Тил муаммоси ёки Ўзбекистон қачон «юмшоқ кучини» ишлата олади?

0
3295
Манба: facebook.com

21-асрнинг 20- асрдан фарқли ўлароқ, қай давлат «юмшоқ кучни» кўпроқ ишлатса, ғолиблик ўша томонда. 21- асрда танк, ракета ёки аскарлар орқали эмас, балким турк сериаллари, Корея поп эстрадаси, глобал инглиз тили, Голливуд фильмлари ва умуман олганда «юмшоқ куч» орқали давлатларнинг маънавияти забт этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида хорижий давлатлардаги қайсидир бир ғояларнинг мухлислари сонини кўпайтиришга ёрдам беради.

Ҳўш, Ўзбекистоннинг янги имижини қандай тиклашимиз мумкин? Давлатимизнинг қайси «юмшоқ кучини» ишлатишимиз мумкинлиги хақида, кўплаб факторлар орасидан тил соҳаси мутахассиси бўлганлигим учун тил борасида баъзи мулоҳазаларим бор.

Ўзбекистонда тил масаласи 20-аср сиёсий ва тарихий жараёнлар натижасида пайдо бўлган бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.

Ўзбек тили 1989 йилда қабул қилинган қонунга кўра, давлат тили ҳисобланади. Аҳолининг қарийб 80% ўзбек тилини «она тили» деб ҳисоблайди ва аҳолининг қолган 20% бир неча ўн тилни ўз «она тили»си деб ҳисоблайди.

Рус тили энг кўп тарқалган тиллардан биридир. Аксар ҳолларда мамлакат аҳолисининг рус тилида сўзлашмайдиган қисми рус тилини иккинчи, учинчи ва/ёки чет тили ўрнида қўллайди. Қўлланиш соҳасига боғлиқ ҳолда, Ўзбекистонда тиллар ўз функционаллик даражаси билан фарқ қилади. Масалан, кундалик ҳаётда, оила доирасида ва бизнесда мулоқот учун рус тилининг қўлланилиш қамрови, уни «она тили» деб ҳисоблайдиганлар сонига қараганда анча юқори.

Демак, рус миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари сони 2%ни ташкил этса, буни кундалик ҳаётда, оила доирасида ва бизнесда мулоқот учун рус тилининг қўлланилиш қамровини ҳисобга олган тақдирда, бу рақамда жиддий ўзгариш бўлади. Де-факто 15-30% бўлиши ҳам мумкин, агарда зиёд бўлмаса. Бошқа қўшни давлатларда ҳам шу манзара. Демак, Россия тил факторини ўзининг «юмшоқ кучи» сифатида жуда ҳам аъло даражада олиб бормоқда.

Савол, нега биз сўнгги 30 йил давомида «она тили»мизни Ўрта Осиёнинг «лингуа-франка» даражасига олиб чиқа олмадик. Фикримча, агар тил «жонкуярларимиз» ўзбек тили устида ишлаб, уни ихчамлаштириб қонун қоидага мослаштирганда эди, атрофимиздаги Афғонистон, Қирғистон, Қозоғистон, Туркманистонда ўзбек тили «лингуа-франка», яъни иккинчи расмий тил деб тан олиниши мумкин эди, афсуски амалда бундай эмас.

30 йил давомида алифбода қайси ҳарф, қандай бўлиши керак деб “чуқур дискусияларга” борган бир вақтда, нафақат қўшни давлатлардаги миллатдошларимиз биздан айрилди, балки ўзимиз ҳам саводсиз бўлиб қолдик. Шеваларда олиб бориладиган давлат ТВ ва радио дастурларини, кинофильмларни, видео клипларни қўшни давлатларда яшайдиган миллатдошларимиз қандай тушунишсин?!

30 йил давомида тил торшитиб турган бир вақтда теҳнология авлоди пайдо бўлди, «Z авлоди» ва «Alpha авлоди», яъни 1996 ва 2010 йилдан кейин туғилган авлод вакилларига нима бера оламиз? Уларга тилни қандай ўқитамиз ва қандай тарғиб қиламиз? Ўзбек тилимизни ҳатто юртимиздаги хорижий тилларчалик қадри йўқ. Хорижий тилни ўрганишга кетаётган сармояларни ҳеч бўлмаса ярми она тилимизга сарфланганда эди… Ўқитиш методикаси ҳақида гапирмийман. Эҳ….

Кўпгина амалдорлар қайғуриб тилимизни ҳимоя қилдилар, минг Раҳмат! Аммо, бироқ, лекин.. ТИЛ билан боғлиқ нима ишлаб чиқардик? Ўзбек тилида «яндекс такси» борми? Ёки iPhone? Ёки болалар учун Алишер Навоий асарларининг апликацияси? Ўзбек тилида Самсунг ёки iPhoneларда болалар ўйнайдиган нима бор? Ўзбек тили корпуси яратилдими? Караоке’да ўзбек қўшиқлари борми? Университетларда ўзбек тилида e-синфлар борми? Ўзбекистон ҳаво йўлларидаги мониторлардаги хатоларчи? Ўзбек синфлардаги таълим савиясининг пастлигичи? Тошкентдаги энг йирик китоб дўконларида болалар учун энг замонавий, расмларга бой ва қизиқарли энциклопедиялар қайси тилда? Инглиз тилини ўрганиш учун онлайн ўзбек тилида сайтлар борми? Ўзбек тилида подкастларчи? Евроньюснинг ўзбекча опцияси борми? Бу рўйҳатни узоқ давом эттириш мумкин…

Тил «жонкуярларимиз» бир нарсани аниқ билишлари керак, глобализация даврида тилнинг сақланиб қолиниши теҳнология ва таълимга боғлиқ, қолгани қуруқ баландпарвоз сафсатадан иборатдир.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг