Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Кобулда учрашиб, мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати ва тинчлик битимига риоя этилишини муҳокама қилдилар.
«Учрашувда биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Ҳамидуллоҳ Мохиб ҳам иштирок этишди. Томонлар Афғонистондаги сиёсий ва хавфсизлик вазиятини, тинчлик жараёнини муҳокама қилишди», дейилади баёнотда.
АҚШ ва толиблар 29 февраль куни Қатарда тинчлик шартномасини имзоладилар. У Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини ва афғонлараро мулоқотнинг бошланишини таъминлайди.
Шундай қилиб, томонлар Қўшма Штатлар Афғонистондаги қўшинлар сонини 135 кун ичида 12 мингдан 8,6 минг кишигача қисқартиришга келишиб олдилар ва шундан сўнг, агар толиблар зўравонлик қилмаса, АҚШ ва НАТОнинг барча кучларини 14 ой давомида олиб чиқишни давом эттиришади.
Ҳужжатда «доимий ва кенг қамровли сулҳ» кўзда тутилган. Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар афғонлараро мулоқот доирасида олиб борилади. Афғонлараро диалог бошланганидан сўнг, Толибон ўз аъзоларини санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлаш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши билан ҳамкорлик қилишни бошлайди. Бу 2020 йил май ойи охирида рўй бериши мумкин.