Александр Македонский (Шарқ мамлакатларида Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур) эрамизгача бўлган 356 – 323 йилларда яшаб ўтган. Буюк македониялик саркарда ва давлат арбоби ҳисобланади. Александр ҳарбий санъат тарихида йирик саркарда сифатида машҳурдир. Македония подшоси Филипп II ва унинг рафиқаси Олимпиаданинг ўғли. Аристотелдан таълим олган, ҳарбий ишни от-онасидан ўрганган. Милоддан аввалги 336 йил Филипп II фитначилар томонидан ўлдирилгач, Македония тахтига ўтиради.
Милоддан аввалги 334 йил Александр Эронга юриш бошлайди, бу босқинчилик уруши отаси Филипп II давридаёқ бошланган бўлиб, унинг ўлими туфайли тўхтаб қолганди. Александр Эроннинг марказий шаҳарлари – Бобил, Суза, Персепол, Экбатана ҳамда Мисрни эгаллаган. 329 йил Бақтрия забт этилади.
Александр 328–327 йил бошида Суғдиёнадаги тоғлар устида жойлашган қалъалардаги қўзғолончиларни бўйсундиришга жуда кўп куч сарфлайди, уларни мағлуб қилгач, Оксиартнинг қизи Рохшанак (Роксана) га уйланади.
Мил. ав. 327 йил ёзида Александр сўғдлик Оропийни Сўғдиёна ҳокими этиб тайинлаб, ўзи Ҳиндистонга юриш қиладида, Гидасп дарёси соҳилида катта қийинчилик билан подшо Пор қўшини устидан зафар қозонади. Шу тариқа Александр Панжобни эгаллаб, Ганг дарёси водийсига юришни давом эттирмоқчи бўлади. Бироқ сафар ва касаллик азобидан ҳолдан тойган қўшиннинг очиқдан-очиқ қаршилигига дуч келади. Шу боис Александр Гифасис дарёси бўйидан ортга қайтишга мажбур бўлади.
Македонский ўз давлатининг пойтахти қилиб Бобил шаҳрини танлаган ва шу ерда янги юришларга тайёргарлик кўриш асносида безгак касалига йўлиқиб, вафот этган.
Александр юришлари натижасида вужудга келган улкан салтанат ҳудуди Ҳинд дарёсидан Дунайга қадар чўзилган бўлиб, у қадимги дунёнинг энг йирик давлати эди. Лекин мустаҳкам ички алоқалари бўлмаган бу салтанат Александр вафот этгач, тезда парчаланиб кетган ва унинг ҳудудида бир қанча эллинистик давлатлар вужудга келган. Қадим замонлардан Александр ҳақида кўплаб ривоят, афсона, достон ва миниатюралар яратилган. Улар ўрта аср адабиётига ҳам кириб келган.