“Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида ким ғолиб бўлди?

0
618
Фото: Халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати. Танлов қачон ва қаерда, кимлар иштирокида бўлиб ўтганлиги ҳақида қуйидаги хабар орқали билиб олишингиз мумкин. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Фото: Халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этди.

Шунингдек, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари вакиллари, талабалари, танлов иштирокчилари, Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар қатнашди.

Фото: Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Дастлаб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг ўтказилиш мақсади, мазмун-моҳияти, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шароит ва берилаётган имконият, айнан янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг дахлдорлик ҳисси билан фаол иштирок этиши муҳимлигини айтиб ўтди. Ўтказилган танловда ҳам иштирокчиларнинг Ватан туйғусини дилга жо айлаб, ёзган иншоларида акс этишга ҳаракат қилганлари эътироф этилди.

Учрашувда сўз олган давлат ва жамоат арбоблари ҳам бу борада ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Шундан сўнг “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Дастлаб ҳакамлар ҳайъати таклифи билан жорий этилган номинациялар совриндорлари мукофотланди.

“Ёш ватанпарвар” номинациясида Ўзбекистон халқаро ислом академияси академик лицейи “Хорижий филология” йўналиши 1-курс ўқувчиси Муслима Муратова, “Безовта қалб” номинациясида Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 3-курс талабаси Икромбек Илҳомий, “Энг самимий дил изҳори” номинациясида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 3-курс талабаси Абдувахоб Абдурашидов, “Истиқболга собит ишонч” номинациясида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Зоҳиджон Юсуфов, “Фидойилик руҳи” номинациясида Жўбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 2-курс талабаси Озода Сатторова, “Маърифат руҳи” номинациясида Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 4-курс талабаси Амина Хўжаёр Тошмурод қизи, “Чет тилида равон ёзилган иншо” номинациясида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 1-босқич талабаси Элдорбек Йўлчиев тақдирланди.

Шунингдек, “Энг яхши ижодий ёндошув” номинациясида Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 4-курс талабаси Ёлқин Муқимов, “Теран талқинлар” номинациясида “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Жаҳонгир Холмуродов, “Энг яхши Ватанпарварлик ғояси” номинациясида Ҳадис илми мактаби Исломшунослик йўналиши 3-курс талабаси Саидмаҳмуд Парпиев, “Миллий руҳ” номинациясида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик йўналиши 4-курс талабаси Иродахон Абдуманнопова, “Беғубор туйғулар” номинациясида Жўбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Фотима Туробова тақдирланди.

Юқоридаги номинация ғолибларига мутасаддилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи учинчи ўринига уч нафар — “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Равшанбек Абдурахимов, Тошкент ислом институти Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Эъзозхон Йигиталиева, Қорақалпоғистон Республикаси Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 3-курс талабаси Азизбек Атамуратов лойиқ топилди. Учинчи ўрин совриндорлари 3-даражали диплом ва 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Танловнинг республика босқичи иккинчи ўринига икки нафар — Мир Араб олий мадрасаси Исломшунослик йўналиши 1-курс талабаси Асрорбек Тешабоев ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Зиёрат туризми” таълим йўналиши 3-курс талабаси Муҳаммадамин Маманов эгаллади. Иккинчи ўрин совриндорлари 2-даражали диплом ва 20 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи 1-ўрин ғолиби Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исломшунослик йўналиши 2-курс талабаси Муртазо Мусаёров муносиб деб топилди. Биринчи ўрин ғолиби 1-даражали диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Фото: Халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи 1-2-3-ўрин совриндорларининг устозлари ҳам пул мукофоти билан тақдирланди.

Танлов низомига кўра, республика босқичи иштирокчиларининг барчаси ноутбук билан тақдирланди.

Таҳририятдан.

Танлов мавзусига олиб чиқилган сўзлар кўпчиликка таниш бўлсада, бундай танловда кимлар ва қандай мазмундаги иншолари учун ғолиб бўлганлиги кўпчилик учун қизиқ бўлса керак. Келгуси материалимиз орқали танлов ғолибларининг иншоларидан намуналар бериб боришга ҳаракат қиламиз.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг