Чеченистонда 11 октябрдан бошлаб коронавирус чекловлари кучайтирилади. Жамоат жойларига ташриф буюриш учун фуқароларга эмлаш ёки олдин касалланганлиги ҳақида QR-код керак бўлади.
Чеченистоннинг Грозний давлат телерадиокомпанияси маълумотларига кўра, кодни транспорт, дўконлар, маданият ва кўнгилочар марказлар, умумий овқатланиш ва бошқа жойларда кўрсатиш шарт қилиб қўйилган.
Жамоат жойларига боришга фақат ниқоб билан рухсат берилади. QR-кодсиз жамоат транспортида ҳаракатланиш ва жамоат жойларига ниқобсиз бориш тақиқланган.
Залларнинг умумий сиғими 50% билан чекланиб, бир вақтнинг ўзида 500 кишидан ошмаслиги белгиланди. 65 ёшдан ошганлар учун изоляция режими жорий қилинган.
Қоидалар эмланмаган ҳамда COVID-19 билан касалланмаганлар учун қатъий амал қилади.