Толерантликнинг маъноси нима?

0
3821
Фото коллаж

Инглиз тилидаги «tolerancy», русча «толерантность» сўзларини ўзбек тилига таржима қилинганда одатда «бағрикенглик» деган сўз ишлатилади.

Аслида бу тўғри эмас. Толерантлик дейилганда, бошқа ёт ғоялар яшашига имкон берган ҳолда, ўз ғояларини маҳкам ушлашга ва оғишмасликка айтилади. Бағрикенглик дейилганда, бошқаларга кўпроқ эътибор бериш тушунилади.

Толерантликни ўзбекчада «тоқатлилик» деб таржима қилса бўлади. Яъни «бизнинг ўз йўлимиз бор, лекин сенга ҳам тоқат қиламиз, қарши курашмаймиз» деган маънода.

Жамиятлар орасида энг тоқатли, яъни толерант жамият ислом жамияти деб ҳисоблайман. Мусулмонлар қисқа муддатда улкан ҳудудларни фатх қилган бўлсалар-да, у ердаги аҳолини исломга мажбурламадилар, балки у динларга ҳам тоқатли муносабатда бўлди.

Албатта бундай тоқатлиликнинг муаммоли тарафи, сиз тоқат билан муносабат қилаётган қатлам сизнинг орангизда фитна яратишни бошлайди.

Ҳижрий 2-3 асрларда айнан шундай ҳолат кузатилган бўлиб, турли файласуфлар, илмонийлар, даҳрийлар, зардўштийлар, насроний ва яҳудийлар ислом ақидасига хужум қилдилар.

Ҳадисда айтилганидек, савол берувчилар кўпайгандан кўпайиб, оҳир оқибат «Аллоҳни ким яратган» деган саволларни ҳам бера бошладилар.

Мусулмонлар орасида ташқи ақидавий хужумга жавоб беришга ҳаракат қилганлар уч гуруҳга бўлинди, улар асосан:

1) Бу масалаларга кириб ўтирмаганлар (аҳли ҳадис, асарийлар).

2) Бу масалаларга ҳаддан зиёд кириб адашиб кетганлар (мўтазила, мужассима, жаҳмия).

3) Бу масалаларга кириб, хужумга Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра жавоб берганлар (мотуридий ва ашъарийлар)

Мотурийдий ва ашъарий мактаби олимлари ўз илмий фаолиятларини айнан файлусуфлар, илмонийлар, теист, деист, атеистларнинг ақидавий хуружларига қарши мужодала қилишга бағишладилар. Шу билан аҳли суннат вал жамоа ақидасини сақлаб қолдилар.

Кўпчилик шу нарсани тушунмай, мотуридийликни адашган, деган жоҳилона фикрда юрибди. Бу бошқа масала.

Бугунги кунда, исломий ақидага ташқаридан кимлар хужум қилмоқдалар, замонамизнинг мотуридий ва ашъарий мактаби давомчилари ислом ақидасини нималардан ҳимоя қилиш керак?

Албатта, бугун либераллар, феминистлар, эволюционистлар, материалистлар, агностлар, реформистлар, бесуннатлар жамоалари аҳли суннат вал жамоа ақидаси ва йўлига хужум қилмоқдалар.

Замонамиз имомлари орасидаги Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Ғаззолийлар эндиликда эволюцияни, материализмни, замонавий илмий услубни, феминизм каби йўналишларни чуқур ўрганиши, уларнинг чақириқларига Китоб ва Суннат асосида жавоб беришлари керак бўлади.

Масалан, форумларнинг бирида бир фойдаланувчи шундай савол бераяпти:

«Реформистга шариъат аҳкомлари бутун замон ва маконлар учун ўзгармас эканлигини қандай АҚЛИЙ, яъни рационал далиллар билан исботласа бўлади?»

Сиз нима дейсиз?

Афсуски, ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида бундай саволларга жавоб бера оладиган, бугунги кундаги ташқи хуружларни англайдиган, унга қарши туришни мақсад қилган шахслар жуда кам.

Биз ўзимиз тушунмайдиган мавзуларда ҳам бир биримизни адашганга чиқариш, бир биримизни иймонимизни ўлчаш, ўзимизнинг амалимизни кўз-кўз қилиш билан бандмиз.

Хужум бошқа жойдан, диққатимиз бошқа жойда.

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг