Давлат буюртмаларига осон ва қинғир йўллар билан эгалик қилиш, буюртмалар нархини каррасига ошириш орқали бюджетни арралаш каби ишлар турли кўринишларда барча мамлакатларда кузатилади.
Мамлакатлар бунда бир-биридан воқеликка жамоатчилик муносабати билан фарқланади холос. Қайсидир, масалан, биз каби мамлакатларда фуқаролар бефарқ, чунки улар давлат пули аслида фуқароларнинг пуллари эканини кўпам англамайди, пропаганда, қўрқув ва ёпиқлик сиёсати шундай муҳитни яратган.
Лекин тараққий этган, нормал давлатлар борки, уларнинг фуқаролари давлат буюртмаларини самарасиз ўзлаштиришга, коррупцияга ўта тоқатсиз ва шафқатсиз. Балки шунинг учун ҳам бу давлатлар тараққий этган ва нормал давлатлардир.
Кўпчилик хабардор, ўтган ҳафта Чехияда бир воқеа юз берди. Мамлакат транспорт вазирлиги томонидан электрон рухсатномалар сотиш сервиси яратиш буюртмаси очиқ конкурссиз, тўрт йиллик шартнома билан Asseco Central Europe фирмасига топширилган. Буюртма қиймати 16 миллион евро.
Буюртма мамлакатда норозиликка сабаб бўлган – фуқаролар, хусусан дастурчилар томонидан давлат халқнинг маблағини талон-торож этяпти, деган фикрлар янграган. Томаш Вондрачек исмли дастурчи ушбу буюртмани аҳмоқлик деб атаган ва ўша тўрт йиллик деб ҳисобланган ишни икки кунда бажариш мумкинлигини эълон қилган.
Вондрачек ташаббусига кўра, маҳаллий дастурчилар йиғилиб дам олиш кунлари Транспорт вазирлиги буюртма қилган 16 млн.евро сарфланиши керак бўлган иловани текинга яратиб ҳукуматга совға қилинган.
Бу ишлардан кейин Чехия транспорт вазири шармандаларча ишдан ҳайдалган. Халқнинг 16 млн.евро пули эса асраб қолинган.
Бизнинг Uzhealth CRM ва Чехиядаги электрон сервис воқелиги ўртасидаги қофия ва туроқларни сезаяпсизми?
Чехлар билан фарқимиз нимадалигини-чи?
Нима деб ўйлайсиз? Соғлиқни сақлаш вазири уялиб, истеъфо берадими?
Ёки Online service group МЧЖга тендерсиз топширилган буюртма бекор қилинадими?