Ахборот майдонидаги мағлубият сиёсий майдондаги мағлубиятдир

0
1996
Фото: t.me/platformauzb

Россиялик сенатор, давлат ва жамоат арбоби Алексей Пушков Беларусда бўлаётган сўнгги ҳодисалар ҳамда Батьканинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдирди.

Унинг айтишича, ахборот майдонидаги мағлубият ортидан сиёсий майдондаги мағлубият ва ҳокимият алмашиши муқаррардир.

Пушков ахборот сиёсати, айниқса, миллий инқирозлар даврида жуда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди.

«Бугунги кунда асосий жанг ахборот соҳасида кетмоқда. Ахборот эса жамият организми артерияси ва веналарида айланиб юрган «қон»дир» — деб ёзади у ўз телеграм каналида.

Паст сифатли ахборот билан юқори сифатли сиёсатга эришиш эса мумкин эмас, дейди сенатор.

Унинг сўзларига кўра, жамиятни қийнаб келаётган ўткир мавзуларни четлаб ўтган ҳолда ҳокимиятни қўллаб-қувватлашдаги примитивлик мухолифатга ахборот улоғини илиб кетиши учун тайёр рецепт тайёрлаб берди.

«Булар Лукашенконинг зарарига ишлади. Зеро, паст сифатли ахборот билан юқори сифатли сиёсат юритиш имконсиздир», — деди у.

Хабарингиз бор, кеча Минск шаҳрида амалдаги президентни қўллаб-қувватлаш учун митинг бўлиб ўтди. Мамлакат ИИВ хабарига кўра, унда қарийб 65 минг киши йиғилди (тўғрироғи, олиб келинди). Лукашенко нутқ сўзлади. Нималар деганидан аллақачон хабар топган бўлсангиз керак. Бугун худди шу мазмундаги сўзлари билан иш ташлаётган заводлар ишчилари қаршисида чиқиш қилиб юрибди. Хуллас, фикрларининг умумий мазмуни шундай: «Сайлов ҳалол ўтди, қайта сайлов бўлмайди», оддий айтганда, ўламан саттор.

Ва нуқул айбни ўзидан, бошқарув тизими ёки югурдакларидан эмас, ташқаридан, қўшниларидан, хусусан, Украина, Польша, Чехия кабилардан изламоқда.

Бундан ажабланмай ҳам қўйганмиз. Чунки Батька шу пайтгача ҳам кўп қадриятларни ва қоидаларни тан олмаслиги билан танилган (юз минглаб одамларни олиб кетаётган коронавирусни ҳам сиёсий найранг деганидан кейин). Унга қўйса, ўзингни эҳтиёт қилма, қўшнингни ўғри тут.

Айтганча, якшанба кунининг ўзида мухолифат намойишлари ҳам давом эттирилди. Унда тахминан 200 минг одам, жумладан, қарама-қарши томондаги номзод Светлана Тихановскаянинг расмий вакили Мария Колесникова қатнашди.

Бундай норозилик акциялари 9 августдан буён мамлакатнинг қатор шаҳарларида қизлар ва гуллар уйғунлигида ташкил этилаётганидан хабардорсиз, албатта. Қалқонлар эса гулдан чечак тақяпти, ҳарбийларнинг юзларида, ниқобларида эса помада излари қолиб кетмоқда…

Айтганча, кеча давлат телевидениеси ходимлари ҳам иш ташлаш эълон қилган. Мамлакатда интернет ва алоқа тизимида эса доимий «сбой»лар кузатиляпти.

Бунинг сабаби МСКнинг сўнгги қарори билан сайловда амалдаги давлат раҳбари 80,1 фоиз билан ғалаба қозонганидир (вақтида каллани ишлатиб шуни 54-55 фоиз қилишганда, олам гулистон эди, саксон ҳам қиладими муаммолар портлаб кетай деб турганда). Табиийки, сайловга тайёргарлик жараёнлари, номзодларнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ хурмача қилиқлардан тоқати тоқ бўлган одамларнинг овоз бериш якунларини эшитиб фиғони фалакка чиқиб кетди. Пичоқ бориб суякка тақалди, дейилади бундай пайтлар.

Аввалига бундай намойишлар кучишлатар тизим томонидан шафқатсиз бостирилди. Бунда кўзни ёшлатувчи газ, сув тўплари, резина ўқлар каби воситалар қўлланилди. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот органлари бундай радикал методларни тўхтатишди. Бу вазиятни изга солиш ўрнига, бадтар қилди-да. Дард ўрнига чипқон бўлди. ИИВ маълумотига кўра, тартибсизликлар оқибатида юзлаб одамлар жароҳатланди, улардан 120 нафарга яқини орган ходимларидир. Бир нафар намойишчи ҳалок бўлди.

Ҳукумат хатосини «после пожар» бўлса ҳам англаб етди. Аммо ғишт қолип-полипи билан кўчиб кетдимикан, деб турибмиз. Яна ким билади.

Энди буёғига бахайр бўлсин. Энг асосийсий, мансабпараст димоғларни деб, супер клейли курсиларни деб, чанг кўрмаган мўйловларни деб тупроқда юрган оддий халқ жабр чекмасин, қўли мойга, пешонаси терга ботган меҳнаткашлар зулм кўрмасин, борини ёзишга уринаётган блогер ва журналистларнинг қалами синмасин.

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг