Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар (фильм сценариси асосида тайёрланган материал) 1- қисм.

0
3203
Фото: tunnel.ru

Янги масканни излаш амали

Ҳозирга қадар Усмоний турклар ўтмиши, кечмиши, тарихи хусусида кўплаб фильмлар яратилган, тарихий мақолалар битилган. Лекин сулоланинг қандай пайдо бўлиши ҳам кўпчиликни қизиқтириши тайин. Шуни ҳисобга олиб, биз ўша олис тарихга сиз билан биргаликда назар ташлашга аҳд қилдик…

Тарихий маълумотларга кўра, 12 -асрда, аниқроғи, 1150 йилларда Яқин шарқда «Кайи» туркманлар қабиласи умргузаронлик қилган. Улар Туркманистондан Яқин Шарққа кўчиб ўтган ҳисобланиб, унга қадар Хоразм шоҳи тасарруфида бўлган. Қабилага Сулаймоншоҳ исмли бий етакчилик қилган. Қабила аъзолари ўша давр талабига кўра кўчманчи халқ сифатида ҳаёт кечирган. Қабиланинг тирикчилиги асосан мол-қўй боқиш, бошқа қабилаларга тери, жун ва шу каби маҳсулотларни сотишдан иборат бўлган.

Сулаймоншоҳ етакчилик жараёнида адолат, ҳалолликка алоҳида эътибор қаратарди. Рафиқаси Хайми момо ота-онаси душман тарафидан ўлдирилган, ёки Худонинг хоҳиши билан оламдан ўтган болаларни асраб олиб, бошини силарди. Шу сабабли бўлса керак, бу оилани ҳатто қўшни қабиладагилар ҳам жуда севишарди.

Сулаймоншоҳнинг тўрт ўғли бўлган. Улар Сунгур текин, Кунтуғди, Эртуғрул ва Диндар бўлиб, барчалари жанговар муҳитда тарбияланган.

Аммо тўрт ўғил орасида Эртуғрулгина ўта жасур, бир сўзли, қатъиятли, тўғри сўз, фақат Худодангина қўрқувчи йигит бўлиб улғайган. У сир сақлашда ҳам тенгсиз эди. Бировга бўлар-бўлмас гапларни сўзламасди. Кунтўғди ва Сунгур текин эса ҳийла қўрқоқ, оқимга қарши сузишни хушламасди. Бу феъли кейинчалик душман билан тўқнаш келинган пайтда аниқ кўриниб қолди…

Хуллас, қабиланинг муқим яшаб турган манзилида ойлар ўтиб қурғоқчилик ҳукм сура бошлади. Бундай шароитда тез орада чорва қирилиб кетиши ҳеч гап эмасди. Шундай кунларнинг бирида Сулаймоншоҳ бийлар кенгашини чақирди. Чунки ҳар бир жиддий режа қабиладаги обрўли бийлар кенгашида муҳокама қилинар, биргаликда бир қарорга келинарди.

Бийлар Сулаймоншоҳнинг фикрини бир овоздан тасдиқлашди. Ҳаммалари янги манзил қидириб топишга қарор қилишди. Аммо бунинг учун жасур ва кучли жангчи зарур эди. Негаки, ўша даврларда Яқин шарққа бир томондан мўғуллар, иккинчи томондан салбичилар, «тамплиэр»лар жиддий хавф соларди.

Айниқса, насронийлар маҳаллий аҳолини қириш, ўз динини тарғиб қилишда фақат қилич, зўравонликдан фойдаланарди. Бу йўлда ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Сулаймоншоҳ бийлар билан маслаҳатлашиб, янги маскан излаш учун ўғли Эртуғрулни юборишга аҳд қилди. У ёнига ўзига яқин жангчиларнинг бир нечтасини олиб Ҳалаб амирлигига жўнади.

Агар иш ўнгидан келса, бийлар Ҳалаб амирига янги ер эвазига 2 минг нафар жангчи ҳадя этишни мўлжаллашганди.

Эртуғрул амир билан шахсан учрашиб, қабиладошлари илтимосини етказди ва илтимос қондирилиб, уларга Ҳалаб яқинидан серўт, серсув манзил ажратилди. Лекин бу манзил ёнбошида қадимий қалъа бўлиб, ичкариси салбчилар билан лиқ тўла эди. Демак, улар «Кайи» қабиласига бу ерларда яшаш учун изн бермаслиги аниқ эди. Аммо Эртуғрул насроний тўдалар зуғумидан қўрқиб ўтирмади. Шу масканга қабиладошларини олиб келишга астойдил бел боғлади.

«Курдўғли — хоин»

Қадимий турк сулоласига яхшилаб назар ташлайдиган бўлсак, хоинлик атамаси жуда кўп учрайди. Деярли барча даврларда қаҳрамонлар билан бир қаторда хоинлар албатта яшаган. Ачинарлиси, улар бегона эмас, қаҳрамонларнинг яқин қондош, жондош, тобуткашларидир.

Усмонийлар сулоласининг асл негизи, пойдевори ҳисобланмиш Эртўғрул бий даврида унинг амакиси, отаси Сулаймоншоҳнинг ягона укаси, жигари Курдўғли бий ўз исқирт ишларини хуфиёна тарзда амалга ошириб, акасини «Кайи» қабиласи етакчилигидан четлатиш, унинг ўрнига Эртуғрулнинг акаси Кунтуғмишни тахтга ўтқазиш ҳаракатида бўлган.

Режаси бўйича, агар Кунтуғди қабила етакчисига айланса, барибир асосий рол Курдўғли зиммасида бўлиши лозим эди. Негаки, Кунтуғдининг феълини болалигидан яхши биларди.

Бу алп кўнгилчан, анчагина қўрқоқ, оқимга қарши сузишни хуш кўрмайдиганлар хилидан эди. Лекин Курдўғли бу ҳаракатларни ёлғизликда амалга оширмади. У Кунтуғдининг рафиқаси, Сулаймоншоҳнинг асранди қизи Сейжан ёрдамида иш олиб борди. Сейжан ҳам Сулаймоншоҳга бир гап бўлса, тахтни Эртуғрул эгаллаб қўйишидан қўрқарди. Шу сабабли амакининг таклифларини бажонидил қабул қилиб, қўлидан келганча унга ёрдам қўлини чўзди…

«Кўза кунда эмас, кунида синади», деганларидек, Курдўғли ифлос ишларини охирига етказа олмади. Улгурмади. Сезиб қолишди. Шубҳасиз, Эртуғрул ўзининг зийраклиги боис амакисининг чиркин ҳаракатларини ўз вақтида англаб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга маълум қилди.

Сулаймоншоҳ дарҳол бийлар кенгашини чорлаб, масалани кўндаланг қўйди. Кенгаш иштирокчилари бир овоздан Курдўғли қатл этилиши лозимлигини талаб қилди. Қатлни барчанинг кўз ўнгида Эртуғрул ижро этди. Шундай қилиб, «Кайи» қабиласи ўта хавфли сотқиндан халос бўлди.

Ҳалима

Бу аёлнинг номи тарих зарварақларининг тўридан ўрин эгаллаган. Чунки айнан Ҳалима Эртуғрулга бир умр ишончли ҳамроҳ, ҳаммаслаҳат, ҳамдард ва садоқатли ёр бўлиб қолди. Лекин бу аёл қаердан пайдо бўлганди?..

Маълумингизким, «Кайи» қабиласи умргузаронлик қилган ерлар, Яқин Шарқдаги кўплаб қабилалар Кўнияни ўз пойтахтига айлантирган салжуқийлар султонлигига тегишли бўлган. Демак, қабилалар ҳам салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубодга итоат этган.

Кунларнинг бирида салжуқийлар султонлиги шаҳзодаларидан бири ўз қондошлари тарафидан таъқиб остига олинди. Ўша даврда ҳам салжуқийлар султонлигида тахт эгасининг қолган ака-укаларини қатл этиш доирасидаги қонун мавжуд эди. Яъни, гўёки давлат тинчлигини асраш мақсадида тахтга ўтирган султон ака-укаларини оммавий тарзда қатл этиши шарт эди.

Ҳалиманинг отаси ҳали вояга етмаган ўғли Йигитали ва қизини ёнига олиб ишончли одамлар кўмагида қатлдан қочишга муяссар бўлди. Бахтга қарши йўлда улар салбчилар ҳужумига учрашди.

Эслатиб ўтамиз, салбчилар европалик насронийлар рицарлари саналиб, мусулмонларга қарши шафқатсиз жанг олиб борган. Аста-секинлик билан бўлса-да, ўз ҳудудларини кенгайтириш ҳаракатида бўлган.

Худди ўшалар шаҳзода ва фарзандларини қўлга олди. Улар салжуқийлар султонлигида шаҳзодаларга қарши ҳаракатлар бошланганидан жуда яхши хабардор эдилар. Шу сабабли шаҳзодани амалдаги султон Оловиддин Кайқубоднинг қўлига топшириб, эвазига катта пул ёки маълум ҳажмга эга ҳудудни ҳадя сифатида олишни мўлжаллашганди.

Қаттиқ адашишибди. Эртуғрул ўша куни жанговар дўстлари Тургут, Бомси билан бирга ўрмонда ов қилаётганди. Шаҳзода ўтирган фойтун ва салбчиларни кўриб қолди. Шаҳзода ва фарзандлари асирда эканини дарров илғади. Уч ўғлон насронийларга ташланиб, тез фурсатда шаҳзода ва болаларини озод этишди.

Эртуғрул шаҳзодани қабилага келтириб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга тушунтирди. «Кайи» қабиласи одати бўйича келган меҳмон уч кунга қадар эъзозда бўларди. Агар меҳмон ярадор бўлса, то тузалиб кетмагунча кетишга рухсат беришмасди. Бундан ташқари, меҳмон ким бўлишидан қатъи назар кимдир уни таъқиб этаётган бўлса, сотиш, таъқиб қилаётган кимсага меҳмонни топшириш тақиқланарди. Шаҳзода оғир яраланган экан. Уни қабила табиби даволай бошлади.

Орадан маълум вақт ўтгач эса Эртуғрул ва Ҳалима ўртасида муҳаббатга ўхшаш сирли, қайноқ туйғу пайдо бўлди.

Ажойиб кунларнинг бирида улар турмуш қуришди. Бахтга қарши кейинчалик Ҳалиманинг отаси ва укаси ёмонлар қўлида ҳалок бўлди.

Эртуғрул ва салбчилар

Эртуғрул тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у ўз даврининг ҳар жиҳатдан мукаммал шахси ҳисобланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. У 1150 йилларда авжи алп сифатида кучга тўлган, курашиб, савашиб тўймайдиган ёшга етган. Қолаверса, нафақат Сулаймоншоҳ етакчилигидаги «Кайи» қабиласида, балки минглаб километрлар радиусдаги ҳудудларда ҳам Эртуғрулга етадиган жангчи йўқ эди.

У қўл жанги, қиличбозлик, найзабозлик, камондан отиш каби жанг санъатларини мукаммал эгаллаган, билагидаги куч ҳам ўша санъатни қойилмақом кўринишда намойиш этиш учун етарли эди.

Эртуғрулнинг армияси дастлаб тўрт-беш кишидангина иборат бўлган. Буни кейинчалик Конядаги салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубод ҳам ҳазил аралаш таъкидлаб ўтганди.

— Эртуғрул, — деганди султон барча вазир-у уламолар қаршисида. — Тўрт-беш аскардан иборат армияси билан султонларнинг бутун бошли қўшини забт эта олмаган Қоражахисар қалъаси, Хонли бозорни эгаллаб, мана, бизга ҳам қўлга киритилган олтинлардан улуш келтирибди!..

Ҳақиқатан, Эртуғрул салбчилар билан Ҳалаб яқинидалик пайтидаёқ илк бор тўқнаш келганди. Бунга қадар Эртуғрул жасур, енгилмас, кучли ва моҳир алп сифатида дунёнинг деярли ярмига танилиб улгурган. Ҳатто, кейинчалик Чингизхон авлодлари ҳам Эртуғрулни енгиш, синдириш, у эгалик қилиб турган ҳудудларни ўзлаштириш ниятида бутун бошли армия йўллашдан тийилмаган. Бу ҳақда кейинги қисмларда алоҳида тўхталиб ўтсак бўлади.

Гап ҳозир салбчилар, ўша давр насронийлари ҳақида кетаркан, улар мусулмонлар жойлашган давлатларга кириб келиб, бутун бошли қалъалар, шаҳарларни босиб олишган, насронийлар дунёга етакчилик қилишини исташган. Ҳалаб яқинидаги мустаҳкам қалъада ҳам салбчиларнинг бутун бошли қўшини жангга шай турар, ҳар куни алоҳида отрядлар чиқиб кетиб қайсидир ҳудудларни босиб олиш, аҳолини қақшатиш, борини талаш билан шуғулланарди.

Насронийлар рицарлари ўз мақсади йўлида маҳлуқдан баттар эди. Раҳм-шафқат нелигини билишмасди. Тан олиш керак, салбчиларнинг рицарлари жанг санъатини мукаммал эгаллашда Эртуғрул кабилардан сира қолишмасди. Шу сабабли рицарлар асосан қўшинларга командир этиб тайинланарди.

Эртуғрул Ҳалаб яқинида дастлаб Титус исмли насронийлар рицарига рўбарў бўлди. Титус озғиндан келган, турк тилини яхши ўзлаштирган, чайир, уддабурон, қайтмас, совуққон, шафқатсиз ва ўта ёқимсиз характерга эга эди.

Илк тўқнашувда Эртуғрулнинг ўзига нисбатан ҳар жиҳатдан кучлилигини Титус тан олди. Шунинг учун унга қарши кўпчилик бўлиб жанг қилиш керак деган тўхтамга келди. Шу ниятда кўп бор уриниб кўрди. Барибир фойдаси бўлмади. Ҳар гал Титуснинг аскарларигина ўлим топди. Эртуғрулни синдира олмади, қабиласини эгаллаб ола билмади.

Юқорида таъкидланганидек, Эртуғрулнинг армияси асосан тўрт-беш кишидан иборат эди. Уларнинг бири Бомси. Барваста, бир ўтиришда битта қўйни паққос тушириб, кекира-кекира кетаверадиган, ўта кучли эмоцияга эга йигит. У икки қўлида иккита қилич тутган ҳолда жанг қилишни хуш кўрарди. Бу Бомсининг жанг усули эди.

Тургут. У ҳам Бомси каби барваста, жиддий қиёфали, феъли жуда тор, аммо жасур йигит. Тургут асосан қўлига вазни 20 килоча келадиган болта тутган ҳолда душманга қарши курашарди. Болтани отса, эллик метр наридаги душман аскарини бехато қулата оларди.

Учинчи алп — Сомса. У паст бўйли, аммо жуда абжир ва чайир, қиличбозликда унга тенг келадигани топилмасди. Дўған. Бу йигит ҳам ҳали шериклари каби уйланмаган, айни кучга тўлган, моҳир, уддабурон, кучли жангчи эди. Унинг ўзига хос фазилати шунда эдики, Дўған душманга калла солишни ёқтирарди. Бир марта калла солса, тамом, душман тил тортмай ўларди.

Худди шу беш кишилик армия билан Эртуғрул насроний босқинчиларига қарши узоқ вақт кураш олиб борди. Бахтга қарши уларни тўлиқ забт этишнинг имкони топила қолмади. Шунда у айёрона усулни қўллашга аҳд қилди. Яъни, насронийлар жойлашиб олган мустаҳкам қалъанинг яширин йўлини топди. Бу йўл орқали насронийларга қурол, от, емиш ташиларди.

Йўл фақат ўзларигагина маълум эди. Агар шу йўл орқали ичкарига кириб борилса, насронийлар отрядлари аросатда қолиши ва кутилмаган ҳужумлар туфайли ўлим топиши аниқ эди. Эртуғрул сўнгги жангга қабиладаги бор қўшинини жалб этди ва ниҳоят айёрона усул ўз самарасини берди.

Қалъа эгалланди. Салбчилар отрядлари ўлим топди. Фақат уларнинг дала командири, Эртуғрулнинг биринчи рақамли душмани Титус қочиб кетди. Эртуғрул барибир кўнглига тугиб қўйди. Бир кунмас бир кун Титус албатта қўлга тушишига ишонди. Чунки Титус шунчаки қўрққанидан қочмаган, балки Эрон тарафларга ўтиб янги қўшин тўплаш ниятида йўлга чиққанини, бир кун албатта ортга қайтиб Эртуғрул армиясига ҳужум йўллаш нияти борлигини биларди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг