Шанба куни Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Коча мамлакатда коронавирус билан касалланганлар 82 329 нафарга етганлигини маълум қилди. Эндиликда Туркия беморлар сони бўйича Эрондан ўзиб кетди ва Яқин Шарқдаги вирус энг кўп тарқалган мамлакатга айланди.
Кочанинг айтишича, касалланганлар сони сўнгги 24 соат ичида 3 783 тага кўпайди ва 121 киши вафот этди. Қурбонлар сони 1890 кишига етди. Ҳозиргача жами 10 453 киши коронавирусдан шифо топди. Шунингдек, бир кунда 40520 киши коронавирус текширувидан ўтказилган.
Туркия Ички ишлар вазирлиги берган хабарларга кўра, аввал 31 та шаҳар орасида қўйилган ҳаракат чеклови яна 15 кунга узайтирилди.