Бугун Ўзбекистон халқ шоири ва таниқли адиб Шукрулло (Юсупов) қарийб 100 ёшида оламдан ўтди.

0
1676
Фото: platforma.uz

Шукрулло 1921 йил 2 сентябда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Педагогика билим юрти (1935— 38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944).

Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). «Қалб қўшиқлари», «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик», «Зарралар», «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади», «Сенинг бахтинг», «Тўқилган дардларим», «Шафақ» (2007) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи.

Кўплаб достонлар, болаларга аталган шеър ва эртаклар ҳамда шеърий драмалар ёзган. Қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» автобиографик қиссаси, «Тирик руҳлар» роман-хроникаси ҳам бор.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Шоирнинг оила аъзолари, яқинлари ва мухлисларига ҳамдардлик билдирамиз.

ИЛҲОМ

Ёлвораман, илҳом париси,
Ўз эркимга ҳоли қўй бир дам.
Бола-чақа, тўйлар орзусин
Бошқалардек ўйлайин мен ҳам.

Шафқат этгил, тунда уйғотма,
Бир кеча бер уйқумга ором.
Севги бўлиб бағримга ботма,
Сеҳринг билан мени қилма ром.

Бошқалардек гулларнинг атрин
Тотиб бўлай боғим ичра маст.
Сен ўшанда деҳқон меҳнатин
Солмай тургин ёдимга бирпас.

Менга ҳам бахт боққанда кулиб,
Тотмасимдан гаштин бир йўла,
Кимларнингдир дардин эслатиб,
Юрагимга солма ғулғула.

Ўз бахтимдан ўзим қувониб,
Ўз ғамимни чекайин ўзим.
Дунё дардин ёдимдан қувиб,
Бир дам бергил қалбимга тўзим.

Илҳом шафқат этдими менга
Ё қаҳрими, билмадим бироқ.
Энди дунё ташвишларига
Неча кунки, бефарқман мутлоқ.

Ноҳақлиқдан энди йўқ куймоқ,
Илҳом завқи безовта қилмас.
Гулга боқсам, босади мудроқ,
Қалбим дарддан туғёнга келмас.

Энди илҳом, ким бўлдим, айтгил?!
Ёлвораман, айтиб, қил изҳор!
Ёлвораман, ёнимга қайтгил,
Халқ дардидан айирма зинҳор!

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг