27 март куни Мьянма мамлакатида амалдаги ҳукуматга қарши намойиш уюштирганларнинг 100 дан ортиғи ҳарбийлар томонидан ўлдирилганди. Аммо, мянмаликлар бу ваҳшийликлардан кейин тўхтаб қолмадилар ва бугун, 28 март куни ҳам кўчаларга чиқиб демократияни талаб қилдилар.
Якшанба кунги намойишлар мамлакатнинг энг йирик икки шаҳри Янгон ва Мандалайда, шунингдек, бошқа жойларда бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг бир қисми яна полиция кучлари билан тўқнашди.
Мьянмада феврал ойининг биринчи кунида ҳарбийлар томонидан давлат тўнтариши амалга оширилган ва амалдаги давлат раҳбари Аунг Санг Суу Кйи ҳибсга олинганди. Шундан бери мамлакатда ҳукуматни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши намойишлар давом этмоқда. Аммо, хавфсизлик кучлари намойишчиларни аяб ўтирмаяпти. Маълумотларга кўра, 27 март куни камида 114 нафар намойишчилар ўлдирилган бўлиб, қурбонлар орасида бир нечта болалар ҳам мавжуд бўлган. Ҳозиргача ҳалок бўлганлар умумий ҳисобда 420 тани ташкил қилмоқда.
Мьянмадаги қирғин мамлакатдаги бошқа мамлакат элчилари томонидан ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қораланмоқда. Хусусан, кечаги ваҳшийликлардан кейин БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш тинч аҳоли, шу жумладан болаларнинг ўлдирилаётганида ҳайратда қолганини айтди.
«Аҳолига нисбатан ҳарбий тазйиқларнинг давом этишини қабул қилиб бўлмайди. Бу ҳолатга халқаро ҳамжамият жиддий жавоб бериши керак” деб ёзди Гутерреш ўзининг Твиттердаги аккаунтида.
Шунингдек, АҚШ, Австралия, Канада, Германия, Греция, Италия, Япония, Дания, Нидерландия, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Буюк Британия мудофаа раҳбарлари Мьянмадаги ҳарбийларнинг ўз фуқароларини ўлдираётганини қоралаб, баёнот беришган.