Туркия Россияни четга суриб, Тоғли Қорабоғ билан шуғулланишга киришди

0
1822
Фото: foreignpolicy.com.ua

Аё София масжидида ўқилган жума намози, «Турк оқими» газ қувурининг ёпилиши, ТАНАП ишларининг якунига етиши, Эрдўғон билан Қалиннинг чиқишлари, Озарбайжон ва Туркия қуролли кучларининг қўшма ҳарбий машқларига доир жуда қизиқ таҳлил. Ўқинг, атайин сиз учун таржима қилдим, қадрли ўзбекзабон биродарим.       Ш.Долимов

Идлиб ва Ливияда кечган жанговар тўқнашувлардан сўнг, Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескинлиги янада ошмоқда. Ундай муносабатлар бу гал Тоғли Қорабоғда, сўнг Қримда, реал муддат ичида ўз ифодасини топадиган кўринади.

Расмий Анкара жорий йилнинг 14 – 19 июль кунлари арман-озарбайжон чегарасида кечган жанговар ҳаракатларга нисбатан ўз муносабатини билдирар экан, Озарбайжонга зудлик билан ҳар қандай кўринишда, шу жумладан, қуролли куч-ла ёрдам беришга шай эканлиги ҳақида баёнот қилди.

Кремль бу масалада нима хаёлга бориши, турк помидорини бундан буён ҳам харид қилиш-қилмаслиги ёки аччиқ қилиб сабзавотнинг ушбу турига санкция жорий этиб қолиши мумкинлиги Анкарани мутлақо қизиқтирмади. Бу билан Туркия минтақада қарор топган вазият туфайлигина қатъий қадам ташлашга мажбур бўлганини эмас, балки Россияни Тоғли Қорабоғ учун олиб бораётган урушидан воз кечишга мажбур қилиш мавриди келганини кўрсатиб қўймоқда.

Афтидан, Анкара Тоғли Қорабоғ масаласини аччиқ ичакдай чўзиб ўтирмасдан, узил-кесил ҳал қилишга қатъий қарор қилган кўринади. Чунки Туркия Президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалиннинг 28 июль куни турк телевидениесида чиқиш қилиб, Жанубий Кавказда ҳукм сураётган вазият борасида берган тушунтиришларини айнан шу маънода идрок этмоқ лозим.

Зеро, матбуот котибининг гапига қараганда, Арманистон, Россия ёки ҳар қандай бошқа давлат таҳдид солишидан қатъи назар Туркия Озарбайжон манфаатларини қатъият-ла ҳимоя қилади. Шунингдек, ўша куни И. Қалин ҳаво ҳужумидан мудофаа масаласида 23 июль куни бошланган арман-ўрис қўшма машқларига жавобан озарбайжон-турк қўшма ҳарбий машқлари ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида ҳаммани хабардор қилиб қўйди.

И. Қалиннинг чиқишидан бир неча соат ўтиб-ўтмай Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Туркия Қуролли Кучларига қарашли ҳарбий-транспорт самолётлари Нахичеванга қўниб, у ерга жанговар вертолётлар ва бошқа турдаги ҳарбий техника олиб боргани, юрт ҳудудида Озарбайжон ва Туркия қуролли кучларининг қўшма ҳарбий машқлари бошланганини эълон қилди. Ушбу ҳарбий машқларда Туркия Республикасининг 11 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этади. Ўрисларга И. Қалиннинг фамилиясини эслаб қолиш тавсия этилади. Чунки у, Песковдан фарқли ўлароқ, қулоққа лағмон осмайди.

И. Қалиннинг телевидение орқали чиқишини Панагия Сумела православие монастири ҳамда Аё София жоме масжидида амалга оширилган реставрация ишларининг иккинчи босқичи ниҳоясига етгани муносабати билан Режеп Таййип Эрдўғоннинг 28 июль куни ўтган видеоконференциясидан айри ҳолда кўриб бўлмайди.

Агар коронавирус ўлатининг пандемияси ҳукм сурмаганида Р. Эрдўғон у бинода ҳам, бу бинода ҳам қизил тасма қийган бўлар эди. Таассуфки, видеоконференция билан чекланишга тўғри келди. Шуниси аёнки, реставрация мавзуси ўша видеоконференциянинг иккинчи даражали мавзуси бўлган. Асосий мавзу Аё Софиянинг мақоми ўзгартирилиб, амалдаги жоме масжидига айлантириш мавзуси эди. Масжидда 1934 йилдан буён илк бор жума намози ўқилиб, Эрдўғоннинг шахсан ўзи ҳам жамоат сафида турди.

Буларнинг бари Эллада черковининг қизғин ғазабланишига, Москва ўрис православие черковининг (ЎПЧ) эса оғир-босиқ аччиқланишига сабаб бўлди.

1000 йил давомида черков, кейинги 500 йил давомида масжид сифатида фаолият юритган Аё София биносида ўқилган жума намозига қарши эътироз сифатида Греция черковларида қўнғироқлар жаранглаган бўлса, ЎПЧ Синоди 16 – 17 июль кунлари намозни қоралаб баёнот қилиш ва табиийки, бу ишларнинг барида Украинани айблаш билан чекланди.

Украинадан кейин Бутун дунё патриархи Варфоломей айбдор деб топилди, чунки у киши Украина Православие черковига Томос (мустақил черков мақоми) берган эди. ЎПЧ Синоди томонидан билдирилган қинғир-қийшиқ фикрга кўра, агар Украина мустақил бўлмай, ўрисга қарам бўлганча қолганда эди, Аё Софияда реставрация ишлари ўтказилмаган, Эрдўғон уни уммати Исломга қайтариб бермаган бўлар эди. Мана энди, хулоса қилди ЎПЧ Синоди, украиналик «бузғунчи»ларнинг дастидан православие Исломга қарши бир ёқадан бош чиқариб кураша олмайдиган ҳолатга келиб қолди.

Бу гап ЎПЧнинг «сиёсий бюроси» томонидан билдирилган фикр эди. Ушбу черков раҳнамоси патриарх Кирилл эса Кремлдан Эрдўғоннинг жиғига тегмай, тилни тийиб юриш борасида кўрсатма олганига анча бўлган. У фақат бир ой муқаддам, 6 июль куни у, янгиликлар учун берган пресс-релизида «айрим турк сиёсатчилари» ибодатхона мақомини ўзгартириш истагини билдиришаётгани, буни «христиан цивилизацияси» ва айни вақтда «эътиқод ва тарих» масалаларига таҳдид сифатида эътироф этиш кераклиги ҳақида баёнот беришга журъат эта олди, холос.

Аммо патриарх Кирилл ўша баёнотида нима учун Аё София 500 йил давомида масжид сифатида, яна 90 йил музей сифатида фаолият юритган даврда православие цивилизацияси ер юзидан йўқ бўлиб кетмаганини изоҳлаб ўтмади.

Аё Софияда жума намози ўқилган куни патриарх Кирилл эътироз ила чиқиш қилмади, Эллада черковидан фарқли ўлароқ ЎПЧ ўз қўнғироқларини уриб жаранглатмади. Агар 2019 йили «Янги демократия» партияси Сиризадан чиққан бўлиб, Греция ҳудудидаги масжидларни тиклаш билан машғул бўлган даҳрийлар ҳукуматини алмаштирмаганида, Эллада черковининг муносабати ҳам бу қадар жўшқин кечиши даргумон эди. Бутун дунё патриархи Варфоломей эса, москвалик Кириллдан фарқли ўлароқ, эътирозли чиқиш қилиб ўтди.

Патриарх Кирилл эътироз билдириб ўтирмай чекистчасига иш тутиб, Аё Софияда намоз ўқилган куни Ливанда «Ликаа ортодокси» («Православие учрашуви») жамоат уюшмасининг музей мақоми ўзгартирилганини қоралаш мавзусида мажлис уюштирди.

Байрутдаги ЎПЧ бутхонасининг бош руҳонийсидан ташқари, ушбу мажлисда Антиохия черкови, иккита арман черкови, яъни арманларнинг Католик ва Апостол черковлари, Коптлар черкови, Мелкитлар черкови, Маронитлар черкови вакиллари ва бир нафар англиканлар пастори иштирок этди. Қисқа қилиб айтганда, Кремль билан ЎПЧнинг «сиёсий бюроси» жаҳон жамоатчилигини сафарбар этиб, Эрдўғонга тазъйиқни фақат ўрисларгина ўтказмай ҳамма «бир ёқадан бош чиқараётганини» кўрсатиб қўйишга уриниб кўришди.

Аммо уларнинг ушбу уринишлари ҳозирча жуда суст, натижасиз кечмоқда. Ҳодисалар ўрисчасига ривож топишини Эрдўғон олдиндан кўра билди ва шу боис ҳам видеоконференция уюштириб, нафақат Аё София масжидида, балки 2010 йили музейлик мақоми ўзгартирилиб, бугунги кунда Константинополь патриархиясининг амалдаги объекти сифатида фаолият юритаётган Панагия Сумела монастири ҳам таъмирдан чиқарилганини маълум қилди.

Туркия ҳукумати барча диний объектларни бирдай кўришини Эрдўғон аниқ-тиниқ таъкиддлаб ўтар экан, Панагия Сумела монастири ўрис оккупацияси остида армия омборхонаси вазифасини ўтаган даврни инобатга олинмаса, ҳамиша ибодатхона ёки илм-фан даргоҳи бўлганини ҳеч бир истеҳзосиз эслатиб ўтди. Бу билан Эрдўғон ўрис черковига Аё Софияда намоз ўқилиши қиёматдан дарак эканлиги ҳақида кўп маърамай, яхшиси қисиб ўтиргани маъқул бўлишига чиройлигина шаъма қилиб ўтди.

Зотан, 2014 йили Россия Қримни ЎПЧнинг оқ фотиҳаси ила босиб олмаганида Эрдўғон ҳам бошини оғритиб Аё Софиянинг мақомини ўзгартирмаган, умуман айтганда, ўша йилдан буён кечган кўпдан-кўп ҳодисалар рўй бермаган бўлар эди. Қримни босиб олган Москва Туркия билан Эрдўғонга Аё Софига масжид мақомини қайтариб беришга ўзи туртки берди.

Православия билан католицизмдан фарқли ўлароқ Ислом дини ниҳоятда юксак сафарбарлик имкониятига эга диндир. Зеро, ўзаро тил бириктирган ЎПЧ билан Кремль иккаласи ҳарчанд уринишмасин, Украина ҳудудида «ҳақ дин» йўлидаги хурофий уруш уюштиришни, ҳатто Донбассда ҳам православия «жиҳоди»ни ташкиллаштиришни уддалай олишмади. Ҳеч шубҳа йўқки, Россияда «православ атеистлар» жуда кўп. Бироқ улар орасида салиб юришда иштирок этиб, текинга шаҳид кетишга рози бўладиганлар кўп эмас. Ундайлар аксарият ҳолларда фақат пул эвазига розилик беришади. Пулга жанг қиладиган жанггариларни эса Шойгу билан Пригожин шундоқ ҳам топишмоқда.

Эрдўғон соғлом мулоҳаза юритадиган сиёсатчи бўлиб, Россиянинг империалистик экспансиясига қарши Исломнинг сафарбарлик имкониятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Зеро, Туркия аҳолисининг аксарият қисми Ислом ақидаларига амал қилади. Шунинг учун ҳам у Аё Софиянинг мақомини ўзгартирди. Агар ўрис Қримни босиб олмаганида Эрдўғон ҳанузгача Туркияни Европа Иттифоқи томон етаклаган ва турган гапки, дунёвий давлат қуришга ҳаракат қилган бўлар эди.

Аё София мақомини ўзгартирган Эрдўғон кўнгилдаги натижага эриша бошлади. Жумладан, Туркияда чоп этиладиган «Муҳаққақ ҳаёт» (Gercek Hayat) журналининг 27 июлдаги сони Ислом умматини сафарбарликка даъват этадиган қип-қизил рангли муқовада чиқиб, унда араб имлосида «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир» калимаси, қуйи сатрда эса «Ҳалифалик учун йиғилинглар. Ҳозир бўлмаса, қачон? Сен бўлмасанг ким?» даъвати битилди.

Президент маъмурияти бир нима деб шипшиганки, «Муҳаққақ ҳаёт» масалани кўндаланг қилиб қўйган, хусусан, маъмурият Эрдўғонни халифа сифатида, уммати Исломнинг ҳимоячиси ва ҳомийси сифатида кўрсатишни таклиф қилган. Араб ва турк тилида фаолият юритадиган ижтимоий тармоқларда бу масалага турлича муносабат билдирилди.

Хусусан, араб миллатчилари яна бир бор Эрдўғон ва Туркияни усмонийларнинг империалистик сиёсатига қайтаётганда айблашга ошиқишди. Бундай айблов эса адолатдан анча йироқдир. Эрдўғон чиндан ҳам халиф сифатида эътироф этилишини хоҳлайди. Чунки бу унга нафақат олис Мьянмадаги, балки қўшни Россиядаги мусулмонларнинг ҳам эрки ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Туркия армиясининг Идлибдаги Кремль томонидан қўллаб-қувватланаётган асадчиларга қарши олиб борган жанговар ҳаракатлари жараёнида Эрдўғон партиясига маслакдош бўлмиш турк газеталаридан бири, агар шарафсиз Москва сурбетлашишни давом этаверадиган бўлса, Россия Федерациясининг мусулмонлари исён кўтаришини очиқдан-очиқ ваъда қилди. Ўрис ОАВ ушбу мавзуни истар-истамас илиб олиб, турк-ўрис муносабатларидаги кирдикорларни ошкор қила бошлаб, Кремлни огоҳликка чақирди. Кремль эса, ҳаммани тинчлантириш учун бўлса керак, турк помидорини Россия чегарасидан олиб ўтишга яна бир бор тақиқ қўйди.

Эрдўғон халиф сифатида эътироф этилмаслигининг сабаблари кўп, албатта. Бундай лавозим Мустафо Кемал замонидаёқ тугатилган бўлиб, Рим императори лавозимини бугунги кунда тиклаш қанчалик мушкул бўлса, халифа лавозимини тиклаш ҳам шунчалик қийин кечади.

Аммо Эрдўғон ўзининг кўп йиллик саъй-ҳаракатлари ва Аё Софиянинг мақомини ўзгартириши ила дунё мусулмонларининг ҳимоячиси номига сазовор бўла олди. Ушбу ҳолатни Эрдўғон фаолиятининг чўққиси сифатида кўриш керак. Бироқ бу ўрис экспансиясига қарши кураш учун камлик қилиб, Туркиянинг Россия газига қараб қолган ҳолатига ҳам барҳам бериш керак эди.

Эрдўғон бу ишнинг ҳам уддасидан чиқди. Украина ўрис газидан воз кечгач, Туркия ўрис газининг Германиядан кейинги иккинчи истеъмолчисига айланиб қолган эди. Бироқ соҳанинг ўрис экспертлари Туркия Россиядан харид қилаётган газ миқдорини тобора камайтириб бораётгани ва бундай ҳолат 2020 йилда янада авж олиши мумкинлиги ҳақида гапириб қолишди. Ўрис газининг Германиядан кейинги иккинчи истеъмолчиси ўрнини энди Италия билан Австрия эгаллади, Туркия эса Россиядан тортиб келинган иккала газ қувурини ёпти.

«Мовий оқим» деб номланадиган эски газ қувури таъмирлаш баҳонаси билан 13 май куни икки ҳафтага ёпилган эди, ҳозир ҳам ёпиқ турибди. «Турк оқими» деб аталадиган янги қувур ҳам икки ҳафта муддатга 27 июль куни ёпилди. Аммо газ оқими 10 августдан эътиборан яна давом этишига соҳа экспертлари иккиланиб қолишди.

Чунки ҳар бири йилига 16 млрд куб газ оқимига мўлжалланган иккита қувур Туркияга ҳаддан ортиқ кўплик қилиши аён бўлиб қолди. Туркиянинг газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун битта қувурнинг ўзи кифоя эканлиги аниқланди.

Шундай экан, ўриснинг иккинчи қувурни тортиш учун сарфлаган маблағи Қора денгизга беҳуда оқизиб юборилган пул бўлди. Расмий Москванинг тахминига кўра, Туркияда ўрис газининг истеъмоли йил сайин ошиб бориши керак бўлган. Бундан ташқари, ўрис Украинани четлаб ўтган ҳолда Болқон давлатлари ва Италияга газ сотишни ният қилган. Москва ҳанузгача Сербияга газ қувурини тортиб келиши ҳамоно юртини қисқа муддатда, кенг кўламда саноатлаштиришни ваъда қилиб келмоқда. Бироқ серблар шунча газни нима қилишини на Москвадагилар ва на Белграддагилар билади, гарчи ўрис қувур тортиб келишга илгаригидек шай бўлса-да.

Ҳаётда эса ҳаммаси тескари бўлиб чиқди. Туркия ўрис газининг истеъмолини йил сайин ошириб бориш ўрнига Жазоирнинг сиёсий жиҳатдан хавфсиз саналадиган суюқ газига ўтди қўйди. Хусусан, у Россиядан келадиган 10 млрд кубдан 5 млрд кубини суюқ газга алмаштиришга улгурди. Иккинчи ярмини эса Нигерия, Қатар ва бошқа юртлардан етказиладиган газга алмаштиришга киришди.

АҚШдан Туркияга келадиган газ миқдори оз. «Турк оқими» 10 августдан ишга тушиши шубҳа остида бўлгани боис, ўриснинг гази Болқон давлатлари ва Италияга етиб бориши ҳам амри маҳол бўлиб қолди. Чунки ушбу қувур таъмирлаш учун ёпилган куни, яъни жорий йилнинг 27 июль санасида Италияда Озарбайжон-Туркия йўналишида тортилган ТАНАП (трансанатолия) газ қувурининг сўнгги қисми пайвандланди.

Энди Туркия ўриснинг газидан тамомила воз кечиб, Озарбайжон билан Эрондан келадиган газга ўтади. Ғалати бир тасодифни қарангки, айнан шу куни Болгариядаги газ қувурида авария юз берди. Россия ушбу қувур орқали ўз газини Украина орқали Грецияга етказмоқда эди. Газ қувурини 29 июлгача таъмирлаб, ишга туширилиши ваъда қилинган. Ушбу ҳолат Грецияга газ етказиб бераётган «Газпром»нинг обрўсига навбатдаги зарба бўлди.

Шундай экан, Туркия 27 июлдан эътиборан ўриснинг газисиз амаллаш имконини ўрганиб чиқишга киришди, ўриснинг гази Италия ва Болқон давлатларига етиб бориши эса аста-секин фантастикага айланиб бормоқда. Д. Трампнинг газ сотиш масаласида Россияга ёрдам берадиганлар давлатларга нисбатан санкция қўллаш таҳдиди ҳақида энди гапирмаса ҳам бўлаверади.

Аё София масжидида 24 июль куни ўқилган жума намози, 27 июль куни «Турк оқими» газ қувурининг ёпилиши, ТАНАП ишларининг якунига етиши, Эрдўғон билан И. Қалиннинг 28 июлдаги чиқиши, 29 июль куни Озарбайжон билан Туркия қуролли кучларининг қўшма ҳарбий машқлари бошлангани – буларнинг бари битта занжирнинг ўзаро боғлиқ ҳалқалари саналади.

Ушбу занжирнинг бир учида халифа даражасига етиб, ўриснинг газига боғлиқлик муаммосидан халос бўлган Эрдўғон бўлса, нариги учида Тоғли Қорабоғ ва ўша ҳудуд билан боғлиқ жамики муаммолар турибди. Бинобарин, «Кавказ – 2020» деб номланган ўрис ҳарбий манёврида Москва томонидан таклиф қилинмаган бошқа давлатларнинг армиялари ҳам иштирок этиши кутилади.

Биринчи бўлиб ушбу манёврга Туркиянинг Озарбайжон билан Арманистонга туташ чегараси томон йўл олган Қурд ишчи партияси бўлинмалари қўшилишга ошиқмоқда. Ушбу бўлинмалар олдига қўйилган асосий вазифа Туркиядан Озарбайжоннинг Нахичеванига олиб борадиган автострадани тўсиш тадбирларини ҳозирлашдан иборатдир.

Шу боис, 28 июлдан эътиборан Туркиянинг учала чегара вилоятларида аксилтеррор операцияси бошланиб, ушбу ҳудудлар оралаб чиқилганча, қурол-яроғнинг яширин омборлари қидирилади.

Қисқаси, Жанубий Кавказдаги ёзги манёврлар бошланди ва агар расмий Ереван Тоғли Қорабоғ масаласида Боку билан амалий натижа берадиган музокараларга киришмас экан, ушбу манёврлар бошқача тус олишини рад этиб бўлмайди.

Сергей Климовский

Таржимон: Шокир Долимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг