Россия Федерациясида ноқонуний ишлаш мумкинми?

0
2324
Фото: ua.news

Бугунги кунда хорижий давлатларда 1,5 млн.дан ортиқ юртдошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Шундан қарийб 66 фоизи, яъни 1 млн.дан ортиғи Россия Федерацияси улушига тўғри келади.

Табиийки, ушбу давлатда меҳнат мигрантларига тааллуқли янгиликлар кўпчилик ҳамюртларимизни қизиқтиради.

Шу муносабат, Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун пандемия шароитида қандай имконият ва талаблар мавжудлиги ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган фуқаролар учун қандай имкониятлар мавжуд?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, бошқа хорижий давлатларда бўлгани каби Россия Федерацияси ҳудудида ҳам чет эл фуқароларининг ноқонуний бўлиши, ишлаши ёки яшаши аввал ҳам мумкин эмас эди ва ҳозир ҳам мумкин эмас. Қайсидир давлат ўз фуқароларини бошқа бир давлат ҳудудида ноқонуний юриши бўйича мурожаат қилиши мантиқсизлик ва ноўрин бўлса керак.

Россия Федерацияси президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ушбу мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг пандемия билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, чет эл фуқароларига мамлакат ҳудудида қонуний бўлиш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатларнинг амал қилиш муддати дастлаб 2020 йил 15 июнига қадар узайтирилган эди.

Кейинчалик бу муддат Россия Федерацияси президентининг тегишли фармонлари 2020 йилнинг 15 сентябригача, 2020 йилнинг 15 декабригача ва 2021 йилнинг 15 июнигача узайтирилди.

Эндиликда Россия Федерацияси президентининг 2021 йил 15 июндаги 364-сонли фармони билан ушбу давлат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган меҳнат мигрантларига жорий йилнинг 30 сентябрига қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилди.

Ушбу имкониятдан Ўзбекистон фуқаролари қандай фойдаланиши мумкин?

Аммо бу дегани жорий йил 30 сентябргача рўйхатдан ўтмасдан ёки патентсиз юриш мумкин дегани эмас. Бу фуқаро ушбу муддатгача ўз ихтиёри билан ички ишлар органларига бориб, белгиланган жарималарни тўлагач, ҳужжатларини расмийлаштириш имконини беради холос.

Маълумот ўрнида, Россия Федерацияси ҳудудида ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган, яъни ноқонуний юрган 300 мингдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхати шакллантирилган.

Таъкидлаш керакки, Россия Федерацияси ҳудудига киришга тақиқи бор ёки бошқа жиддий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга бу тартиб жорий этилмайди.

Россия Федерациясида ишлаш учун коронавирусга қарши эмланиш шартми?

Россия Федерациясининг Сахарово номидаги Кўп тармоқли миграция марказида 27 июндан меҳнат мигрантларини «Спутник Лайт» вакцинаси билан COVID-19га қарши эмлаш бошланган.

Мигрантларни эмлаш Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати, яъни Роспотребнадзорнинг буйруғида кўрсатилган соҳаларга тегишли иш берувчиларнинг талабномасига биноан амалга оширилмоқда.

Кўп тармоқли миграция марказидаги эмлаш пункти соат 9.00 дан 21.00 гача ишламоқда ва кунига 2 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган бир компонентли «Спутник Лайт» вакцинаси бир дозаси нархи 1300 рублни ташкил қилади. Бу иш берувчи томонидан тўланиши керак.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Россия Федерация ҳудудида ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз чет эллик нолегал фуқаролар сонининг кўплиги сабабли ҳужжатларини легаллаштиришга узундан узоқ навбатлар бўлишини инобатга олиб, имкон қадар тезроқ ҳужжатларини легаллаштиришлари мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, жорий йил 30 сентябргача Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш учун ҳужжатларни расмийлаштирмаган чет эл фуқароларига нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўрилиши мумкин.

 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари:

Москва шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Москва шаҳри 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 (Метро Полянка).

Мурожаат учун: +7 (925)045-47-44

 

Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Санкт-Петербург шаҳри, Воздухоплавательная кўчаси 13-уй.

Мурожаат учун: +7 (951)680-95-97

 

Уфа шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Уфа шаҳри, Верхнеторговая майдони кўчаси, 4-уй, 516 офис.

Мурожаат учун: +7 926 162 94 95; +7 347 216 33 43; +7 995 920 42 70.

 

Самара шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Самара шаҳри, Ново-Садовая кўчаси, 3-уй.

Мурожаат учун: +7 926 020 9491

 

Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Новосибирск шаҳри, Ломоносова кўчаси, 55-уй.

Мурожаат учун: +7 (953) 862-00-07

 

Екатеренбург шаҳридаги ваколатхонаси:

Манзил: Екатеренбург шаҳри, Карл Либкнехт кўчаси 22 уй.

Мурожаат учун: +7 (925)950-89-77

 

Ортиқхўжа Норов

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг