Польша тарихи ва маданияти қирраларининг Ўзбекистондаги жилоси

0
1496
Фото: М.Тошпўлатова

Мустақил Ўзбекистон ва Польша Республикаси. Бу икки мамлакатни нима боғлайди?

Марказий Европада жойлашган замонавий, демократик давлат бўлмиш Польша Республикаси 38 миллионга яқин аҳолига эга, ҳудуди 312 679 км кв. Бошқа маълумотларни тўлиқ ҳолда интернет саҳифаларида билиб олишингиз мумкин.

Мен болалагимдан бери юртимизда поляк деган элга мансуб одамлар ҳам яшашини, баъзилари “ўзбек бўлиб кетганини” ота-онамдан эшитиб катта бўлдим. Ўзим ҳам уларни кўриб турардим. Бола тасаввурим поляклар бизнинг шаҳарга қанчалар олисдан ва нега келиб қолганини  англамасди. Кейинроқ эса Ўзбекистонда кўплаб “бошқа халқлар” – корейс, рус, арман, турк, грек, циган, молдован, татар, бошқирд, нўғой маҳалладошларим, боғча, мактабдошларим билан чамбарчас улғаяр эканман, мен учун турли миллатлар вакилларининг бирга-бирга яшаши ҳеч қандай савол туғдирмади.  

Мен бугун Польша Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари –  пани Агнешка Марчак ва пан Гжегож ҳамда ўзбек тарихчилари билан Тошкентда одамлар Шаҳидлар Ҳиёбони дея атайдиган сўлим маскан, Қатағон қурбонлари хотираси Давлат музейида учрашдим. Энди менда уларга баъзи саволлар бор эди. Польшаликлар бу саволларимга жавоб беришди. Уларнинг жавобларидан нималар ҳақида сўраганимни билиб олишингиз мумкин.

Шуҳрат Саломов, тарихчи, публицист:

1941 йилда Польшанинг қувғиндаги ҳукумати бошлиғи Цикорский Иосиф Сталин билан мулоқот олиб бориб, совет Иттифоқининг Буюк Британиядаги элчиси Майский ўртасида имзоланган англашмага кўра, барбод бўлган Польша давлатининг СССР ҳудудига сургун қилинган поляк аскарларини тўплаб, поляк армиясини қайта тиклаш қарори қабул қилинади. 1941 охири, 1942 йил бошида Ўзбекистоннинг Янгийўл райони (эски Вревский) да бу амалга оширилади.

Фото: М.Тошпўлатова

1939 йили 1 сентябрда II Жаҳон урушини Гитлер Германияси Польшанинг Гданьск шаҳрини бомбардимон қилишдан бошлаган. 16 кун ўтгач, 17 сентябрда СССР нинг Польшага бостириб кириши билан II Жаҳон уруши бошланган. Айнан шу II Жаҳон урушида Польша билан СССР нинг муносабатлари қандай эди?

1941 йил Сталин Гитлер ҳамласидан зарба олади ва душман Москва остоналарига яқинлашиб қолган пайтда поляк армиясини қуришга қарор  беради. Шундай қилинади ҳам. Бутун СССР даги турмалар – қамоқхоналардан, Сибирь, Сахалин, Колыма, Новая Земля деган жойларда сургунда юрган поляклар  Ўзбекистонга йиғиб келтирилади.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 17 та жойида – Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Фарғона, Хоразм ва Қорақалпоғистонда генерал Андерс армиясига тегишли бўлган аскарларнинг қабрлари мавжуд. Ҳаммаси ҳокимликларимиз томонидан ободонлаштирилган. Бу албатта Польша элчихонаси томонидан миннатдорлик билан эътиборга олинган. Ҳар бир қабрнинг устига марҳумнинг номи ёзилган.  Қабрлар сони 3 мингга яқин деб кўрсатилган, лекин бу кам кўрсатилган маълумот деб ҳисоблаймиз. Чунки бизнинг йиғган маълумотларимизга кўра 1939 йилда II Жаҳон уруши бошланганида Польша ҳудудига бостириб кирган Совет армияси асирга олган одамларнинг сони 1.5 миллион бўлган. Кўплари Сибирда совуқдан қирилиб кетган.

1941-1942 йил боши давомида булардан омон қолганлари Ўзбекистонга йиғила бошлади.  Демак, поляк армияси шу ерда тўпланиб, кийинтирилиб, тўйдириб, Ашхобод орқали Каспий денгизидан Эронга олиб ўтилди. Генерал Андерс армияси II Жаҳон урушида Эрондан ўтиб, Яқин Шарқ ва Италиядаги Озодлик курашида қатнашди.

Польша Армиясининг асоси Ўзбекистонда қўйилгани учун поляк диаспораси ва Польшанинг Ўзбекистондаги элчилиги бу тарихга жуда бир бошқача қарайди. Улардан тирик қолиб, ўз элига қайтиб борганларининг ёзишларича, Сибирдаги совуқ сургундан сўнг Ўзбекистонга келиши уларнинг жонини сақлаб қолган. Сўнг, айтганимиздек, 16 мингга яқин поляк аскарлари оилалари билан Эронга ўтган.

Йўқ бўлиб кетган, харитадан сидирилиб ташланган давлатнинг мустақил армияси Ўзбекистон ҳудудида ташкил топди. Бу оламшумул воқелик эди.  Кимлардир, бунда Ўзбекистоннинг аҳамияти йўқ, бу СССР таркибидаги ҳудудда бўлган, дейиши мумкин. Йўқ, ундай эмас. Айнан полякларнинг ўзлари хотирлашича, улар Ўзбекистонда ўтказган вақтида ижтимоий жараёнларда ҳам қатнашганлари эсдан чиқмаган.

Бир томондан Ўзбекистонга миннатдорчилик, бир томондан тарихга ҳурмат каби гўзал туйғулар билан мана, поляк маданият масалалари бўйича элчихона ходимлари шу ерда келгуси дўстлик ришталарини боғлаш ниятидалар.

Ҳозирги кунда поляклар билан бизни нима боғлаб турибди? Аввалам бор – тарих. Тарих бу жуда ҳассос мавзу. Польша Европанинг ўзига тўқ давлатларидан бири ҳисобланади Бизнинг туризм борасидаги ўзаро салоҳиятимиз жозибадорлиги иқтисодга ҳам фойда келтириши мумкин.  Ҳамкорликда фабрикалар, заводлар қуриш, инвестиция масаласида ҳам поляклар Ўзбекистонни қулай муҳит ҳисоблайди. Чунки улар тарихдан ўзбек муҳитидан хабардор эканликлари Ўзбекистоннинг нуфузини кўтаради.

Агнешка Марчак, дипломат,  Ўзбекистондаги Польша элчихонасининг маданий ишлар бўйича ходими: 

Яқин кунларда биз Ўзбекистонда маданият доирасида Polish heritage “Польша мероси” лойиҳасини ўтказишни ният қилдик. Бунда биз поляк миллий либосларини намойиш қилишни истаймиз. Польша Мероси лойиҳасини 2022 йил 20 апрелда Тошкентдаги Фотосуратлар Уйида қизиқарли кўргазма ташкил қилиш билан бошладик. Фотограф Aнтон Песнянинг “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” деб номланган фотокўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда тошкентлик ёшлар поляк либосларини кийиб, ўзбек меъморий обидалари фонида ўзбек фотографи Антон Песня томонидан олинган ажойиб фотосуратларда намойиш этдилар.

Фото: М.Тошпўлатова

“Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистонда Польша Мероси кунларини тарғиб қилишга бағишланган қатор тадбирларни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Маросим Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ рассоми Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси, Нуриддинов Aкмал Вахобжонович – Aкмал Нур, консул Мариуш Шидловский, Aгнешка Марчак ва Aнтон Песня иштирокида бўлиб ўтди” деган матбуотда чиққан маданий хабарни балки ўзбек аҳолиси ўқиган ва кўргазмада қатнашганлари ҳам бизни ҳозир ўқиётгандирлар.

Фото: М.Тошпўлатова

Меҳмонларимиз, жумладан, ”Дунё бўйлаб” телеканали вакиллари нафақат поляк ва ўзбек маданиятини акс эттирувчи кўргазмани томоша қилишди, уларга Польша маданият марказининг вакиллари томонидан Польша миллий рақси – “Полонез”ни тақдим этдик. Кўргазмада Польша ҳақида викторина ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар мамлакатимиз ҳақидаги билимларини намойиш этганларидан жуда хурсандман.

Фото: М.Тошпўлатова

Лойиҳани ташкил этишда кўрсатган ёрдамлари учун барча ташкилотчиларга, хусусан ORPEG ташкилотидан Ўзбекистондаги поляк тили ўқитувчиси Aгнешка Микулецга миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Фото: М.Тошпўлатова
Фото: М.Тошпўлатова

Бу лойиҳа доирасида келгуси кўргазма Самарқанднинг Регистон майдонида бўлади. Польшада Европага таниқли бўлган жаз хонандаси Ага Зарьяннинг жаз концерти эса Тошкент Давлат консерваториясида ўтказилди. Унинг ташкилотчилари ЮНЕСКО жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ўзбек консерваториясини жаз мусиқий асбоблари билан бойитиш, жаз студияси ташкил қилиш мақсадида ўтказди. Бу ҳавола билан хонанданинг қўшиқларини тинглаб кўришингиз мумкин.

Май ойида яна бир маданий тадбир – Польшанинг Кробко театри актёрларининг Тошкентга романтизм даврининг таниқли шоири шеърлари асосида саҳналаштирилган спектакль билан ташрифидир. Поляк романтизмининг 200 йиллигига аталган спектакль “Илҳом” театрида томошабинларга тақдим этилади.

Фото: М.Тошпўлатова

Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон ўз бағрида 130 дан ортиқ миллат ва элатни сақлайди. Бунда азалдан буён ер юзидаги энг кўп амал қилинадиган дин вакиллари учун ибодатхоналар, черковлар, эҳромлар бор. Мен булардаги турли дин вакилларини кўриб, у қайси мазҳабда бўлмасин, одамларнинг қалбидаги эътиқод уларга қанчалик нажот бераётганини кузатдим.

Мен Тошкентда поляк костёли деб аталиб келинган Католик черкови борлигини, унинг қурилишида польшалик асирлар ишлаганини биламан. Ўзбекистондаги католик дини вакилларининг епископи эса поляк, авлиё ота Ежи Мацулевичдир. 2 ҳафталар олдин мен турмуш ўртоғим билан черковда Вельканут (Истерн) диний байрамимизни ўтказишда қатнашдим.

Яна бир кузатишим шу-ки, ўзбекларнинг ўз динига ихлоси баланд. Аллоҳ номи оддий дунёвий суҳбатларда ҳам тилларидан тушмайди. Европада одамлар бундай бўлмай қолган. Шунингдек, ўзбеклар бошқа дин вакилларига ҳам бағрикенгдирлар. Бирон марта учратмадим-ки, кимдир сизнинг миллатингиз, динингизга урғу берса.

Фото: М.Тошпўлатова

Гжегож Марчак, Польшанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари маслаҳатчиси:

Ўзбекистонда ўтаётган жорий 2022 йил биз поляклар учун катта аҳамиятга эга бўлган бир тарихий воқеа билан эътиборлидир. Бу йил Польшанинг генерал Андерс Армияси ташкил қилинганига 80 йил тўлади. Бу воқеа эса  Ўзбекистонда амалга оширилган.

Фото: М.Тошпўлатова

Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ҳудудида поляк солдатлари бўлган. Улар аввал совет жазо лагерларига сургун қилингани сабабли келиб қолганлар. Кейин эса уларга Польша армиясига қўшилиш имконияти берилган. Генерал Андерснинг Армияси Бош штаби Ўзбекистонда жойлашган эди.

Шу йилнинг иккинчи ярмида биз ҳамкорликда  тарихий генерал Андерс Армиясига бағишланган кўргазма ташкил этмоқчимиз. Албатта Шаҳидлар хотираси музейи директори розилиги билан кўргазмани мана шу улуғ даргоҳда – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси Давлат музейида ўтказишни мана бугун гаплашиб оляпмиз. Ниятларимиз амалга ошишига умид қиламан.

Фото: М.Тошпўлатова

Яна бир муҳим нарса – Ўзбекистон Давлат Миллий Архиви билан Польшанинг Миллий Хотира институти ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳақида Келишув имзолаш ниятимиз бор. Бу ҳам ўзбек, ҳам польшалик олимларга тарихни ўрганиш учун яхши имкониятлар эшигини очади.

Ўзбек ва поляк ҳалқларини тарихан умумий мудҳиш кўргуликлар ҳам бирлаштирган. II Жаҳон уруши, Сталин репрессияси, одамларнинг қатағон қилиниши фожеалари, эркин, мустақил ривожланишга монелик қилган совет тузуми истибдоди  икки халқнинг муштарак қайғуларини намоён этади.

Мен дипломат сифатида Ўзбекистонга келганимга кўп бўлгани йўқ. Бинобарин, Ўзбекистондаги диний бағрикенглик тамойиллари, миллатлараро тотувлик принциплари, ягона осмон остида, Ўзбекистонда яшаётган турли миллат халқларининг ўз маданиятларини намойиш эта олиш имконияти мен учун қизиқарли.

Фото: М.Тошпўлатова

Ўзбекистон бағридаги поляк диаспоранинг рисоладагидек тенг имкониятли ҳаёти мавжуд. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, хусусан, жаноб Президентнинг ҳукуматда олиб бораётган ишлари туфайли бу жиҳатларга эътибор бериляпти.

 

Баҳром Ирзаев, тарихчи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси Давлат музейи илмий ходими:

Тарихдан маълумки, Польша билан бизнинг давлат бир-бирини тезда тушуниб ола билади. Шарқий социалистик лагерда  улар ҳам биз босиб ўтган босқичлардан ўтган. Масалан мустамлака кўрмаган, коммунизм ғоясини бошидан ўтказмаган миллатларга  бу даҳшатлар тушунарли бўлмаслиги мумкин. Ёлғонга қурбон бўлганлар ҳам кўп. Мазкур фожеаларни кўрганларидан эса, одамларнинг кўзи очилган.  Польша билан Ўзбекистон алоқалари  бир воқеликка асосланган. Яъни, уларнинг умумий фожеаси битта дейиш мумкин.

Бу давлатлар бир-бири билан тез тил топиша олади, дедим.  Бу эса дипломатиямиз ишини енгиллаштирадиган ҳолат.  II Жаҳон уруши қурбонлари ўлароқ кўплаб ўзбек жангчилари қабри Польшада бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам поляклар қабри бор. Боболар ётган замин доимо дўст ўлка бўлиб қолади. Мен тарихчи сифатида бу алоқаларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистон нимаси билан поляклар учун жозибали бўлиши мумкин? Фақат қабрлари биланми?

Умуман, қитъада бизнинг яшайдиган жойимиз минг йил олдин ҳам, Ерда ҳаёт неқадар бўлса, минг йилдан кейин ҳам жаҳон сиёсатида (қисқа муддат ухлаб қолганини айтмасак) энг фаол, энг қайноқ жойлар бўлган. Олам аҳлининг бизга қизиқишлари сабаби – ҳудудимизда дунё ўзанининг пайдо бўлишини ҳал қила олган йўллар ўтган. Шунинг учун ҳам Польша келажакни Марказий Осиё билан алоқада кўради. Ҳар қанча ўзларини замонавий қурол билан ихоталаганларига қарамай, Европа бизни демографик жиҳатимизга кўра ва ҳали бизнинг ҳам дунёга айтадиган гапимиз борлиги учун эътиборда тутади.

Польша Марказий Осиёга жуда қизиқади. Биз улар юритадиган Шарқ сиёсатининг бир нуқтаси бўла оламиз. Иқтисодий масалада, хом ашё, саноат жиҳатидан бўладими, ҳар томонлама биз Марказий Осиёда ўз сўзимизга эга бўлиб, давлат сифатида мустаҳкамланиб борамиз.

Фото: М.Тошпўлатова

Давлатлар ҳеч қачон бир-икки йиллик муносабатлар ёки фақат бугунги кун билан ҳисоблашмайди. Улар ўтмишни инобатга олган ҳолда узоқ келажакка ўлчов олиб, ўз дўстлар ва душманларини белгилаб чиқади. Дўстлик ҳам, душманлик ҳам тарихдан маълум бўлади.

Польша чоризм мустабидидан энг кўп жабр чеккан юрт ҳисобланади. Биз мусулмон бўлсак, булар католик-ку, қачон яқин биродар бўла оламиз, деган қўрқувга ўрин йўқ. Поляклардан бир нечта Рим Папаси чиққан. Тарихдан маълумки, уларнинг бошқа папалардан фарқли ўлароқ, мусулмонларга нисбатан агрессияси бўлмаган. Поляклар нисбатан тинчликсевар, амбициялардан ҳоли халқдир. Уларнинг ҳудудий даъволари ҳам катта эмас. Баъзи миллатлар бор – дунёга даъвоси жуда баланд бўлади. Поляклар ҳеч ҳам бировларга босқинчилик қилмаган.

Ҳозирги кунда ҳам Польшага бориб ишлайдиган ўзбекистонликлар кўп. Уларнинг айтишича, поляклар бўйдор, бақувват одамлар. Улар Ғарбий Европа билан кўп яхши алоқалар қуришган. Шунингдек, Ўзбекистон билан ҳам. Инсонийлик юзасидан қараганда, Сталин зулми, образли айтганда “итнинг кунини бошига солган” пайтларда ҳам ўзбеклар уларни туртмади. Музейимизда поляклар тарихи ҳақида маълумотлар сақланиб турибди. Таъбир жоиз бўлса, бир марта бўлса ҳам полякларга одамийликни кўрсатиб қўйганмиз. Шунинг учун ҳамдир, уларнинг бизга ёмонлиги йўқ. Ўзини славян дунёсида маданий деб ҳисоблайдиган поляк халқи ўзбекка ҳеч қачон паст назар билан қарамаган.

Дўстликнинг баланд бўлиши учун эса, биздан ҳаракат керак. Ўзимизни янги даврда ҳам кўрсата олишимиз керак. Жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссамизни кўрсатадиган бўлсак, ўзбек халқининг дунё маданияти, илм-фанига қўшган катта ҳиссасини тан олсалар, Европада бизнинг ютуғимиз шу бўлади.

Мавлуда Тошпўлатова

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг