Тахт учун кураш: Саудиянинг валиаҳд шаҳзодаси қироллик оиласи аъзоларини ҳибсга олди

0
2379
Фото: Fayez Nureldine/Agence France-Presse

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўзининг ҳукмронлигига таҳдид сифатида кўрилган қироллик оиласининг уч нафар аъзосини ҳибсга олди. Улар қиролнинг укаси, собиқ валиаҳд шаҳзода ва Салмоннинг амакиваччаси ҳисобланади.

Ушбу ҳаракатлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг тахт учун курашда ҳар қандай рақибни йўқ қилиш учун фавқулодда чоралар кўришга тайёрлигини намойиш этмоқда. Муҳаммад дастлаб 2017 йилда Ritz-Carlton меҳмонхонасида юзлаб қариндошлари ва саудиялик бадавлат ишбилармонларни қамаб қўйиб, қиролликни қаттиққўлик билан бошқаришини кўрсатганди.

Кейинги йили у Истанбулдаги Саудия Консулхонасида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига раҳбарлик қилиб, халқаро танқидларга дуч келди. Америка разведкаси ушбу қотилликни шаҳзоданинг буйруғи билан амалга оширилган, деб ҳисоблашади.

Қироллик оиласи вакилларининг ҳибсга олиниши Саудия ҳукумати томонидан эълон қилинмади ва унга нима сабаб бўлганлиги номаълумлигича қолмоқда. Вашингтондаги Саудия элчихонаси вакили ҳам бу ҳолатга изоҳ беришдан бош тортди. Бу воқеани жума куни қироллик оиласи аъзоси ва улар билан яқин алоқадаги киши ошкор қилган. Аммо бу икки шахс хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исмларини ошкор қилмасликни сўрашган.

Ҳибсга олинганлар орасида энг ёши каттаси шаҳзода Аҳмад бин Абдулазиз бўлиб, у қирол Салмон ибн Абдулазиз Ал-Сауднинг укасидир. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни тахтдан олишни хоҳлаган қироллик оиласи аъзолари бир вақтлар Аҳмад бин Абдулазизга катта умид боғлашганди.

Ҳибсга олинганлар орасида собиқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Найиф ҳам бор бўлиб, у собиқ ички ишлар вазири ҳам эди. У вазир бўлган пайтида Америка разведкаси билан яқин алоқаларни ўрнатган. Найиф 2017 йилда иккала лавозимдан четлатилган ва ўшандан бери у уй қамоғида. Унинг укаси шаҳзода Наваф бин Найиф ҳам ҳибсга олинган.

Ҳибсга олишларнинг эҳтимолий сабабларидан бири шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг отаси-84 ёшли қирол Салмон ибн Абдулазиз Ал-Саудга боғлиқ бўлиши мумкин. Валиаҳд шаҳзода отаси тахтдан воз кечиши ёки вафот этишидан олдин ўзининг тахт учун курашдаги потенциал рақибларини кучсизлантиришни истаган бўлиши мумкин. Аммо, у ҳибсга олган шаҳзодаларнинг ҳеч бири валиаҳд шаҳзода Муҳаммадга қарши чиқишмоқчи эканликлари борасида бирон бир ҳаракатларни амалга оширишмаган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг