Ҳасрат тарихи ва таърифига қисқа назар

0
1745

Сўзни «ҳасрат»дан бошлаш ноқулай, лекин, начора, бунёд бўлгандан бери ҳасратлари аримаган дунёда умргузаронлик қилар эканмиз ҳасрат ҳақида сўзлашга мажбурмиз.

Одамато билан момо Ҳавво ер куррасига тушган пайтда уларга хурсандлик эмас, ҳасрат ҳамроҳ бўлган, қувонч эмас, қайғу уларни қаршилаган.1

Ҳасан ал-Басрий дейди:

«Одам алайҳиссалом жаннатдан ерга туширилгандан сўнг 300 йил кўз ёш тўккан».2

Ваҳб ибн Мунаббиҳ дейди:

«Одам алайҳиссалом йўл қўйган хатосидан кейин бошини осмонга кўтармай қўйди. Жаннат кўйида 300 йил тинмай юм-юм йиғлади».

Абдурраҳмон ибн Собит дейди:

«Одам тўккан жола билан ер аҳолисининг жоласи таққосланса, Одам жоласи ер аҳлиникидан ўтиб кетади».

Бу кўргилик етмагандай, дилбандлар можароси Ота-Она ҳасрати устига яна янги ҳасратни юклайди. Қобил нафс амри билан туғишган биродари Ҳобилни қатл этади.

“Унинг нафси ўз укасини ўлдиришга шиханг берди, филҳол уни ўлдирди. Шу боис зиёнкорлардан бўлди.  (Сўнг қилмишиганадомат айлади.”3

(Моида 30-31 оятлар.)

Шундай қилиб, одамзод Ер планетасига қадам қўйган лаҳзадан бошлаб ҳасрат у билан бирга одим отади. Дам каттайиб, дам кичрайиб, ҳанузгача сайёра саҳнасида сайр этади.

Жаннатдан қувилиш бир ҳасрат, Ерга тушгач, қотилликка дуч келиш иккинчи ҳасрат. Шунга кўра, «ҳасратнинг ер юзида пайдо бўлганига фалон минг йил бўлган» деб аниқ бир санани қайд этиш қийин. Ҳасрат башарият тарихига уйғун. Унинг ибтидоси, ҳойнаҳой, Одам исён қилган кунга тўғри келса, ажаб эмас. Тоҳа сурасининг 20-оятида ушбу хабар келган:

Одам ва Ҳавво ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди, (шундаўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди…

Айтишларича, маъсиятнинг шум оқибаталаридан бири авратнинг кашф бўлиши экан. Яъни, гуноҳкорга берилган илк жазо унинг берк ўринлари, ҳеч ким кўрмаган, билмаган нозик жойларининг фош бўлишидир. Бу эса орият аҳли учун, иззат-нафси бор инсон учун энг катта ҳасрат ва хасорат эрур.

Хўш, ҳасрат ўзи нима?

Ҳасрат – الحسرة асли арабча калима бўлиб, ўзбек тилида бир неча маъноларни ифодалайди. Жумладан, қайғу, алам; дард, оғриқ; азоб чекиш; зориқиш, соғиниш. Шикоят, нолиш каби ҳолатларни ифодаловчи гап-сўзлар ҳам ҳасрат дейилади.

Журжоний «Таърифот»ида: Ҳасрат – ғам-андуҳ, ҳафагарчилик, афсус-надомат ва хўрсинишнинг энг охирги нуқтасига етиб боришидир, деб таъриф берилган.

Ҳасрат- бир мамлакат ё бир миллатга хос эмас. У жумла жаҳон муаммоси, умумбашарни қамраган бало-офат. Ҳар бир замон ва ҳар бир маконда рўй берган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий қинғирликлар оқибати: ҳақсизлик босқонидан отилган нидо.

У – инқироз инъикоси, инфляция ингроғи, йўқлик садоси, табақачилик самараси, ирқчилик ҳосиласи. Тенгсизлик, жабру жафо, зулму ситам пайдо қилган ўлат. Ҳасад ва ғийбат, туҳмат ва зулмат, жаҳолат ва ҳамоқат бор жойда топилиши муқаррар иллат. Дил тирналганда тилдан отилган аччиқ нола ва фиғон. Зўравонлик бор ерда албатта, ҳасрат бўлади.

Тақчилликдан ҳасрат туғилади, зуғум уни ўстиради. Шунга биноан, ҳасрат борасидаги сўзимиз муайян бир минтақага, баайни бир шахс, ё миллатга қаратилмаганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Зеро ҳасрат – кўпга келган тўй. Дунёда манман деган давлатлару, манаман деган донгдор шахсларнинг ҳам ўзига яраша ҳасрати бор. Ютуғи каби камчилиги, қувончи каби қайғуси бор.

«Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу», «Ҳар ернинг ўз ботмони бор»… Уммон ортининг уммондек ҳасратлари бугунги кунда кимгадир мажҳул бўлса, кимгадир маълум. Тақдир шўроларга яшириб қўйган туҳфа ҳам кўпга аён бўлмаган. Басират аҳлининг башорати писанд қилинмаган.

Ота мерос бу ирсий дард вақт ўтган сайин кучайиб борди. Аввалига йил сайин, кейинроқ ой сайин тури ва сони ортиб борган ҳасрат охирги икки асрга келиб, кун сайин, соат сайин жадаллашди. Жаҳонда ҳасратсиз соҳа, беҳасрат банда қолмади. Жамиятнинг «алифи»дан «ё»сигача бу дардга мубтало.

Дўкайнинг ҳасрати ўзига яраша, ҳақирники ўзига яраша. Ота-она ҳасрати ўзгача, боланики бошқача. Бир томонда ҳоким, бошқа бир томонда маҳкум ҳасрат қилади. Ҳакимнинг ҳасрати хастаникидан қолишмайди. Бозор, кўча-кўй, ишхона, уй ва ҳатто саройдан ҳасрат ғижжагининг мунгли оҳанги таралади.

Матбуот, радионинг бирида нуқул ютуқ ва хурсандлик кўпиртирилса, бошқасида камчилик бўрттирилади… Бир минтақада иқтисодий ҳасрат кучайган, бошқа минтақада сиёсий ҳасрат авжига минган. Бир жойда диний, бошқа жойда миллий низолар. Ижтимоий дард шамоли гоҳ майин эсса, гоҳ тўзиб кетади. Мустамлакадан инграган қанча, истибдоддан «дод» деган қанча?

Бинобарин, замин забони ҳол билан «юрагим зардобга тўлган, осту устим остин-устун, бағри дилим хун, моматалоқ танамнинг ҳар бир қаричида алам бор», деб инграётир. Шунга кўра, ҳаёт ҳасратдан мосуво эмаслигида иккита оқил мунозара қилмайди, деб ўйлайман.

Башарият босиб ўтган заҳматли йўл бунга очиқ далил. Одам ва оғриқ, ҳаёт ва ҳасрат қўш ғилдиракли аравага ўхшайди.

Оламга боқсанг ҳосили бошдин оёқ кулфат эрур,

Бир роҳатининг кейнида беҳадду сон меҳнат эрур.

Бир ошеқиким, лаҳзаё топса висоли дилбарин,

Доим ҳамул бечораға сўнгра ғами фурқат эрур.

Ҳар кимсаким, коми дилин гар топса ондин ҳар нафас,

Андин насиби борҳо ҳирмон ила ҳасрат эрур.

Йўқдур жаҳонға эътимод ушбу жиҳатдин, эй кўнгул,

Ким инқилоб этмак анга даврон аро одат эрур.

Ҳаргиз Табибий, кўнглингга келтурма фикре бешу кам,

Ким ани севмас даҳр аро ҳар кимиким, хушбахт эрур.

Аҳмад Табибий.

(1869-1911)

Лекин ҳамма ҳасрат ҳам бир хил бўлавермайди. Атама бир хил, моҳият ҳар хил. Ҳасрат билан ҳасратнинг фарқи бор.

Советлар даврида Мир Алишер Навоийнинг:

Йўқ даҳрда бир бесару сомон мендек,

Ўз ҳолига саргаштаю ҳайрон мендек,

Ғам кўйида хонумони вайрон мендек

Яъники, алохону аломон мендек, –

деган ҳасратнамо байтларини ва айрим тарихий ҳодисаларни дастак қилиб, «Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқларининг тарихи ғоят машаққатли ва фожиали», «Беруний ва Ибн Синонинг реакция таъқиби натижасида чеккан азобу уқубати, Улуғбекнинг фожиали тақдири, Навоийнинг фарёди тасодифий бўлмай, ўз замонасининг қонуний ҳодисасидир», деб муаззам ўтмишга нохолислик билан ноҳақ ҳукм чиқарилган.

«Ниҳоят, Улуғ Октябрь туфайли омманинг ижодий фаолияти учун олижаноб замин вужудга келди: меҳнаткашлар социалистик хўжаликнинг хўжайини ва ташкилотчиси бўлиб қолдилар, мамлакатнинг давлат ва ижтимоий ҳаётини қуриш ва бошқаришда актив иштирок қила бошладилар», деб совет тузуми мақталган, қоп-қорани оппоқ қилиб тасвирланган.

«Агар 1917 йил бўлмаганида, Ленин партияси бўлмаганида, Октябрь қуёши чарақлаб чиқмаганида… Туркистон асрий қоронғуликдан қутулолмас эди. Революция минглаб қашшоқ ва фақирлар, эзилган ва хўрланган элларга янги ҳаёт эшигини очиб берди», деб мустамлакани нажоткорга чиқарилган. «Биз номи йўқ қашшоқ, гадо эдик», дейишгача етиб борилган.

«Бўронлар қанотида келган Улуғ Октябрь мусаффо, ғуборсиз ҳаёт самосида асло ботмайдиган, сўнмайдиган мангу бахт қуёшини кўтарди!.. Улуғ йўл устида Октябрь қуёши порлади. Мазлумларнинг зориқиб кутган улуғ куни туғилди», деб нафақат хат-саводсиз авомни, балки диний-дунёвий китобларни ўқиган саводли кишиларни ҳам «сеҳрлаб» қўйилди.

«Ботмайдиган», «сўнмайдиган» «бахт қуёши» «пуф» деганда ўчган шамдек, 91-йил шомида бир липпилаб ўчиб қолди. Бўрон тугул, шамол ҳам турмаган эди, лекин анча нураб қолган экан, ичкарида эсган енгил шабадани кўтаролмай қулади.

Шундай қилиб, «17-йилда туғилган мазлумлар зориқиб кутган улуғ кун» 91-йилда оламдан ўтади. Унга қабр тоши ўрнатиб, «1917-1991 йил. Мазлумлардан ёдгорлик» деб ёзиб қўйгани ҳеч ким ҳафсала қилмади.

 Уларга осмон ҳам, ер ҳам кўз ёш тўкиб йиғламади… (Духон 29-оят)

То 1991 йилгача 17-йил тараннум этилган эди. Тараннум этганлар юқорига кўтарилган эди. Ҳозир эса ўша «мангу улуғ кун»нинг ўлимини мотам эмас, байрам қилиб нишонланмоқда. Бу ёғи «кимга – тўй, кимга – аза»…

«Эгри иш эллик йилдан кейин ҳам эланар» деган ҳаётий ҳақиқат асримизда қайта ўз исботини топди. Ишлар миридан-сиригача фош этилди. «Фаровон инсонлар» ҳасрат қозонида 70 йилдан ортиқ димланиб ётган эканлар. «Ҳур» дегани хор, «эркин» дегани тутқун бўлиб чиқди. Буни тузум тагига сув кетгандан кейин пайқаб қолинди.

«Саводли кишиларни ҳам «сеҳрлаб» қўйилган» дегани ҳаводан олинган қуруқ гап эмас. 91-йилгача ёзилган асарлар ва кейинги эътирофлар одамларнинг сеҳрланганига – эс-ҳушлари олиб қўйилганига далолат қилади.

«Эътиқодимни нега ўзгартирдим?» мақоласининг муаллифи ўтмишни хотирлаб дейди:

«Биз бахтиёр эдик ва бахтиёрлигимиз учун меҳрибон отамиз – доҳий Сталинга раҳматлар айтишдан бўшамасдик. Табиийки, у пайтларда биз дунёни боланинг кўзи билан кўрар, кўрганларимизни боланинг ақли билан идрок этар эдик – бизни исталган кўйга солса бўларди, биздан исталган қўғирчоқни ясаш мумкин эди. Бизга нимани уқтирсалар, шуни ҳақиқат деб қабул қилардик. Қулоқдан кирган панд-насиҳатлар, кўзимиз кўрган шиору чақириқлар юрагимизга бажарилиши шарт бўлган ҳарбий буйруқлардек ўрнашиб қоларди.

Комсомол билети биз учун энг муқаддас ашё эди – уни кўз қорачиғидай асрардик.

Комсомоллик йилларимиз уруш даврига тўғри келди. Биз ҳали ҳам юпун, чала қурсоқ эдик, яшаш шароитимиз жуда қолоқ ва оғир эди. Турмушда ҳали тузукроқ рўшнолик кўрганимиз йўқ, хонадонларимизда биримиз икки бўлгани йўқ, юртимиз ҳам ободончиликдан йироқ эди. Биз буларнинг барини урушга йўярдик-да, ҳамон ўзимизни бахтиёр ҳисоблардик.

Тўғри, юрагимизнинг алла-қаерида шу бахтимиз кемтиклигини ғира-шира ҳис қилардик. Лекин «Нега шунақаБу кемтиклик нимада?» деб ўз-ўзимиздан сўрамасдик. Сўролмасдик ҳам. Биров ман этгани учун эмас, балки сўраб ўрганмаган эдик. Умуман, советча ҳаётимизнинг бирор жиҳатига шубҳа билдириш, бирон ишимизга шак келтириш ёки ақидамиздан гумон қилиш бизга ёт эди.

Биз бахтиёр эдик, чунки бизга «Сенлар — бахтиёрсан» деб уқтиришган эди. Биз Сталиннинг фарзандлари эдик».

Озод Шарафиддинов

«Тафаккур» журнали 1997 йил, 10-сон.

Майли, ўтган ишга – салавот, қолган ишга – баракот. Бундан буёғини Ҳақнинг Ўзи ислоҳ қилсин, ортда қолган ул қаро кунлар асло қайтиб келмасин, қайтаришга уринаётган ношудларнинг режасини барбод этсин, авлод аждодидек алданмасин.

«Ўзингдан ўтган айб, қаерга борсанг – ҳайб». Ҳаммасига аслида ўзимиз айбдор. Бировдан ўпка-гина қилиш бефойда. У хатолар такрорланмаслиги учун ўтмишдан сабоқ олиш эса кони фойда. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ:» لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ»

Бухорийда келган ҳадис: «Мўмин бир чақилган индан икки марта чақилмайди», деб хатодан хулоса чиқаришни ўргатган.

Араб масали: «Агар ўзинг эгилмасанг, биров асло сенинг устингга минолмайди», деб уқтирган.

СССР, унинг асосчилари, арбоблари ҳақида танқидий сўз айтиш, фикр билдириш кеча қанча қийин бўлса, бугун шунча осон бўлиб қолди. «Қайта қуриш» давридан қўрқиб-писиб, ўта эҳтиёткорлик билан бошланган очиқ сўзлаш кейинчалик дадил тусга кирди. СССР чилпарчин бўлгандан кейин умуман бошқа босқичга ўтилди. «Ёв йўғида – ҳамма ботир» бўлиб қолди. Бора-бора «СССР, Ленин, Сталин» деган атамаларнинг сийқаси чиқиб кетди.

Сири фош этилган партия раҳнамоларининг чиркин қилмишини ўқиган киши улардан жирканмай иложи йўқ. Уларни фош этган китоблардан бири Игорь Буничнинг (1937-2000) «Партиянинг олтинлари» китобидир. Китобни Озод Шарафиддинов (1929-2005) мумтоз таржима қилган.

«Сўз олтиндан қиммат» деганларидек, Раҳмон Қўчқор фикрни очувчи олтиндан қиммат муқаддима билан китобни янада бойитган. Асарни ўқигач, ўқувчида кеча билан бугунни солиштириш имкони туғилади. Олтинга ҳарис компартия раҳнамолари ҳамда уларга пайров раҳнамоларни қиёслаш осонлашади.

Ёритмоқчи бўлган мавзумиз ҳасрат ҳақида бўлгани боис ҳасратга кон у даврга тўхтамасликнинг иложи йўқ. Шунинг учун сийқаси чиққан калималарни ишлатишга мажбурмиз.

Ўтмишдан оғиз очилса, баъзиларнинг энсаси қотади. Ўтмиш энсақотар мавзу эмас. Ҳатто Қуръон ўтмишдан сабоқ берган. Бу билан инсониятга ўзининг тарихини муҳофаза этган. Зотан, тарихни ғубор қопламаслиги учун унинг ҳар бир саҳифасини дам-бадам варақлаб туриш зарур. Шунда, айтилмаган нарсаларнинг кўплиги аёнлашади, шунда, қопқон билан қалқон, дўст билан душманни ажратиш осон кечади.

Ҳақ таоло:

(Эй Росулим, уларга«Ер юзида сайру саёҳат айлаб, аввалгиларнинг оқибати – (аянчли ниҳоясиқандай бўлганини кўриб қўйинглар!» – деб айтинг! деб фармон берди. (Рум 42-оят.)

Изоҳлар:

  1. Одам ва Ҳавво вужудини инкор этиб, ўзини маймун сулоласига нисбат берган идроксизларнинг ботил назарияси ўзи каби шармандаликка юз тутган. Агар 1871 йил-даёқ маймун танасига Дарвиннинг (1809-1882) бошини қўйиб ҳажвий сурат чизилган бўлса, кейинроқ «У инсониятни таҳқирлади» деб қораланди. Дарвоқе, Чарлз Дарвин 1851 йилгача черковга қатнар эди, суюкли қизчаси тўсатдан вафот этгач, у бу муси-батни кўтаролмай черковни тарк этади. У «мен ҳеч қачон Илоҳ вужудини инкор этган эмасман» деган эди. (Маълумот «Википедия»нинг арабча бўлимидан олинди).
  2.  **Ибн Абуд Дунё «الرقة والبكاء» . «300 йил»ни ўқиб ажабланманг. Фан XXI асрга келиб, одамзоднинг гавдаси ҳозирги жуссасига нисбатан бир неча баробар катта бўлганини исботлади. Баҳайбат қушлар, гигант ҳайвонлар; (мамонтлар) ҳақида сўзлаган фан нимагадир ўша даврнинг гигант одами шаънида сукут сақлаган. Археологик қазилмалар натижасида топилган жисми ўта катта одам скелети оммадан сир тутилган. Бугун бу ҳақиқатлар ошкор бўлиб кетди. Гигант одамнинг ҳайвони ҳам ўзига муносиб бўлиши ҳақда ўйлаб кўрилмаган. Бироз кутилса, ўша давр одамларининг узоқ умр кўргани ҳам ошкор этилади.
  1. Шиханг бермоқ (шихангламоқ) – Бирор ёмон иш ёки ҳаракат қилишга ундамоқ, тезламоқ, гижгижламоқ; бировга қарши йўналтирмоқ.

Манба:  Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳимнинг ҲАМДАРД  асари  «ҚАЙҒУДОШ»НИНГ II ҚИСМИ “ҲАЁТ ҲАСРАТЛАРИ” бўлимидан олинди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг