Душанба куни Франция президенти Эммануэль Макрон G7 давлатлари Амазонка ўрмонларидаги ёнғинни бартараф этиш учун 20 миллион доллардан ошиқроқ маблағ ажратганларини маълум қилди. Амазонкадаги ёнғинларни глобал фавқулодда ҳолат деб ҳисоблаган Макрон офатни G7 саммитининг кун тартибидаги асосий масалалардан бири, деб атади ва аъзо давлатлар ёрдам беришга тайёрлигини айтди.
«Биз дарҳол Амазонкада жойлашган мамлакатларга камида 20 миллион евро (22 миллион доллар) миқдорида молиявий ёрдам таклиф этамиз», деди Макрон Бразилия Президенти Жаир Болсонаро билан бўлган суҳбатда.
Рекорд даражадаги ёнғинлар дунёнинг энг катта ўрмони ҳисобланувчи Амазонкани вайрон қилмоқда ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Чунки бу ўрмонларнинг глобал муҳитга таъсири катта. Ушбу ёнғинлар атайлаб содир этилган, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
Саммит якунида Канада бош вазири Жастин Трудо ёнғинни тўхтатиш учун Бразилияга сув бомбардимонларни юборишини ва 11.3 миллион доллар ёрдам беришини маълум қилди.
Чили президенти Себастиан Пинера ушбу саммитга таклиф қилинган эди ва G7нинг ёрдам режаси икки босқичда амалга оширилишини маълум қилди.
“Амазонкага зудлик билан ўт ўчирувчилар ва махсус сув бомбардимончиларини юбориш – дарҳол амалга ошириладиган биринчи қадам бўлади. Иккинчи босқич – бу ўрмонларни ҳимоя қилиш, улар таркибидаги биологик хилма-хилликни сақлаш ва дунёнинг ушбу минтақасидаги ўрмонларни қайта тиклашдан иборат”, деди Чили президенти.