Ўртатурк тили: у нечоғлик муҳим?

0
2749
Фото: in.pinterest.com

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлганида жуда кўпчилик қувонгани рост. Чунки бундай жипсликни халқимиз қарийб юз йил кутди.

Бир аср муқаддам жадид боболаримиз туркий халқларнинг бир мақсад ва бир ғоя йўлида бирлашувини ўзларининг олий мақсадлари деб билишганининг ўзиёқ бу қадамнинг ҳам тарихий, ҳам замонавий кўламини кўрсатиб туради.

Гап шундаки, бугун худди узоқ қардошдай бўлиб қолган туркийлар, дейлик, дунёда славян, роман, аглюнатив, ҳинд-европа деб аталган халқларга нисбатан тарихан бир-биридан ва илдизидан буткул узилиб кетмаган, ягона маданий-маънавий макон чегарасида яшаётган халқлар саналади.

Фақат тарих бу халқларни ва бу лаҳжаларни турли номда турли макону масканларга сочиб ташлаган, холос. Аслида ана шу ягона маданият Турон кенгилигидан тортиб, Европагача бўлган барча тамаддунларда иштирок этган, бу тарихий жарёнларда ўз изини, имзосини қолдирган. Буни бугунги илм-фан ҳам эътироф этади.

Қолаверса, ҳозирги кунда маданий-маънавий, сиёсий интеграциялашув бу давлатларнинг истиқболдаги мақомига қўйилган кўприк ҳам бўлади. Шу маънода, туркий хақларнинг навбатдаги саммитига узоқ йиллардан бери муҳокама қилиб келинаётган “Ўрта тил” масаласи киритилса, ажойиб иш бўларди.

“Ўрта тил” аксар кишилар таъкидлашаётгандек, сунъий яратиладиган тил эмас, балки, барча туркий давлатларнинг сўзлашув тили, бошқача айтганда, барча туркий халқлар учун бирдай тушунарли бўлган тилни яратиш дегани.

Бу шуниси билан аҳамиятлики, ягона адабий тил, энг аввало, ягона умумтуркий адабиёт, умумтуркий санъат дегани. Агар бугун миллий адабиётимиз 33 миллионлик аудиторияга эга бўлса, ўрта тил адабий тили яратилгач, шоир ва ёзувчилар икки юз миллионлик адутиорияга эга бўлади. Бу эса нафақат адабиёт, балки маданиятнинг тараққий этиши ва ривожланишига катта туртки беради.

Узоққа бормайлик, Лотин Америкасининг адабиёти, санъати, киноси, умуман, маданиятининг ХХ асрда беқиёс тараққий этиши омилларидан бири, шубҳасиз, бу мамлакатлардаги ягона испан тилининг бутун бир қитъада адабий тил вазифасини бажариб келаётгани билан боғлиқ.

Айнан ана шу сабаб дунёга Борхес, Бенедетти, Неруда, Мистрал, Маркес, Льоса, Кортасар, Онетти, Амаду каби юзлаб буюк адиблар, санъаткорлар, расссомлар, умуман, буюк бир уйғонишни инъом этган.

“Ўрта тил” дегани, аслида, ана шу тарихий вазифани ўташи керак. “Ўрта тил” барча туркий лаҳжаларни бирлаштиради, бир мақсад йўлида жипслаштиради. Бу эса келажакдаги маданий, маънавий интеграцияга асос бўлади. Қисқаси, “Ўрта тил” туркийларнинг қипчоқ, ўғуз, қарлуқ-чигил лаҳжалари бирлашувидан яраладиган умумий тил бўлади.

Ушбу масалани туркий тилли давлатлар саммитида Ўзбекистон биринчи бўлиб кўтариши керак. Чунки бизда туркий халқларнинг учала (қипчоқ, ўғуз, қарлуқ-чигил) лаҳжаси ҳам мавжуд. Бошқа бирор бир туркий давлатда бундай маданий ҳодиса йўқ.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг