АҚШда… Ўзбекистонда…

0
1908
Манба: Википедия

АҚШда узоқ йиллардан буён истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Беҳзод Мамадиев Фейсбукда қуйидагича пост қолдирибди:

«Яқинда бир ой Ўзбекистонда бўлдим. 10 йилдан бери Америкада яшайман. Одамларни, урф-одатларни кузатишни яхши кўраман. Америкаликлар ва ўзбекистонликлар ўртасида кўзимга ташланган фарқлар, сафарим давомида ўзим гувоҳ бўлган баъзи ҳолатлар ҳақида ёзмоқчиман:

– Америкаликларда «одамгарчилик» йўқ. Қоидани буздингми, жазолашади. Барча нарсани қонун-қоида бўйича қилишади.

Ўзбекистонда таниш-билиш орқали ёки одамгарчилик юзасидан исталган ишингизни битириб беришлари мумкин. Агар мавжуд қоида ёки тартиб бўйича оёқ тираб туриб олсангиз, сизни ноинсофликда, «коммунист»ликда айблашади (Шукур Холмирзаевнинг «Ўзбек характери» ҳикоясига қаранг);

– Ўртача америкалик кийим-кечакка унча эътибор бермайди. Иш ёки кўчага чиқиш шартларига минимум даражада жавоб берадиган кийим бўлса бўлди.

Ўзбекистонликлар кийимга, айниқса, қимматбаҳо брендларга ўч. Тўйиб овқатланмаса ҳам, яхши кийиниши керак;

– Такси келса, америкаликлар орқа ўриндиққа ўтиради; ўзбекистонликлар, одатда, шофёр олдига;

– Америкада бировдан ойлик маошини сўраш одобсизлик ҳисобланади. Ўзбекистонликлар эса илк учрашувдаёқ ойлигинг қанча, деб сўрашдан тортинмайди;

– Ўзбекистонда шофёр олдига ўтириб хавфсизлик камарини тақсангиз, шофёр, “сизга шарт эмас”, дейди ёки “яхши ният қилинг, ака” деб тўнғиллайди. Америкада камар тақиш машинани ўт олдиришдек унутилмас одатга айланган;

– Америкада ГАИ машиналарни орқадан келиб тўхтатади. Яъни, қоидани бузсангиз, орқангизда полиция машинаси пайдо бўлиб, чироғини ёқади. Сиз четга чиқиб тўхташга мажбур бўласиз.

Ўзбекистонда ГАИ калтагини кўтариб тўхтатади;

– Америкада полициячи ҳужжатларни машина олдига келиб расмийлаштиради. Ҳайдовчи машинадан тушмайди ва полициячи билан баҳслашиши мумкин эмас. Баҳслашса, ўша заҳоти қамоққа олиниши мумкин. Шикоятини судга билдириши керак, уни айбдор деб топган полициячига эмас.

Ўзбекистонда шофёр машинадан тушиб ГАИ ходими олдига боради ва камида 15-20 минут ГАИга қоида бузмаганини тушунтиришга уринади. ГАИ ходими ҳам у билан тортишиб ўтираверади. Аслида 100 фоиз айбдор бўлса ҳам, жарима олган ҳайдовчи ГАИ ходимини бўралатиб сўкиб, кейин кетади;

– Америкада машиналар учун йўлаклар (полоса) сони нечта бўлса, машиналар қатори ҳам шунча бўлади.

Ўзбекистонда икки полосали йўлда учта ёки тўртта машиналар қаторини кўришингиз мумкин;

– Америкада чорраҳада светофор ишламай қолса, ГАИ ходими келгунча ёки светофор иши тиклангунча ҳайдовчилар ҳаракатни ўзлари бошқаради. Бир-бирига навбат берган ҳолда тўртта кўчада ҳам ҳаракат табиий ҳолда давом этади, ҳеч қандай тиқилинч бўлмайди.

Ўзбекистонда ҳамма тезроқ ўтиб кетишни хоҳлаб чорраҳа марказига интилади, натижада ҳеч ким ўта олмайди. Соатлаб тиқилинч пайдо бўлади;

– Америкада ҳамма бир-бирига жилмайиб қарайди. Бегоналар ҳам кўча-кўйда бир-бирига кўзи тушиб қолса, жилмайиб ўтади. Туртиниб кетса ёки қарши томондан келаётган одамнинг йўлини тўсиб қўйса, иккала томон бир-биридан узр сўрайди.

Ўзбекистонда нотаниш одамга жилмайиш мумкин эмас. Йўлда кимгадир туртиниб кетса, кечирим сўрашдан кўра сўкиниш, хўмрайиш кўпроқ;

– Америкада жамоатчилик ва шахсий ҳаёт ўртасида катта фарқ бор. Жамоат жойида ҳамма бир хил қоида ва этикага риоя қилади. Шахсий ҳаётда қонунни бузмаса бас, ҳамма хоҳлаганини қилади, бировнинг биров билан иши йўқ.

Ўзбекистонда одамлардан шахсий ҳаётда ҳам, жамоат жойида ҳам кўпчилик қабул қилган қонун-қоида ва этика нормаларига риоя қилиш талаб қилинади. Шахсий ҳаётида хато ёки кимларнингдир назаридаги бузуқликка йўл қўйган одам маломатларга қолиб кетади. Уни “ўлдириш”, “йўқ қилиб юбориш”га чақирувчилар ҳам кам эмас.

P.S.: Бу шахсий кузатувларнинг мутлақ ҳақиқат эканига даъвоим йўқ ?»

 

Манба: Хуқушунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналидан олинди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг