Туркистонда илк миллий матбуот -“Тараққий” ҳақида

0
3155
Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилди

Туркистондаги илк миллий газета 1906 йил 14 июн (янги ҳисобда 27 июн) куни татар тараққийпарвари Исмоил Обидий муҳаррирлиги остида чоп этилган “Тараққий” газетаси ҳисобланади.

Газета чиқиши муносабати билан Исмоилбек Ғаспирали, Абдулла Тўқайлардек йирик тараққийпарварлар табрик номаларини йўлладилар, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийларнинг мақолалари бу газетани халқ ўртасида янада машҳур бўлишига ёрдам берди.

“Тараққий”нинг кириш мақоласи Исмоил Обидийнинг “Тошкент 14 июн”дир. Унда муҳаррир Туркистон мусулмонларига мурожаат қилиб, барчани ўзаро низоларга чек қўйиб бирликка чақиради.

Газетанинг шиори ҳам мақсадидан келиб чиққан ҳолда “Нажот: маслакда сабот; тўғриликни ижобат” деб белгиланди.

Муаллиф миллатнинг ёруғ жаҳонда яшаб қолиш-қолмаслиги, унинг тараққиёти ёхуд таназзули ёлғизгина мана шу тотувликка, миллатнинг илму маърифатига боғлиқ дейди.

У Россия империясида кечаётган курашлар ва инқилоб натижасида жорий этилаётган демократик ислоҳотлардан фақатгина маърифатли миллатлар фойдалана олишини уқтиради.

Бу мақола туркистонлик тараққийпарварлар томонидан жуда қизғин қарши олинди.

Газетанинг илк сонида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Бизнинг жаҳл, жаҳли мураккаб” мақоласи ҳам босилган. Бу мақолада бутун Туркистон халқларининг анъанавий турмуш тарзи таҳлил этилган. Унда мавжуд иллат, бидъат ва хурофотларнинг жамият тараққиёти учун ғов бўлаётганлиги, буларга қарши курашга бутун миллатни жалб этади.

Мақола ўз вақтида бутун Туркистон элининг илғор қисмини ларзага солди ва Мунаввар қори ғояларидан, унинг ақлий даҳосидан намуна бўлиб ҳали ҳамон севиб ўқилади.

“Тараққий”нинг 3-сонида “Тошкент 22 июн” деб номланган мақолани И.Обидий Туркистон келажаги учун ягона нажот йўли бўлган илму маърифатни таърифлашдан бошлайди.

Бироқ, мақола давомида муаллиф рус инқилоби ва унинг мустамлака халқлари фойдаси учун чиқарилаётган айрим имтиёзларини, қонун ва қарорларини Туркистон тупроғига ҳам жорий этиш масалаларини муҳокама қилади.

У муаммоларни очиқчасига кўтармайди, чунки газетани очишда сиёсий масалаларга аралашмасликка хат берган эди. Шунга қарамай Туркистон халқининг сиёсий маданиятини ошириш, маълум мақсадлар атрофида ташкилотлар атрофида уюшиш ва сиёсий партиялар зарурлигига аҳамият қаратади.

Бу борада туркистонликларнинг Европа таълимини олган мутахассисларга, илмга, тажрибали юристларга мухтожлигига эътибор қаратади.

Шу соннинг ўзида “Қаламкаш” имзоси билан ёзилган “Ул бул нарсалар” мақоласида масала янада ойдинлаштирилади. Яъни, инқилоб натижасида қўрқувга тушиб қолган Чор ҳукуматининг сиёсий чекинишларидан унумли фойдаланиб қолишга, бу йўлда маҳаллий кучларни сиёсий бирликка чақиради.

Газетанинг 16-сонида “Туркистон 9 август” номли мақолада муаллиф одатдагидек мутаассиб уламоларга қарши эмас, бу гал маъмурларнинг калондимоғлиги, ўз бурчига нисбатан совуққонлигига мисоллар келтиради.

Агар маъмурларни халқнинг ўзи сайласа албатта, улар бу даражада тубанлашиб кетмасди деб демократик бошқарувнинг устивор жиҳатларига эътибор қаратади.

Шунингдек, “Умумий ўқитув” мақоласи муаллифи ҳам Россия империясининг руслаштириш сиёсатига қарши дадиллик билан бошланғич таълим энг аввало маҳаллий миллатларнинг она тилида бўлуви лозим, деган қарорни илгари суради.

“Туркистон 12 август” мақоласида муҳаррир Туркистоннинг шонли тарихидан гап бошлайди. XIX асрнинг инсоният бошига кўплаб ташвишлар келтиргани, ожиз миллатларнинг империалистик зулм остида қолгани ёзилади.

Туркистоннинг мустамлакага айланиши сабаблари таҳлил этилади. Айниқса, маҳаллий миллатларнинг орасига раҳна солиниши, дин ва қадриятларнинг таҳқирланиши ҳамда келажакда бу сиқув янада авж олдирилиши мумкинлигига эътибор қаратади.

Шунингдек, Фансуруллохон Худоёрхоновнинг хати босилган. У маҳаллий бойларни хайрия жамияти очиб мусулмонларнинг етим болаларини ҳомийликка олиш, улар учун мактаблар очишга чақиради.

Шуни ҳам айтиб ўтиш мумкинки, мазкур газета фаолияти учун рухсат беришда иштирок этган Остроумофнинг асл мақсади кундан кун халқ орасида обрўси ортиб бораётган тараққийпарварларни мутаассиб уламолар қўли билан йўқ қилиш эди.

Шунинг учун муҳаррирликни ҳам Туркистон тараққийпарварларга эмас, айнан ўзининг канторасига унча узоқ бўлмаган Исмоил Обидийга топширганди.

Исмоил Обидий ўз мақолаларида эскилик билан қаттиқ курашиш, қора гуруҳ-уламоларнинг халқ ўртасидаги эътиборини тушуришга ҳаракат қилди.

Бироқ, Мунаввар қори ва бошқа туркистонлик тараққийпарварларнинг ҳаракати билан газетанинг мазмуни бутунлай ўзгариб кетди. Унда миллат, миллий озодлик, миллий маданият учун кураш, дин ва ватан ҳақидаги оташин мақолалар элнинг асрий уйқудан қалқишига сабаб бўлди.

“Тараққий” газетаси Туркистондаги илк жадид газетаси бўлишига қарамай бутун минтақани жадид ғоялари атрофида жипслаштиришга эришди. Хатто, Исмоил Обидийнинг номини ҳам “Тараққий” деб атай бошладилар.

Мақсадига ета олмаган ҳукумат газетани сиёсатга аралашган деган айблов билан ёпади. Унинг 20-сони сўнггиси бўлди. Ҳукумат газетанинг мулкларини мусодара этиб, муҳарририни қамоққа олди.

Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг