Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар аниқланиб, малакали кадрлар тайёрланади

0
2003
Фото: minbar.uz

Ёшларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида ушбу вазирлик тузилмасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилади ва мазкур департамент томонидан бажариладиган вазифалари белгилаб берилган.

Қарорнинг эътиборли бандларидан бирида халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгилаб қўйилган:

1-ўрин (олтин медаль) учун — 500, ўқитувчисига — 450 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) учун — 300, ўқитувчисига — 250 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) учун — 200, ўқитувчисига — 150 баравари;

б) асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун — 50 баравари;
2-ўрин учун — 35 баравари;
3-ўрин учун — 30 баравари;

в) халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади;

г) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:
халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;
асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади;

д) олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

 

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг