Покистонда масжидларга қўйилган чекловлар бекор қилинди

0
1864
Фото: AFP/Asif Hassan

18 апрель куни Покистон масжидларида жамоат намозларига қўйилган чекловлар олиб ташланди. Аммо, ибодатга келганлар мамлакатда коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун бир қатор хавфсизлик чораларига амал қилишлари зарур. Мазкур чекловлар бир ой олдин карантин чораси сифатида жорий қилинганди.

Покистон президенти Ариф Алви ва диний раҳбарлар учрашиб, қабул қилинган чекловларни бекор қилишга қарор қилишди. Чунки, муқаддас Рамазон ойининг бошланишига бир ҳафтадан кам вақт қолмоқда. Одатда, бу ойда масжидга келадиган мусулмонларнинг сони анча кўпаяди.

«Керакли чораларни кўриш шарти билан масжидларнинг очилишига рухсат берилади», дейилади йиғилишдан кейин берилган баёнотда. Ушбу баётнотга кўра, масжидга ташриф буюрувчилар ниқоб тақишлари шарт. Шунингдек, ибодат қилувчилар одатий елкама елка туриб эмас, балки бир бирларидан 2 метр масофа сақлашлари ва маъмурият масжид ҳудудини мунтазам равишда дезинфекциялаши ҳақида қарор қабул қилинди.

Покистон ҳукумати жамоат намозига қўйилган чекловлар сабаб босим остида қолди ва мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Карачида масжидга келганлар билан полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлган.

Шу ҳафтанинг бошида таниқли уламолар чекловларни бузиш билан таҳдид қилишганди. Улар намозлар мусулмонлар учун жуда муҳим эканлиги ва хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда уларнинг очилишига рухсат берилиши кераклигини таъкидлашганди.

200 миллиондан ортиқ аҳолига эга Покистонда ҳозиргача 7,638 киши коронавирус билан касалланган ва уларнинг 143 таси вафот этган. Соғлиқни сақлаш мутасаддилари одамларнинг йиғинлари катта хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирмоқда. Улар мамлакат соғлиқни сақлаш тизими вируснинг кенг миқёсда тарқалишига дош беролмаслигидан хавотирдалар.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг