралашади ҳамда «Толибон»га босим ўтказиб, уларни музокараларга ундайди.

Чунки мен тинчлик музокаралари — ягона тўғри йўл эканига ишонаман. Аммо шу билан бирга, биз ўзимизни ҳимоя қилишга, қаршилик кўрсатишга тайёрмиз, Панжшер водийсида бир қанча ҳарбий манёврлар ва тайёргарлик ишлари олиб борилган (Asia-Plus’нинг Афғонистондаги манбаси маълум қилишича, Панжшер ичкарисида тайёргарлик ишлари олиб борилган ва барча тоғ чўққиларига, йўлларга, Панжшер яқинидаги Гулбаҳор туманида қояларга танклар ва бошқа жанговар техника жойлаштирилган бўлиб, улар «Толибон» ҳужум қилган тақдирда, уларни янчиб ташлашга тайёр).

— Бошқа томон ҳам Панжшерга бостириб киришга тайёрланмоқда ёки қандайдир ҳодисалар бўлиб улгурдими?

 — Ҳозирча улар фақат тайёрланишмоқда ва ёки улар тайёрланаётгани ҳақида маълумотлар бор, аммо ҳеч қандай ҳаракатланиш содир бўлмаган.

 — Сиз айтмоқдасизки, тинчлик музокараларига тайёрсиз. «Толибон» ҳам бунга тайёрми?

— Гап шундаки, улар бир гапираётгани бошқа, қилаётгани бошқа. Улар музокараларга тайёр эканини айтишмоқда, очиғини айтганда, бу бизни руҳлантиради. Биз умид қиламизки, улар ўз сўзларида туришади.

Биз ҳам музокараларга тайёрмиз, чунки Афғонистонда сўнгги 20 йилда, умуман, сўнгги эллик йилликда етарлича уруш бўлди. Шундай экан, бизга тинчлик керак ва буни ўзаро гаплашишимиз керак. Аммо уларнинг ҳужумга тайёрланаётгани, бизни тинчлик бўлишига гумонлантирмоқда.

 — Вазият кескинлашуви ва толиблар билан тўқнашув рўй бериши эҳтимоли қанчалик?

— Мен айтган бўлардимки — элликка эллик. Эҳтимол, тинчлик музокаралари натижа берар, аммо ҳарбий қарама-қаршилик рўй бериши ҳам мумкин.

«Мени ҳеч ким ҳеч қаерга таклиф қилмади»

 — Ғарб нашрлари манбалари хабарига кўра, толиблар сизга мамлакатни бошқарувчи кенгашга киришни таклиф этишган. Бу тўғрими?

 — Ҳозирча ҳеч нарса тасдиқланмаган, булар фақат миш-миш, мени ҳеч қаерга таклиф этишмади. Аммо менинг қаршилигим, менинг курашим ва мен йўллайдиган мурожаат шундаки, ўзим учун жой топиш етарли эмас, Афғонистон учун ечим топиш керак. Чунки «Толибон» охир-оқибат ўз ҳукуматини шакллантирса, биз эса курашдан воз кечсак ҳам — бу Афғонистон учун ечим бўлмайди.

Биз ўтмишдан келиб чиқиб шуни тушунтиришни истаймизки, бошқаларни инкор қилган ҳолда ҳукумат шакллантириб бўлмайди — бу иш бермайди. Афғонистонга барча манфаатдор томонлар иштирокидаги ҳукумат керак ва бу олдинга ҳаракатланишнинг ягона йўлидир. Биз қилаётган ишлардан мақсад Афғонистондаги ҳолатни кўрсатиб, ечим қандай бўлиши ва қандай қилиб олдинга ҳаракатланиш мумкинлиги ҳақида гапирмоқчимиз.

Асосийси — инклюзивлик. Агар ҳукумат барчанинг иштирокида тузилса, биз келажакка умид билан қарашимиз мумкин. Агар бундай бўлиб чиқмаса, бу давлат қуришга уринишдаги навбатдаги муваффақиятсизликка айланади.

Афғонистон яна муаммолар ўрасига тушиб қолади, муаммо янги муаммоларни туғдираверади. Биз Афғонистонни қутқармоқчимиз, биз афғонларга эски хатоларни яна ва яна такрорламаслик учун ёрдам кўрсатмоқчимиз.

Афғонистонда давлат қуриш мумкин, биз агар ҳамма ўзини ҳукумат тузилишидаги иштирокини кўрадиган бўлса, бу ишнинг имкони борлигини тушунтирмоқчимиз.

— «Толибон» етакчилари билан қандайдир алоқа ўрнатилдими?

 — Ҳа, мен улар билан бир неча бор гаплашдим. Мен уларга қандай ечим кўраётганимни айтдим.

— Айнан ким билан?

 — Мен раҳбарият билан, ҳарбий ва сиёсий раҳбарият вакиллари билан гаплашдим.

 — Сиз «Толибон» раҳбарлари, шу жумладан ҳарбий раҳбарият билан гаплашганингизни айтмоқдасиз. Сиз Абдулғани Биродар билан ҳам гаплашдингизми?

— Ҳозирча йўқ. Аммо бу мулоқот тез орада рўй бериши мумкин.

 — Таклиф қилишса, кенгашга кирасизми?

 — Мен ўз одамларим билан гаплашишим керак, чунки буни мен ҳал қилмайман. Мен бу ишларнинг барчасини ўзим учун қилмаяпман.

— Россия расмийларидан ким биландир алоқага чиқдингизми?

— Ҳозирча йўқ. Аммо мен умид қиламанки, бунга имкон бўлади, чунки Россияда Афғонистондаги хавфсизлик ҳолатидан, сиёсий вазиятдан хавотирлар бор. Умид қиламанки, улар сиёсий аралашувга боришади ва зўравонлик авж олишининг олдини олишга ёрдам беришади.

Улар ҳам бундан манфаатдор, чунки бу ерда экстремистик мафкура ёйилса, у бутун Марказий Осиё ва Россия жанубида ҳам аланга олади, натижада экстремизм кучаяди.

«Толибон» Кобулни олганида дунё бўйлаб кўплаб гуруҳлар уларни табриклаганини кўрдик ва энди улар ўз аъзоларига буни намуна сифатида кўрсатиб, улар ҳам шундай натижаларга эришишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Шундай экан, буларнинг барчаси эскалацияга, Марказий Осиёга киришни ёки Россия жанубидаги вазиятни беқарорлаштиришни истовчи янгидан янги террорчилар пайдо бўлишига олиб келади. Ишончим комилки, вазиятга аралашиш ва бу ерда инклюзив ҳукумат тузишга кўмаклашиш — уларнинг манфаатлари доирасидаги иш.

— Россия фаолроқ бўлиши керак деганда нимани назарда тутмоқдасиз?

— Мен ўйлайманки, Москва биз ва «Толибон» ўртасида фавқулодда тинчлик музокаралари ўтказиш ва уларни бунга кўндиришда ёрдам бериши мумкин. Бу уларнинг қўлидан келадиган ёрдам.

 «Биз изоляцияда яшашни истамаймиз»

 — Нима учун «Толибон»нинг бошқаруви Афғонистон учун тўғри келмайди?

— Биз Афғонистон минтақавий державалар ва дунёнинг бошқа давлатлари тан олмайдиган давлат бўлишини хоҳламаймиз. Биз Афғонистон изоляцияда қолишини ва бундан Афғонистон фуқаролари жабрланишини хоҳламаймиз.

Биз Афғонистонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам бир-биримиз билан дўст бўлиб яшаш имконини бермайдиган ҳукуматни хоҳламаймиз. Биз қаршилик кўрсатишимиз ва ёмон сценарийлар рўй беришига йўл қўймаслигимиз учун куч берадиган қатор саволлар ва хавотирлар бор.

Афсуски, «Толибон»нинг ҳаракатлари улар инклюзивлик, толерантлик, инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари тарафдори эмаслигини, улар демократик қадриятларга рози эмаслигини кўрсатмоқда. Булар эса халқаро ҳамжамият ҳукуматни тан олиши учун муҳим жиҳатлардир.

Бу эса биз учун муаммо ва биз буни қабул қила олмаймиз. Биз изоляцияда яшашни истамаймиз, биз минтақа ва дунё билан яхши муносабатлар ўрната олмайдиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз. Бундан ташқари, биз ўз халқининг ҳуқуқларини инкор этадиган ҳукуматни қабул қилишимиз мумкин эмас.

 — Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши нуқтайи назаридан, 1990-йиллар билан солиштирганда «Толибон» ўзгарганми?

— Улар ўзларининг ўзгарганликлари ҳақида айтишга уринишмоқда. Аммо, афсуски, аслида бундайлигини кўрсатувчи далиллар йўқ. Қандаҳордан Ғазни ва Кобулгача вазият бир хил (сўнгги ҳафта давомида Афғонистон бўйлаб мусиқа эшитишга қўйилган тақиқлар, тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши ва Ғани ҳукумати давридаги ҳарбий бошлиқларнинг қатл қилинаётгани ҳақида хабарлар келмоқда — РБК). Улар ўзгармаганини исботловчи бир олам далил бор.

Аммо биз ҳамон умидвормиз. Биз улар фақат тилда эмас, амалда ҳам ўзгарганликларини намойиш этишларини истаймиз. Масалан, биз билан музокаралар ўтказишни. Улар барча манфаатдор томонлар иштирокидаги ҳукумат хоҳлаётганликларини, Афғонистоннинг келгуси картинасининг тўлиқ эмас, бир қисми бўлишни хоҳлашларини айтишини.

— Ўзбеклар ва Абдулрашид Дўстум оиласи сизга қўшилгани ҳақидаги гаплар тўғрими?

— Бизнинг қаршилик ҳаракатимиз олдига қўйилган вазифа фақат Панжшерни ҳимоя қилиш эмас. Биз бутун Афғонистон ва Панжшерни ифода этамиз. Биз мамлакат номидан қаршилик кўрсатамиз. Ҳозирда, афсуски, тинчлик, ҳудудий яхлитлик, суверенитет, мустақиллик тақдири бошқа мамлакатлар қўлида.

Мен сўнгги кунларда Дўстум билан ва бошқа етакчилар билан гаплашдим, улар ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрликларини айтиб жуда руҳлантиришди — улар ҳар қандай ҳолатда ҳам мен билан эканликларини изҳор этишди. Агар тинчлик музокаралари бошланса — бу етакчилар ва  «Толибон» ўртасида ҳам тинчлик бўлиши керак, агар уруш бўлса — улар ҳам уришади.

— Сиз Тожикистондан ёки бошқа хорижий давлатдан ёрдам оляпсизми?

 — Йўқ. Биз қандайдир ёрдам ёки қурол олганимиз ҳақида кўп миш-мишлар юрибди. Аммо афсуски, бугунги кунда бирор давлат афғон қаршилик ҳаракатига ёрдам кўрсатмади. Бизда бори – шу вақтгача Афғонистон халқида бўлганлари.

Сиз ўзингиз сўнгги кунларда мулоқот қилган мухолифат етакчилари ҳақида айта оласизми?

— Албатта, мен маршал Абдулрашид Дўстум, Ато Муҳаммад Нур, Исмоил Хон, Абдулла Расул Сайяф, Ҳазрат Али ва бошқалар билан — айни вақтда Кобулда уй қамоғидаги каби ҳолатда бўлган Ҳамид Карзай, Абдулла Абдулла билан гаплашдим. Мен жуда кўпчилик билан мулоқот қилдим.

 — Сизнингча, Ғани режими нега бу қадар тез қулади?

— Сабаблар кўп, бу кутилган эди. Мен ҳукуматнинг ўзим таниш бўлган ҳар бир вакили билан гаплашдим, барча хорижлик вакиллар билан ҳам гаплашдим — элчилардан тортиб америкалик генералларгача ва элчи Халилзод  билан ҳам Афғонистоннинг қурилиши, мамлакатда қандай сиёсий муаммолар борлиги хусусида фикр алмашдим.

Мен америкаликлар олиб кетилгач, Афғонистон бир неча ой эмас, бир неча ҳафта ҳам туриб бера олмаслигини айтгандим. Уларнинг баҳоларига кўра, ҳукумат икки йилгача сақланиб туриши керак эди. Ҳатто мен ҳам ҳақ бўлиб чиқмадим. Бу шунчалик тез содир бўлишининг сабаблари — коррупция, худбинлик сиёсати ҳамда улар ва халқ ўртасидаги улкан, вайронкор жарлик.

Яна битта сабаб шундан иборатки, афғон армияси Американинг шартнома асосидаги аскарлари ва унинг кўмагига шунчалик узоқ вақт давомида боғлиқ бўлиб келганки, бусиз у фаолият юрита олмай қолган.

Уларнинг (америкалик ҳарбийлар — РБК) тез кетиши қўллаб-қувватловда, таъминотда ва қўмондонликда вакуум ҳосил қилган — ва армияда саросималик бошланган, жанговар руҳ тушиб кетган ва буларнинг барчаси шундай тартибсизликларга олиб келди.

 — Толиблар бошқарувидаги давлатда яшашни истамайдиган лекин кета олмаётганларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

— Панжшер водийси — хавфсиз ҳудуд. Халқаро ҳамжамият, минтақавий державалар, шу жумладан Россия «Толибон»га босим ўтказиб, Афғонистонни тарк этолмаганлар учун бу ҳудудни буфер зонага айлантириши мумкин.

Бу тинчлик музокаралари керакли натижага олиб келмагунча шундай одамлар қолиши мумкин бўлган эркин ҳудуд бўлиб қолиши керак. Улар бу ерда тинчликда ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлари мумкин. Бу бизда мавжуд вариантлардан бири.

Менимча, «Толибон» одамлар улардан нега қочаётганини англаши керак. Ишонаманки, бу «Толибон»ни уйғотувчи сигнал бўлиши керак. Улар (толиблар — РБК) ўзгариши керак, одамлар қочишни истамайдиган ҳукумат тузишлари кераклигини тушунишлари керак. Одамларнинг қочиши улар жуда қўрқаётганини ва ҳозирги вазият уларга ёқмаётганини кўрсатади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг