Диннинг молия ва суғуртадаги роли

0
1626
Коллаж/О.Норов

Вақт ўтиши билан жамиятимизда янги тушунча ва хизматлар пайдо бўлаверади. Баъзи инсонлар учун ушбу янгиликларга ўрганиш катта қийинчилик туғдиради ёки кўп вақт керак бўлади.

Ўзбекистонда ана шундай янгиликлардан бири – Ислом молияси. Бу ҳақда мақола ёзишга тайёргарлик кўриш жараёнида соҳани тушунадиган мутахассисларнинг жуда камлиги сезилди. Эртами, кечми аҳолисининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун Ислом молияси оммалашишини тахмин қилиш мумкин. Демак, бу тизим ҳақида кўпроқ ёзиш давр талаби ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, Ислом молияси соҳасининг салоҳияти Ислом банклари, такафул (исломий суғурта), ислом молия муассасалари, сукук (исломий қимматбаҳо қоғозлар), Ислом жамғармалари фаолияти орқали баҳоланади.

Ушбу мақолада Ислом банклари ва суғуртаси тизимини ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Ислом молияси нима?

Одамлар диний эътиқотидан келиб чиқиб, турли маҳсулот ва хизматларни танлайди. Масалан, ҳалол озиқ-овқат, ибодат қилиш учун шароити мавжуд меҳмонхона, жамоат транспорти, шу билан бирга пул муомаласи билан боғлиқ хизматлар. Ушбу хизматлар ҳақида нафақат истеъмолчилар, шу билан бирга, диний эътиқотидан қатъи назар хизмат кўрсатувчилар ҳам хабардор бўлиши лозим.

Ўзбекистонда диний эркинликнинг кенгайиши натижасида молиявий соҳадаги исломий хизматларга қизиқиш ва талаб ортмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Ислом молияси ислом ҳуқуқи асосида ишлайдиган тизимдир. Шартнома ва битимларда адолат ва тенг шарт-шароитни таъминлаш унинг асосий тамойил ҳисобланади. Шунингдек, судхўрлик, “ғарар” (иштирокчилардан бири шартнома бўйича тўлиқ ахборотга эга бўлмагани туфайли ўзини катта хатарга рўбарў қилиши) ва “майсир” (қимор ўйинлари ва чайқов амалиёти) тақиқланади.

Ислом банклари қандай тизимда ишлайди?

Анъанавий банкларда пул даромади кафолатланган сотиш ёки ижарага бериш мумкин бўлган маҳсулот сифатида кўрилади, чунки берилган қарз маблағларини йўқотиш хавфи жуда кам. Ислом банклари эса ўзини бизнес бўйича ҳамкордек тутади ва ҳамкорликнинг турига қараб хавфларни бўлишади. Банк ва мижоз ўртасида хатар ва йўқотишларнинг ўзаро бўлиниши нуқтаи назаридан Ислом молияси адолатлироқ, молиявий барқарор ҳамкорлик муҳити яратилишини таъминлайди.

Ислом бир томоннинг бошқа томон тарафидан ҳар қандай кўринишда бўлмасин эксплуатация қилинишини тақиқлайди ва шу орқали ўзаро келишаётган томонлар ўртасида бойлик ва фаровонликка эришишда асосий саналган ишонч, ишбилармонлик муносабатларида эса ҳамкорлик ва тўғрилик муҳитини яратади.

Демак, Ислом банклари ўз мижозлари билан ҳамкорлик қилиш орқали тадбиркорликнинг ҳар қандай турига хос бўлган хатарларни улар билан бўлишади. Хатарларни бўлишиш даражаси эса лойиҳалаштирилаётган тадбиркорлик лойиҳаси ҳамда молиялаштириш учун қўлланилаётган маҳсулот турига боғлиқ.

Ислом банклари хизматларидан фойдаланишда қандай муаммоларга дуч келиш мумкин?

Ҳозирги вақтда дунёнинг нафақат мусулмон ўлкаларида, балки Европа давлатларида, Канада, Филиппин ва Сингапур каби мусулмонлар ҳамжамияти озчиликни ташкил қиладиган 80 дан ортиқ мамлакатида 1400 га яқин ислом молия муассасалари мавжуд.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда фаолият юритувчи ислом банклари 1970 йилларда бу тизим асосчиларини илҳомлантирган фалсафий ва олиймақом асосдан муайян даражада фарқ қилади.

Ҳозирги кунда Ислом банкларининг қуйидаги шакллари мавжуд:

– банклар ва банк бўлмаган молия муассасалар;

– йирик ва майда, ихтисослаштирилган ва диверсификация қилинган;

– анъанавий ва инновацион;

– миллий ва кўп миллатли;

– эҳтиёткор ва эҳтиётсиз;

– қатъий тартибда бошқариладиган ва эркин ва ҳ.к.

Айрим ислом банклари, айниқса анъанавий банкларнинг «исломий дарчалари» анъанавий банкларга тақлид қилишса, бошқалари анъанавий банкларлардан кескин фарқ қилади. Баъзилари илоҳий қонун-қоидалар асосида фаолият юритса, бошқалари диндан мижозларни жалб қилиш усули сифатида фойдаланади. Муаммо шундаки, ислом банкчилигининг соф ғоялари обрўсига жойлардаги воқелик сабаб путур етиши мумкин. Агар бу соҳа ривожи учун керакли қадамлар қўйилмаса, яъни асл ислом банк-молия соҳасининг ўзига хос жиҳатлари ва энг асосийси унинг руҳияти ўрнатилмаса, жамиятдаги бу соҳага бўлган ишонч йўқолади.

Ислом банкчилиги хилма-хил муаммоларга дуч келади. Шунга қарамай, асосий вазифалардан бири – ушбу соҳанинг пайдо бўлишига сабаб бўлган ҳолатга қайтмаслик.

(Ж.Имамназаров, Х.Нусратхўжаев, М.Низамиддинов фикрларидан фойдаланилди)

Ислом суғуртаси тизими қандай ишлайди?

Кўп йиллар суғурта ташкилотида ишлаган инсон сифатида биламанки, суғуртанинг ихтиёрий турларига аҳоли ўртасида талаб жуда паст даражада. Одамлар ўз соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етиши ҳақида ўйлашдан қочади. Ҳатто суғурта компанияларининг амалдаги хизматлари шариатга қанчалик мос келиши муҳокамаларга ҳам сабаб бўлади. Аммо соғлиқ ёки мол-мулкка қачон ва қаерда зарар етишидан ҳеч ким кафолатланмаган.

Ўз-ўзини турли нохуш хатарлардан сақлашнинг шариатга мувофиқ бўлган ечими – такофул дейилиб, у анъанавий суғурта тизимининг муқобили ҳисобланади.

Ислом молияси каналида қайд этилишича, Ислом молиясига мувофиқ суғурта – бу ўзаро ёрдам, бирдамлик ва умумий кўмак тамойилларига асосланган бўлиб, манфаатдорлар дуч келадиган турли фалокат ва кўнгилсиз ҳолатлар, масалан, мол-мулкдан айрилиш ёки уларга зарар етиш каби ҳолатларда ечим ҳисобланади.

Бошқача айтганда, такофул жамоавий суғурта тизими ҳисобланади.

Одатда бундай суғурта шартномалари ўзаро ёрдам ва хайр-эҳсон асосида тузилади, турли хатарлар туфайли вужудга келган зарар ёки йўқотишлар аъзолар ўртасида адолатли тақсим этилади, яъни кўрилган талафот ўрни аъзолар томонидан киритилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Аҳолисининг 96 фоизини мусулмонлар, қолганларини христиан, яҳудийлик ва бошқа дин вакиллари ташкил этадиган Ўзбекистонда исломий банклари ва суғуртаси тизиминининг оммалашиши банк ва суғурта хизматларига нисбатан талабнинг кенгайишига хизмат қилади. Бунинг учун ушбу хизматлар ҳақида кенг тарғибот ишларини олиб бориш керак.

Бир-икки мақола орқали исломий банклар ва суғурта тизими моҳиятини очиб бериш бир оз мушкул иш албатта. Ушбу масалаларга одамларнинг қизиқиши ва талаби ортаётгани, бундай хизматларни кўрсатувчи ташкилотларнинг мамлакатимизда пайдо бўлаётгани мавзуга қайта-қайта мурожаат қилишни ҳамда тор масалаларда мақолалар ёзиш заруратини талаб этади.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг