“Ўқитувчи мақоми тўғрисида” Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

0
3045

Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Вазирлик ахборот хизматининг ёзишича, ушбу Қонуннинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалашни, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқейи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг мақомини ва педагогик фаолият принципларини ҳамда ўқувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимни белгилаб беради. Шунингдек, ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланади. Хусусан, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган тўловларни, жумладан даврий нашрларга обуна бўлиш, асоссиз маошидан ушлаб қолиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасига кўра, таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнат, шаҳар ва туман ҳудудларини кўкаламлаштириш ва ободлаштириш ишларига, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва шунга ўхшаш бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади. Ота-оналар ўқитувчининг профессионал мажбуриятлари доирасига кирадиган масалаларга асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар. Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва индивидуал педагогик фаолиятга доир ҳуқуқларини белгилаб бериш ҳам кўзда тутилган.

“Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳамюртларимиз ўз муносабатларини фаол тарзда билдиришмоқда.

Жумладан, муҳокамада иштирок этган Ойбек Алиевнинг фикрича, “ўқитувчини ваколатида бўлмаган ишларга жалб этиш учун белгиланган жазо жуда ҳам енгил ва кулгили. Ўзи жамиятни асосий фожиаси шу. Ортиқча ишларга жалб этилган, ортиқча қоғозбозлик талаб этилган ўқитувчининг ўқувчилари қотил бўлади, ўғри ва каззоб бўлади.Масалан, ўзингиз ўйланг: ичиб машина ҳайдаган ҳайдовчи, қора бозордаги валютафурушларга қандай жазолар қўлланилади? Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш даражасига олиб борилади. Таълим сифатини бузган мансабдорларнинг айби бунданда каттароқдир, шундай экан уларни сўзсиз мансабдан олиш ва ҳатто таълим тизимига яқинлаштирмаслик керак”.

Авазбек Маликов эса “13-моддада кўрсатиб ўтилган “мажбурий обуна” жумласини қўйиш катта хатоликдир” деб ҳисоблайди. – “Агар жумла қолдирилиб, қонун кучга кирган тақдирда мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг бирортаси, ҳатто раҳбарлар ҳам газета ва журналларни ўқимай қўяди. Ўзлари хоҳлаб бирорта газета ва журналларга обуна бўлишмайди. Газета ўқимаган раҳбар, ўқитувчи қандай қилиб ўқувчиларга юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва энг асосийси жорий қилинаётган қонунларни тушунтириши, бохабар қилиши мумкин?! Ўқитувчи ўз мутахассислиги бўйича чоп этилаётган босма нашрларни ўқимаса, ўз устида ишламаса, жорий қилинаётган янгиликларни билмаса давлат аттестациясидан қандай қилиб ўтиши мумкин. Талабга жавоб бермаган кадр ўз ишини сақлаб қолиш учун ҳар йўлини ишга солади ва натижада коррупция вужудга келади. Қонунда мажбурий обуна деган тушунчани қўллаш ноўрин, мажбурий обунани йўқ қилиш важи билан мактабларда маънавият, янгиликларга интилиш, саводхонлик даражасини пасайтирмокдамиз.”

Нафиса Рўзиеванинг таъкидлашича, мактаб раҳбарларининг топширадиган ҳисоботлари ва тадбирлари расмлари электрон равишда жўнатишни ташкил этиш керак. – “Ҳозир 21 аср, лекин ҳалигача қоғоз ва фотоларни жўнатиб юрибмиз. Ҳаммада электрон почта бўлса, деярли барча мактабларда Интернет тизими йўлга қўйилган бўлса!”,- дейди Рўзиева.

Иззатбек Мадёров қонунга яна битта банд киритилишини таклиф этмоқда: – 10-моддага яна битта банд киритилса, маълумки бирон бир ўқувчи қандайдир сабаб билан жароҳатланса, соғлигига катта зарар етса ёки ўлим билан тугаса, бунга таълим муассасаси раҳбаридан тортиб оддий ўқитувчигача маълум даражада жазоланиб келинган.Агар содир бўлган кўнгилсиз воқеа дарс вақтидан ташқарида, бола ота-она ёки уларни ўрнини босувчи шахслар назоратида бўлган пайтда содир бўлса мактаб маъмурияти ва педагоглари бунга жавобгар бўлмайди, дейилса яна хам яхшироқ бўлар эди.

Нафақат порталда балки ижтимоий тармоқларда ҳам ушбу қонунга таклифлар билдирилмоқда, жумладан, тўгарак машғулотлари учун алоҳида иш ҳақи тўланиши, педагоглар учун пенция ёшини 5 йилга қисқартириш, ота-оналарнинг мажбуриятларини қатъийлаштириш каби таклифлар киритилган.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 26 январига қадар давом этади. 

Н. Тошпўлатова, ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг