Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудуди ғарбдаги Кичик Кавказ тоғ тизмасидан шимолдаги Кура ва Аракс дарёлари туташадиган жойларгача бўлган ерларни ўз ичига қамраб олган ҳудуднинг бир қисми ҳисобланади. Қорабоғ қадим вақтлардан бери бир неча озари давлатларининг бир парчаси бўлиб, Озарбайжоннинг маданий марказларидан бири саналади. 1923 йилда, яъни, Советлар даврида Қорабоғнинг 4.4 минг квадрат метр майдонида Тоғли Қорабоғ автоном ҳудуди ташкил қилинди ва айнан шу, бу ерда сепаратизмнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича низолар 1988 йилда бошланган. Ўшанда Арманистон узоқ ўтмишдан бери Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғ ўзиники эканлигини очиқчасига даъво қилди.
1987-1989-йилларда Арманистон ҳудудида яшайдиган 250 мингдан ортиқ озарлар ўзларининг тарихий манзилларидан қувиб чиқарилди. 1991 йилнинг охири,1992 йилнинг бошларига келиб Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар бошланди.
СССРнинг парчаланиши сабаб Озарбайжонда юзага келган сиёсий беқарорликлардан фойдаланган Арманистон хориж мамлакатларининг ҳарбий кўмаги билан Қорабоғга ҳужум қилишни бошлади.
Арманлар 1992 йилда Хўжайлида озарларга қарши мисли кўрилмаган даражада қирғин уюштиришди. Тарихга Хўжайли геноциди номи билан кирган ушбу қонли трагедияда минглаб озарлар ўлдирилди ва бедарак йўқолди, Хўжайлининг ўзи эса Ер юзидан йўқ бўлиб кетди.
1992 йилнинг майида арманилар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Шуша ва Лачин ҳудудларини босиб олишди. 1993 йилга келиб Арманистон армияси Тоғли Қорабоғ атрофидаги яна олтита ҳудудни-Жабраил, Келбажар, Агдам, Физули, Гулбадли ва Зангеланни эгаллади.
Агдам шаҳри Қорабоғдаги энг катта шаҳарлардан бири ҳисобланади. Ушбу шаҳарнинг номи маҳаллий турк лаҳжасидан келиб чиққан бўлиб, ”қуёш ёритган оқ уй” деган маънони англатади. Йигирманчи асрнинг 50 йилларида олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, Агдам шаҳри энеолит давридан бери (милоддан аввалги VI-IV асрлар) одамларнинг манзилгоҳи бўлиб келмоқда. Бу ерда юзлаб археологик ёдгорликлар мавжуд.
Ўтган асрнинг 90-йилларида уруш бошланмасдан олдин Агдам шаҳрида саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланганди. Ўша пайтда Агдамнинг аҳолиси бутун Қорабоғдаги одамлардан ҳам кўп бўлган. Шунингдек, бу ерда музейлар, театрлар, мактаблар ва темирйўл станцияси мавжуд эди. Агдам Озарбайжон архитектурасининг гавҳарларидан бири ҳисобланган. Мисол учун, бу шаҳарда ўзига хос нон музейи бўлиб, унда антиқа экспонатлар намойиш қилинган.
1993 йил 23 июлдаги арман босқини натижасида Агдамнинг катта қисми-89 та аҳоли турар жойлари эгаллаб олинди ва бу ерда этник тозалаш ишлари олиб борилди. Ўша урушда шаҳар мудофааси учун бўлган жангларнинг ўзида олти мингдан зиёд озарлар ҳалок бўлди.
1993 йилда Агдам шаҳри босиб олингач у талон-тарож қилинди ва бутунлай вайронага айлантирилди. Бу ерда яшаган озарларнинг барча маданий мерослари ваҳшийларча бузиб ташланди. Арманистон армияси шаҳардаги барча биноларни бузганига қарамай масжид қисман сақланиб қолди.
Агдам масжиди ўн тўққизинчи асрда қурилган бўлиб, у Қорабоғнинг диний ёдгорликларидан биридир. Ушбу масжид 1868-1870 йилларда меъмор Карбалойи Сафихон Қорабоғий томонидан бунёд этилган бўлиб, ўша пайтда Агдам бутун ҳудуднинг муҳим савдо марказига айланганди.
Агдам масжидининг архитектураси Қорабоғнинг барча хусусиятларини ўзида акс эттирган. Ушбу масжидда иккита минора ва яна шунча қават бор. Масжид биноси тошлардан ясалган, бино фасадининг икки бурчагида жойлашган миноралар эса ғиштдан барпо қилинган. Бу масжиднинг ҳар бир деталида Ислом санъатига хос бўлган тўртбурчак ва юмалоқ шаклларни учратишингиз мумкин.
Одатда, масжидлар узоқ муддат ўз холича сақланиб қолишига қарамай Агдам масжидининг миноралари ичкаридан емирилган, масжид шифтининг бир неча жойи ёрилган, бино ва унинг ичидаги ёзувлар жиддий зарар кўрган.
Қўшимчасига, арманлар муқаддас жойни ҳақорат қилиш учун бу масжидда атайлаб чўчқа боқишни бошлашган. Агдамдаги ушбу масжиднинг ҳозирги ҳолати арманларнинг 1954 йилда Гагада ҳарбий тўқнашувларда маданий меросни сақлаб қолиш бўйича қабул қилинган шартномани бузиш ҳисобланади.
1993 йилда арманлар ва озарлар ўртасида душманлик кайфияти авж олган даврда БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши Тоғли Қорабоғ бўйича 822, 853, 874 ва 884 рақамлари билан белгиланган тўртта резолюцияни қабул қилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 854 сонли резолюциясида (1993 йил, 29 июлда қабул қилинган) Агдам шаҳри ва Озарбайжоннинг яқинда босиб олинган бошқа ҳудудларидан босқинчи кучларнинг зудлик билан, ҳеч қандай шартларсиз, тўлиқлигича чиқиб кетиши талаб қилинган банд ҳам мавжуд.
Цивилизациявий ҳаёти, маданият борасидаги қадр-қиммати ва инфраструктурасидан маҳрум бўлган Агдам шаҳри бугунги кунда дунёнинг қўрқинчли харобаларидан бирига айланди. Британиялик журналист Томас де Вал Агдамни “кичик Ҳиросима” деб атаганди. Британиялик сайёҳ Жорж Митчел ҳам бу ерга “Кавказ Хиросимаси” дея ном берган.
Арманистон ҳарбий босқинлар орқали Озарбайжоннинг 20 фоиздан ортиқроқ ҳудудини босиб олди, 20 мингдан ортиқ одамни ўлдирди ва яна 50 минг кишини мажруҳ қилди.
Арманистоннинг озарларга қарши этник тозалаш сиёсатининг қурбонига айланган 1 миллиондан ортиқ озарлар 30 йилдан бери қочоқ мақоми билан дунёнинг турли ерларида сарсонликда ҳаёт кечирмоқда.
Дунё озар халқининг Қорабоғдаги узоқ йиллик маданияти поймол қилинишини жим кузатиб турмаслиги керак. Чунки, маданият бутун инсониятга тегишлидир. Дунёнинг қайсидир ҳудудидаги маданиятнинг вайрон қилиниши бутун инсониятнинг йўқотиши ҳисобланади.
Мақола муаллифи: Озабайжон Миллий академиясининг тарих институти бош тадқиқотчиси Нигор Гўзалова
Мақоланинг эълон қилинган вақти: 13 июл, 2020 йил