COVID19 карантини даврида ижтимоий ҳимоя: таклиф ва мулоҳазалар

0
2063
Шахсий фото альбомидан tarjumon.uz учун махсус

Табиий офатлар хавфи инсоният ҳаётига соя солиб турадиган воқеликдир ва дунё давлатлари шундай фавқулодда ҳолатларга тайёр бўлишга ҳаракат қиладилар. Юқумли касалликлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар шулар жумласидандир.

Хитойнинг Ухань шахрида 2019 йил охирида қайд этилган SARS-CoV-2 коронавируси келтириб чиқарадиган касаллик Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) томонидан 2020 йил 11 февралида COVID19 деб номланди.

COVID19, умумий шамоллашни келтириб чиқарадиган коронавируслардан, жумладан 2002 йилдаги SARS ва 2012 йилдаги MERS каби вирусларининг тарқалишига кўра бу вируслардан фарқ қилади. Аммо,COVID19 ҳам SARS ва MERS сингари Зооноз, яъни ҳайвонлардан тарқаладиган касаллик деб топилган.

Алоҳида урғу бериб ўтиш керакки, ҳудди иқлим ўзгариши сингари, юқумли касалликларнинг тарқалиши ҳам давлатлар чегараларини, ирқ ёки миллат каби ижтимоий тушунча ва ўлчовларини тан олмайди. Демак, давлат чегарасидан ўтиб-қайтиб юрувчи кишиларга вирус ташувчи сифатида қараш ёки маълум бир давлат ёҳуд миллатни вирус тарқатганликда айблаш- бу, дискриминация ва ирқчиликнинг оғир кўринишларидан бири ҳисобланади.

Карантин, бу инфекциянинг тарқалишини чеклаш учун энг самарали чоралардан бири деб топилган. Аммо унинг самарадорлиги жамоатчиликнинг ўзаро ҳамжиҳатлик билан, ҳаракатларини тўғри мувофиқлаштириб борилишига боғлиқ.

Карантин, бу давлат раҳбарлари, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, иқтисодчилар ва жамиятда тартиб-қоидаларга риоя этилишини таъминловчи, идоралар раҳбарлари билан ўзаро маслаҳатли равишда жорий этиладиган тадбирлар мажмуасидир.

Шу ўринда, қонунчилик ва сиёсат билан боғлиқ таҳлил қилиб чиқишга эҳтиёж бўлган масалага оид бир нечта саволлар пайдо бўлади:

Давлат раҳбарларида ёппасига карантин тартибини жорий этишга ҳуқуқлари борми?

– Давлат карантин тартибини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиши мумкинми?

-Карантин вақтида давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан қандай маъсулияти ва бурчлари бор?

-Карантин вақтида давлат ўз фуқароларига тиббий ва иқтисодий ёрдам қилишга мажбурми?

Дастлабки, яъни давлат раҳбарларида ёппасига карантин тартибини жорий этишга ҳуқуқлари борми, деган саволни кўриб чиқадиган бўлсак, бу саволнинг жавоби жуда осон.

Замонавий дунё тажрибасида, давлат раҳбарлари, фавқулодда юзага келган вазиятларда жамоат манфаатини кўзлаб, одатий кундалик тартибларга нисбатан кескин талабларни ўзида мужассам этувчи қўшича зарурий меъёрларни жорий этиш, ҳатто одамлардан ўз уйларидан чиқмасликни талаб қилишга ва қонунни бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинганда, давлат қонунларига маълум бир муддат амал қилинмаслиги мумкин бўлган ва мавжуд кундалик тартиб-қоидалар бекор қилиниш кучига эга бўлган сиёсий вазият ҳисобланади.

Буни оддийгина қилиб, давлат ҳокимиятининг шахсга нисбатан қонунийлигини шарҳлаб берадиган “ижтимоий шартнома” назарияси билан тушунтириб кетиш мумкин.
Ҳокимят ва одамлар ўртасидаги сиёсий фалсафа Томас Ҳобб, Жон Локк, Жан-Жак Руссо, Девид Гот каби сиёсий файласуфлар асарларидан бошлаб, бизнинг замонамизга қадар юксалиб келди. Бу асарларнинг негизида турган сиёсий фалсафа шундан иборатки, инсонларнинг хафсизлиги, жамиятда тартиб ўрнатиш ва бир қатор хизматлар жорий қилиш эвазига ўзларининг баъзи эркинликларини давлат ҳокимиятига таслим қиладилар.

Демак, давлат ҳокимияти инсонлар жамоатининг манфаатини ўйлаган ҳолда, карантин ўрнатишга ҳақли ва шу давлат ҳудудида бўлган ҳар қандай инсон унга амал қилиши шарт.

Кейинги саволга ўтсак, яъни карантин вақтида давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан қандай масъулиятлари мавжуд?

Айнан юқорида таъкидланган фалсафага кўра, карантинга ўхшаган ҳолатлар вужудга келганда, ҳукуматга фуқароларнинг хафсизлиги билан бир қаторда, уларнинг таъминоти билан боғлиқ мажбуриятни ҳам юклайди.

Карантин жорий қилишда давлат ҳокимияти одамлар ишсиз қолишини, кўпчилик катта-кичик бизнеслар карантин пайтида даромадни йўқотишини ва карантиндан кейин катта доиралардаги иқтисодий инқироз сабабли банкротга юз тутиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда қарорлар қабул қилиши шарт.

Шу билан бирга, давлат раҳбарлари карантин вақтида аҳолини тиббий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб -қувватлаш чораларини кўриб чиқади. Давлат манфаатлари ва шахсий манфаатлар карантин даврида паралель келиб қолиши кўп кузатилган ҳолат.

Ўз навбатида, бу юқоридаги карантин вақтида давлат ўз фуқароларига тиббий ва иқтисодий ёрдам қилишга мажбурми, деган саволга жавоб бўлади.

Шунингдек, «Давлат одамларга иқтисодий жиҳатдан ёрдам бериши керакми?», деган савол бугун тез-тез учрамоқда. Агар давлатларнинг қонунчилиги ўрганиб чиқилинадиган бўлинса, карантин даврида аҳолини асосий эҳтиёжларини қондирилиши керак, деган жумлани топиш жуда қийин.

Аммо коронавирус қирғини, давлат қонунларида керакли ўзгартиришлар киритиш лозимлигини муҳим масала сифатида кўтарилиши мумкин деган фикр, қонуншуносларнинг эслатмаларида чизиб қўйилаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Чунки, COVID19нинг жуда тез тарқалиб, бутун дунё иқтисодиёти ва сиёсатига кескин зарба бергани, бу кўзга кўринмас душман олдида инсон қудрати маъносиз тушунчага айлангани бугун ҳеч биримизга сир эмас. Давлатнинг мавжуд бўлиб қолиши, иқтисодий ривожланиши ва сиёсий қудратга эга бўлиши учун, ўша давлатнинг одамлари соғлом бўлиши жуда муҳим.

Баъзи давлатларнинг тутаётган йўлларига эътибор берсак, халқининг иқтисодий эҳтиёжларини таъминлашни карантин ҳолатида давлат сиёсатининг муҳим қисми деб қабул қилинаётганини кузатиш мумкин.

Масалан, Канада ҳукумати COVID-19 тарқалиши натижасида қийинчиликларга дуч келган канадаликларга ёрдам кўрсатиш учун шошилинч, муҳим ва қатъий иқтисодий ва тиббий чораларни кўрди.

2020 йилнинг 18 мартида бош вазир Жастин Трудэу (Jastin Trudeau) карантин даврида иқтисодиётни барқарорлаштиришга ёрдам берадиган янги COVID-19 Иқтисодий Жавоб Режасини эълон қилди. Бу режага асосан Канада ҳукумати карантин даврида ишчилар ва корхоналарга умумий ҳисобда 27 миллиард долларгача тўғридан-тўғри ёрдам беради. Шу билан бирга бош вазир банкларни, ижарачи мулк эгаларини карантин даврида бағрикенг бўлишга, ва одамлар бир-бирларини қўллаб- қувватлашларига чақирди. Турли шаклдаги ёки кўринишдаги шу каби ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар бошқа давлатларда ҳам кузатилади.

Америка Қўшма Штатлари, ва баъзи Европа давлатларидан ҳам мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, Франция ўз аҳолисига ва кичик бизнесларга ёрдам бериш жуда зарурлигини англаган ҳолда, бир неча иқтисодий ёрдам тўғрисидаги қарорларни қабул қилди.

Франция президенти томонидан 16 март куни жорий қилинган қарорга асосан аҳолининг ҳаракатланишига қатъий чекловлар қуйилди ва қонунларни бузган шахсларга нисбатан 135 Евро атрофидаги миқдорда жарима тўлаш белгиланди.

Шу билан бирга, Президент Макрон томонидан COVID-19 билан боғлиқ вужудга келган вазиятни юмшатиш учун бир қатор чора-тадбирлар эълон қилинди. Жумладан, солиқ тўловларини тўлаш муддати узайтирилди, солиқ имтиёзлари жорий қилинди, кичик корхоналар учун ижара, сув, газ ва электр тўловлари кечиктирилди ва ҳар бир кичик корхонага 1500 Евро атрофида ёрдам жорий қилинди.

Шунингдек, карантин вақтида жимоний шахсларга ва корхоналарга ёрдам қарзлари учун умумий ҳисобда 300 миллиард евро миқдорида маблағ ажратилди ва банклар билан фойда фоизларини камайтириш устида мулоқотлар бошланди.

Қисқача таъкидлаб ўтадиган бўлсак, Франция ушбу фавқулодда чоралар учун жами 45 миллиард нақд евро ажартди ва 300 миллиард евро миқдоридаги кафолатларни белгилади.

Давлат қонунларида карантин даврида халққа ёрдам бериш банди киритилмаган бўлса, давлатнинг одамларга ёрдам бериши шарт эмас экан, деган тушунчанинг ўз хато саналади. Чунки, соғлик билан боғлиқ ҳолат туфайли ишга лаёқати бўлмаган шахсларга давлат томонидан ногиронлик нафақалари ва маълум бир ёшга етган аҳолига қариялик пенсиялари жорий қилиниши ҳаммага маълум.

Бу эса, шундай тоифадаги шахсларнинг ишга яроқсизлик ҳолати давлат томонидан кўриб чиқилганлиги ва давлат таъминоти зарур, деб топилганлигининг белгисидир.

Карантиндаги инсонларни ногирон ёки пенсия ёшидаги, меҳнат қилиш имконияти чекланган инсонлар билан бир қаторига қўйиш имконсиз эмас, чунки уларнинг меҳнат фаолиятларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ички сиёсий ҳолат давлат томонидан мажбуран ўрнатилган.

Ушбу ўлчовлар борлигини ҳисобга олган ҳолда, аҳолининг ишга яроқли қисмига, ҳудди ишга яроқсиз қатламлари каби тўланадиган миқдорда ижтимоий нафақалар билан қўллаб- қувватлашни жорий этилиши мантиқан тўғри бўларди.

Агар меҳнат қонунчилигига мурожаат этилганда ҳам, мажбурий равишда ишдан бўшатилган ишчиларга белгиланган муддатда, меҳнат қонунларига асосан ойлик киримларининг маълум бир қисмини, маълум бир муддатда талаб қилишга ҳақли бўладилар.

Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигига асосланиб ижтимоий ёрдам жорий этиш жуда қийин. Чунки, аҳолининг катта қисми давлат қонунларидан имтиёз оладиган ишларда меҳнат қилишмайди.

Яна бир ижтимоий-иқтисодий кўмак билан боғлиқ ҳолатга эътибор қаратадиган бўлсак, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини ҳам, давлат ёш бола парвариши билан бандлик ҳолатларини ва шу сабабли ишлай олмаслик каби чекланган имкониятларини тан олади ва бу тоифдагиларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун етарли сабаб деб билади.

Давлат қонунларида карантин вақтида аҳолини ижтимоий таъминоти қонунда кўзда тутилмаган дейдиган шахслар, давлатлар фавқулодда ҳолатларда мавжуд қонунлардан ҳамда кўп ўрганилган сиёсий ва иқтисодий мантиқдан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши лозимлигини тушунишмоқлари жуда муҳим.

Демак, юқорида таъкидланган қонунлар замиридаги сиёсий ва хуқуқий мантиқ, карантин туфайли ишсиз қолган ҳар бир фуқаро давлат қарамоғида бўлишга ҳақли эканлигидан далолатдир!

Аммо бу таъминот тарқатилаётан озиқ- овқатлар кўринишида эмас, айнан нақд пул ёрдами шаклида бўлиши ва озиқ овқат таъминоти қўшимча ёрдам сифатида тарқатилиши мумкин.

COVID-19 дунёнинг кўп давлатлари учун оғир иқтисодий вазиятни келтириб чиқаргани маълум ва яқин келажакда бу ҳолат янада кескинлашиши эҳтимоли ҳам истисно қилмаяпти. Давлатлар раҳбарлари, иқтисодий ёрдам аҳолини бошқаришнинг, ишончини қозонишнинг, ижтимоий талвасанинг (паниканинг) олдини олишнинг ва энг асосийси жиноятчилик кескин тус олишига қарши курашнинг энг самарали усули эканлигини тушунишлари жуда муҳим.

Қолаверса, бугун аҳолининг ижтимоий-иқтисодий таъминоти учун сарфланган маблағ эрта иқтисоднинг қайта тикланиши ва тезроқ оёққа туришида жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонга COVID19нинг кечроқ кириб келиши, Ўзбекистон ҳукумати учун керакли чора-тадбирларни вақтида кўришга имкон яратди. Таъкидлаб ўтишим лозимки, Ўзбекистондаги ҳаракатлар, жуда кўп ривожланган давлатларга ўрнак бўла оларли даражада тезкорлик ва қатъийлик билан амалга оширилди.

Бу албатта Ўзбекистон Президенти ва масъул шахсларнинг фавқулодда ҳолатларга тезкор муносабат билидириш реакцияси борлигидан далолатдир.

Тиббиёт анжомлари ва зарур аслаҳалар ишлаб чиқаришда ички кучларга таяниш, дунё тажрибасини тинимсиз ўрганиш ва тезкорлик билан тадбиқ этиш, Ўзбекистон эришаётган ютуқларнинг бошланишидир.

Шунга қарамай аҳолига берилаётган ёрдам масаласида ўрнатилган тартиблар талабга жавоб бермайди. Бугун Ўзбекистон ўз фуқароларининг кундалик эҳтиёжларини қоплаш учун иқтисодий таъминот масаласини қонун доирасида қайта кўриб чиқиши керак.

Таъминот шакли ва усули қатъий соддалаштирилиши лозим. Ўзбекистоннинг барча турдаги бойликлари ва бошқа мақсадларга мўлжалланган маблағлари бугун халқ эҳтиёжи учун сарфланиши зарур.

COVID19 пандемияси давлат рахбарларига тарих саҳифаларида ўзига хос бир из қолдиришлари учун имконият яратди. Бу қайсидир маънода уриш даври давлат рахбарлари олиб борган фаолият муҳимлиги даражасида тушунтирилиши мумкин.

Ўзбекистон аҳолиси, айниқса оддий ишчи қатлам бугун давлат ёрдамига муҳтож ва ёрдам олишга ҳақли. Жаҳон тарихидан ўрин оладиган шундай даврда, дунё давлатлари ўртасида сиёсий ирода, қатъийлик ва тезкор иқтисодий мувозанат ўрнатиш маҳоратини кўрсатишига ишонч билан қаралаётгани, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилаётган биринчи қадамнинг намунасидан далолатдир!

 

Дилсора Комил
PhD номзоди, Британия Колумбияси университети (Канада)

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг