Халқаро валюта жамғармаси: Ўзбекистон монетар сиёсатда тўғри йўлдан бормоқда

0
1878

Жаҳон молия тизимини мониторинг қилувчи институт – Халқаро валюта жамғармасининг исталган мамлакатдаги молиявий-иқтисодий вазият ҳақида тақдим этган ахбороти жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳаққоний ва холис, деб қабул қилинади.

Мазкур жамғарманинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари иқтисодиёти таҳлилига бағишланган навбатдаги тақдимоти 9 ноябрь куни Тошкентда ўтказилди. Бухақда ЎзА хабар бермоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Orient Finans Bank” кўмагида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, банк-молия институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича департаменти директори ўринбосари Юха Кяхконен ўтказган тақдимотдаги таҳлил ва прогнозларга кўра, бугунги кунда жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашган. Сўнгги пайтларда кузатилаётган хомашё нархларининг ошиши вақтинчалик ҳолат, у истиқболда яна пастлай бошлайди. Мисол учун, жорий йилда олтин ва бошқа металлар нархлари ўтган йилларга нисбатан бир неча фоизга камайган. 

Юха Кяхконеннинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари иқтисодиёти кўп сонли ва ўзаро боғлиқ хатарлар билан ҳам тўқнаш келмоқда. Хомашё нархининг қимматлиги, савдо ва чекловлардаги таранглик, қийин молиявий шароит шулар жумласидандир. Натижада пул-кредит сиёсати кун тартибига мураккаб масалалар чиқиб, бюджет хатарлари кўпаймоқда. Хусусан, давлатнинг умумий қарзлари миқдори ошмоқда. 

– Ўзбекистон иқтисодий тараққиёти ташқи омиллардан кўра кўпроқ ўзига боғлиқ минтақадаги ягона мамлакат бўлиб турибди, – деди Ю.Кяхконен. – Мамлакатингизда иқтисодий трансформация жараёни кечмоқда. Яъни монетар сиёсатга ижобий ўзгаришлар киритилди, нархлар эркинлаштирилмоқда, солиқ тизими қайта ислоҳ этилди, тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланмоқда, уларга солиқ ва божхона масалаларида имтиёзлар берилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатингиз иқтисодий ўсиш суръатларига ижобий таъсир этади. Мисол учун, жорий йилда ўсиш кўрсаткичи 5, 2019 йилдан 6 фоизга ошиши кутилмоқда. 

Халқаро валюта жамғармаси хулосасига кўра, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари инклюзив иқтисодий ўсишда ижобий натижаларга эришган, аммо прогноз қилинаётган яқин истиқболдаги ўсиш суръати билан ҳаёт даражасини яхшилаш учун минтақага 20 йил керак бўлади. 

Бу жараённинг самарадорлигини бюджет кенглиги, тизимли ислоҳотлар каби муҳим омиллар таъминлайди. Бунда солиқ-бюджет сиёсати адолатли ва ижобий бўлмоғи, юқори сифатли инвестиция, инсон капитали, ўсувчан хусусий секторни шакллантириш ва тизимли ислоҳотлар таъсирчанлигини ошириш учун давлат бошқарувини яхшилаш каби масалаларга асосий эътиборни қаратиш лозим. 

Тадбирда минтақадаги бошқа мамлакатлар билан солиштирганда Ўзбекистонда иқтисодий соҳа фаол ислоҳ этилаётгани таъкидланди. Халқаро валюта жамғармаси томонидан бу жараённи қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди. 

Монетар сиёсатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки етакчи вазифани бажаради. Айни вақтда мамлакатимизда нархларни эркинлаштириш бўйича ҳаракат бошланган. Бундай шароитда инфляция даражаси тез ўсиш эҳтимоли бўлади. Шу боис Марказий банк инфляция назоратини ушлаб туриш борасида фаол чоралар кўраётир. Хусусан, сентябрь ойида қайта молиялаш ставкасини ошириш бўйича қарор қабул қилинди. 

Тақдимот доирасида Халқаро валюта жамғармаси томонидан мамлакатимизда инфляциянинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. 

– Бюджет харажатларининг ҳаддан ташқари ошиб кетишига йўл қўймаслик ва монетар сиёсатни қатъийлаштириб боришни ўз ичига олган бу тавсиялар муҳим аҳамиятга эга, – деди Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Илҳом Норқулов. – Асосий вазифамиз инфляция паст даражада бўлишини сақлаб туришдан иборат. Аммо нархларнинг эркинлаштирилиши инфляциянинг ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, биз монетар сиёсатни олиб боришда максимал даражада пул-кредит шароитларини қатъийлаштириб, инфляция даражасини пасайтириб борамиз. 


Малоҳат Ҳусанова, ЎзА    

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг