Қирғизистонда рус тилидан расмий мақомни олиб ташлаш таклиф этилди. Инглиз тили эса…

0
1245
Фото: platformauzb

Қирғизистоннинг янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Конституциясида рус тилига берилган расмий мақомни бекор қилиш таклиф этиляпти. Конституция кенгаши аъзоси Садирдин Торалиев ана шундай ташаббус билан чиқибди.

У қирғиз тили келажаги учун қайғураётгани, чунки бугунги кунда ёшларнинг катта қисми она тилида эмас, балки рус тилида мулоқот қилишни маъқул кўраётганидан ташвишда эканлигини билдирган. Торалиев «маршрутка»да кетаётган ёки бозорларда юрган пайтларда ҳамюртларини рус тилида гапирганлари учун уришиб берганини ҳам айтиб ўтган.

Унинг фикрича, Конституцияда қирғиз тилининг ўрнини мустаҳкамлаш учун фақат уни давлат ва расмий тил сифатида мустаҳкамлаб қўйиш, рус тилини эса расмийлик мақомидан мосуво қилиш керак.

— Тўғри, рус тили расмий тил ҳисобланади, у ҳам бизга керак, шу орқали кўп нарсага эришдик, инглиз тили ҳам керак, — деган у. — Шу боис Қирғизистонда тилларни ривожлантириш учун алоҳида қонун қабул қилиниши ва давлат муайян мажбуриятларни бажариши зарур.
Менинг бу борадаги таклифим эса радикал туюлиши мумкин, лекин бу ўйлаб кўришга арзийди. Конституцияда фақат қирғиз тили расмий тил деб ҳисобланиши шарт. Аҳолининг 60 фоизидан зиёди инглиз тилини билади ва биз фақат рус тилидан дастёр сифатида фойдалансак, тўғри бўлмайди.

Кенгашнинг яна бир аъзоси Максат Чориев эса мамлакатда рус тили қатори инглиз тилига ҳам расмий тил мақомини бериш лозимлигини таъкидлаб ўтган.

— Бугунги кунда бизда рус тили расмий тил ҳисобланади, — деган у. — Бунинг шарофати билан қирғизистонликлар ўндан ортиқ давлатлар билан ўзаро эркин мулоқот олиб боряпти. Агар кенгроқ ўйлаб қаралса, юздан зиёд мамлакатлар инглиз тилидан фойдаланмоқда. Агар биз янги технологиялар оламига, янгиликлар, дунёдаги жараёнлар ичига кирмоқчи бўлсак, у ҳолда биз Конституцияда инглиз тилини иккинчи расмий тил сифатида белгилаб қўйишимиз даркор.

Филология фанлари доктори Сиртбай Мусаев эса бу таклифни бемаъни ташаббус деб атаган.

Айтганча янги кўринишдаги бош қонунда давлатнинг расмий номини ўзгартириш ҳам таклиф этиляпти. Қирғиз Халқ Республикаси деб.

Қани, кутайлик-чи. Нима бўлар экан қўшниларимизнинг экспериментлари…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг