Пайшанба куни Фаластинда дастлабки коронавирус ҳолатлари қайд этилди. Шунинг учун ҳукумат шаҳарларга ва диққатга сазовор жойларга ташриф буюрувчи сайёҳларга икки ҳафталик чеклов эълон қилди.
«Биз 14 кун давомида сайёҳларнинг мамлакатга кириб келиши ва барча шаҳарлардаги меҳмонхоналарга чет элликлар қабул қилинишига йўл қўймасликка қарор қилдик», деди туризм вазири Рула Мааяҳ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қуддус жанубидаги Байтлаҳм ҳудудида етти кишида вирус борлигини маълум қилган.
«Ҳозир улар карантинда даволанмоқда», дейилади вазир Май ал-Кайланинг баёнотида. 5 март куни Байтлаҳмдаги мактаблар, университетлар ва масжидлар ҳам ёпилган. Шунингдек, 27 мартга белгиланган Фаластин марафони ҳам кейинга қолдирилган.
6 мартда берилган маълумотларга кўра, коронавирус дунёнинг 80 га яқин мамлакатига етиб келган бўлиб, ушбу вирус 95000 дан ошиқ одамда аниқланган ва улардан 3 200 дан ортиғи вафот этган.