«Қўғирчоқлар» ҳажвий дастурининг қисқача тарихи ҳақида

0
1614
Фото: www.youtube.com

Россиянинг «НТВ» телеканалида 1994—2002 йилларда «Кукли» («Қўғирчоқлар»)  номли ҳажвий (сатирик) дастур бўлган. 1995 йили шу дастур ижодкорларига нисбатан «шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга дастурнинг бир сонида ҳақиқий сиёсий арбоблар қашшоқ, уйсиз ва гадой қилиб кўрсатилгани сабаб бўлган. Кейинроқ жиноят иши ёпилган.

«Эхо Москви» радиостанцияси раҳбари Алексей Венедиктов жиноят иши Россиянинг ўша вақтдаги президенти Борис Ельцин журналистларнинг ҳар қандай танқидларига чидагани учун ҳам ёпилган, дейди. Қуйида журналистнинг ўша воқеалар ҳақида қисқача хотираси («Знак.кўм»дан таржима қилинди):

«Борис Николаевич [Ельцин] матбуотни жуда ёмон кўрарди. Нима десангиз денг — кўргани кўзи йўқ эди, матбуотни. Лекин чидарди.

НТВдаги «Қўғирчоқлар» билан боғлиқ воқеа ёдингиздами? Борис Николаевич бўлса Гусинский холдинги журналистларидан фақат мени биларди, чунки у билан бирга юрган ва учган эдим, шунинг учун муаммони ҳал қилишга мени юборишди.

Шундай дейишди: «Бор-да, ҳал қил!». Ахир у ерда жиноий иш қўзғатилганди.

Ҳалиги бош прокурор вазифасини бажарувчининг олдига бордим. Ильюшенко эди шекилли фамилияси. Алексей Ильюшенко. Уни кутиб ўтирибман. У бўлса Борис Николаевичнинг олдига шу иш бўйича ҳисобот бергани кетган. Мен бўлсам Бош прокуратурада ўтирибман ва ўйлаяпман: бу ерда ҳақиқатан ҳам бирдан зиндонга туширадиган тугмача бормикин?.. Ё одамга ўхшаб ордер ёзиб беришармикин? У эса Борис Николаевичнинг олдида — узоқ қолиб кетди. Мен бўлсам Бош прокуратурада ўтирибман.

У қовоғидан қор ёғилгудек бўлиб қайтди. Ўзича жиноят иши очмоқчи эди. Унинг кайфиятсизлигини кўриб, дарҳол жилмайдим — ҳаммасини тушуниб бўлгандим.

У: «Нега куляпсан?», деди. Мен унга: «Ҳа, Борис Николаевич бизга зуғум ўтказишингизга қўймадими?», дедим. У бўлса нима бўпти, дегандек қилди. «Нима деди ўзи? Қизиқ-да. Тарих учун қизиқ», деб сўрадим.

Гап бошлади-да, ўзи ҳам Борис Николаевични пародия қилди — шунда ҳамма «худди Борис Николаевичдек чиқди» деб юборди: «У: ‘Мен буларга (журналистларга) чидаяпман, сен ҳам чида’, деди». Мен яна сўрадим: «Унда бир соат нима қилдиларинг?». Бош прокурор: «Мен уни бир соат жиноят иши қўзғатишга кўндирмоқчи бўлдим, у бўлса фақат шу гапни айтди ва кетавер, деди».

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг