“Ал-Будур ал-музийя фи тарожим ал-ҳанафийя” китоби ҳақида

0
2600
Фото: facebook.com

Юқоридаги суратдаги китоб ҳанафий олимларининг таржимаи ҳоллари ва илмий мерослари ҳақида маълумот берувчи, роппа-роса 23 жилддан иборат “ал-Будур ал-музийя фи тарожим ал-ҳанафийя” (“Ҳанафий олимларининг таржимаи ҳоллари ҳақида зиё сочувчи тўлин Ойлар”) номли асардир.

Уни Бангладешлик олим Муҳаммад Ҳифзурраҳмон ал-Кумиллаий ҳафизаҳуллоҳ тартиб берган бўлиб, ўзлари Девбанд уламоси Абдуррашид ан-Нуъмоний раҳимаҳуллоҳнинг шогирди ҳисобланади.

Унда 6 271 таржимаи ҳол мавжуд, жами 9 072 бетдан иборат. Китоб 2018 йили Мисрда “Дор ас-Солиҳ” нашриётида чоп қилинган.

Мазкур китоб ҳанафий олимлари тўғрисида маълумот берувчи ҳозирча энг йирик ҳажмли манба ҳисобланади. Тўрт мазҳаб олимлари – шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар тўғрисида маълумот берувчи китоблар ҳам талайгина.

Ушбу хилдаги асарлар: “Мазҳаб тутиш шарт эмас, мен тўрт мазҳабнинг бирортасига тақлид қилмайман, ўзим оят-ҳадисдан ижтиҳод қилавераман, мазҳабларга тақлид қилиш ҳаром ва бидъат”, дегувчиларга, шунингдек, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини ёмонловчи бемазҳабларга танбеҳ ҳисобланади.

Мазҳаблар шакллангандан кейинги, мужтаҳидлар замонидан сўнг ислом тарихидаги олим-уламоларнинг ҳар бири бирорта мазҳабни маҳкам ушлаган бўлиб чиқади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига эргашиб, тақлид қилишлари эса у зотнинг барҳақ мужтаҳид эканлигини исботлайди.

Мазкур 23 жилдлик китобдаги ҳанафий олимлари тўғри йўлдадирлар, уларнинг миллионлаб асарлари эса мусулмонлар учун йўлбошчи бўлиб келмоқда.

Уларнинг аксарияти бизнинг ватандош, юртдош ота-боболаримиз экани эса инсонга фахр туйғусини беради. Бугунги авлод ҳам бемазҳаблардек эмас, балки ушбу олим-у уламолардек мазҳаб пешволари ва ҳанафий мазҳабига амал қилувчи мусулмонлари бўлмоқлари керак.

Аҳли илмларимизга эса мазкур китобдан қўлга киритишларини тавсия қиламан.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг