БМТ экспертлари Белорус ҳукуматини намойишчиларни азоблашни тўхтатишга чақирди

0
1430
Фото: AP

1 сентябрь куни БМТнинг одамларни қийноққа солиш бўйича махсус вакили Нилс Мелзер Белоруссия ҳукуматига мурожаат қилиб, ундан намойишчиларни азоблашни бас қилишни, одамларни калтаклаган ҳар бир полициячини жазолашни сўради.

Мелзер ва яна 14 нафар БМТ эксперти ўзларининг берган баёнотларида маълум қилишларича, улар Александр Лукашенконинг сайловлардаги ғалабасидан кейин адолат талаб қилиб кўчага отилган намойишчиларнинг 450 нафари калтаклангани ва уларга нотўғри муносабатда бўлингани ҳақидаги маълумотларни қабул қилиб олишган.

“Биз полиция ҳибсга олган юзлаб одамларга яхши муносабатда бўлинмагани ва уларга зулм қилинганидан жуда хавотирдамиз. Белорус ҳукумати зудлик билан инсон ҳуқуқлари бузилишининг барча ҳолатига нуқта қўйиши ва айбдорлар жазосиз қолишига қарши курашиши керак. Ҳеч қайси инсон намойишларда тинч йўл билан қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги зарур” дейилади экспертларнинг баёнотида.

Маълумотларга кўра, Белоруссияда 9 августдан кейин бошланган намойишлардан бери ҳозиргача 6700 киши ҳибсга олинди. Уларнинг орасида журналистлар ва шунчаки йўлдан ўтиб кетаётганлар ҳам бор.

БМТ мутахассислари зулмни ҳеч қачон оқлаб бўлмаслигини, мамлакатдаги сиёсий беқарорлик одамларни ҳибсга олишга асос бўлолмаслигини таъкидлашган. Улар Белоруссиядаги вазиятни кузатишда давом этишларини ҳам айтиб ўтишди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг