Афғонистонлик Қамар Гул исмли ўсмир қиз Толибоннинг иккита жангчисини отиб ўлдирди ва яна бир неча кишини яралади.
Бунга ушбу жангариларнинг Қамар Гулнинг ота-онасини уйларидан судраб чиқиб, уларни ўлдиргани сабаб бўлди.
Ушбу воқеа Гор провинциясида жойлашган қишлоқлардан бирида ўтган ҳафтада содир бўлди. Маҳаллий полиция раҳбари Ҳабибураҳмон Малакзоданинг сўзларига кўра, Толибон жанчилари қишлоқнинг раҳбарини излаб келишган. Қишлоқ раҳбари эса Қамар Гулнинг отаси эди. Қизнинг отаси Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаган. Айнан шунинг учун Толибон вакиллари уни уйидан судраб олиб чиқишган ва ўлдиришган. Бунга қаршилик қилган қишлоқ раҳбарининг хотини ҳам ўлдирилган.
“Ушбу воқеа пайтида уй ичида бўлган Қамар Гул АК-47 милтиғини олиб ота-онасини ўлдирган Толибоннинг икки жангарисини отиб ўлдирган ва уларнинг яна бир қанчасини ярадор қилган” дейди Малакзода.
Расмийларнинг бири Қамар Гул 14 ёшда деган бўлса, бошқаси эса унинг 16 ёшда эканлигини таъкидлаган. Чунки, Афғонистонда кўплаб одамлар ўзларининг ёшлари аниқ неччида эканлигини билмасликлари одатий ҳол ҳисобланади.
Ушбу ҳодисадан сўнг Толибоннинг бир қанча жангчилари Қамар Гулга ҳужум қилиш учун унинг уйига яна келишди. Лекин, қишлоқдаги баъзи одамлар ва ҳукумат ҳарбийлари отишмалар уюштириб, уларни ҳайдаб юборишган.
Шундан кейин Афғонистон хавфсизлик кучлари Қамар Гул ва унинг укасини хавфсиз жойга олиб кетишди, дея хабар берди Гор провинцияси ҳокимининг матбуот вакили Муҳаммада Ориф Абер.
Мазкур воқеадан сўнг ижтимоий тармоқларда Қамар Гулнинг “қаҳрамонона” ҳаракатини олқишлашди. Сўнгги кунларда Гулнинг рўмол ўраган ва қўлида милтиқ ушлаб турган расми интернет орқали тарқалди.
“Унинг жасоратига қойил! Жуда яхши” деб ёзган Нажиба Раҳми исмли Фейсбук фойдаланувчиси.
“Ота-онанинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Лекин, сенинг қасосинг қариндошларингга таскин беради” дейди Муҳаммад Солиҳ ўз постида.
Маълумот учун, Толибон Афғонистон ҳукумати ва хавфсизлик кучларига хабар етказиб туришда гумонланган одамларни мунтазам равишда ўлдириб келади.