Москвадаги меҳнат мигрантлари «Лужники»даги конькилар тарқатиладиган бинода вакцина билан эмланади

0
841
Фото: РИА Новости. Кирилл Брага

Чет эл фуқаролари учун коронавирусга қарши эмлаш ишлари Москва шаҳридаги 25 та поликлиникаларининг пуллик бўлимларида очилган пунктларда амалга оширилади, дея хабар бермоқда ВЕСТИ.RU

Шунингдек, «Лужники»даги C, Д секторларида ва мухлислар зонасида, «Сахарово» миграция марказида ва «Садовод» бозорида чет элликлар учун эмлаш маркази очилди.

Меҳнат мигрантлари уюшган ҳолда гуруҳ-гуруҳ бўлиб «Лужники» стадионидаги конькилар тарқатиладиган бинода эмланмоқда. У ерда кунига 1900 кишигача эмланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Булар ҳақида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаолият олиб борувчи bakiroo телеграм канали бевосита Zarnigor Omonillaeva телеграм каналидан олинган хабар тарқатди. Жумладан, блогерлар томонидан хорижликлар эмланадиган поликлиникаларнинг аниқ манзили кўрсатилган рўйхати тасвирланган қуйидаги фото сурати эълон қилинди.

Телеграм канали мазкур фото суратга изоҳ берар экан қуйидаги фойдали маслаҳатлар ва маълумотларни бериб ўтади:

«Расмий ишламайдиган мигрантлар ҳам вакцина олиши мумкин энди. Бунинг учун расмда келтирилган поликлиникаларнинг бирида пуллик хизмат қилиш бўлимига мурожаат қилиш керак. Ўзингиз билан паспорт, паспортингизни нотариал таржимаси, патентингизни олиб боришингиз керак. Полис ва СНИЛС бўлса уларни ҳам қўшиб олиб боринг.

Яна, Спортивная метросидан Лужникига чиқиб, вакцинация пунктига кўрсаткичлар билан борсангиз, у ерда ҳам навбатсиз мигрантларга вакцина қилаяпти.

Ҳамма жойда вакцина 1300 рубль. Тўлов карта орқали. Вакцина бир марта қилинади. 6-8 ой ўтгач яна вакцина олиш керак бўлади. Вакцина номи Спутник Лайт.».

Ҳозирда Россия Федерацияси ҳудудида миллионлаб ўзбекистонликлар меҳнат мигранти сифатида россияликларга нисбатан оз миқдордаги маош учун ишлашади. Ўзларидан орттириб, иқтисод қилиб қолган маблағларини аксарият муҳожирлар ўз ватанларидаги яқин қариндошларига жўнатишади.

Хорижликларга вакцинация учун тўловларни жорий этилиши, шундоқ ҳам оғир меҳнат қилиб, оз иш хақи олаётган кўплаб меҳнат муҳожирларига оғирлик қилиб, қўшимча харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Агар етарли маблағи бўлмаса касалланиш эҳтимолини янада ошириб юборади.

Айни пайтда, Россия Федерацияси ҳукуматининг ночор аҳволга тушиб қолган ёки етарли маблағга эга бўлмаган меҳнат муҳожирларини бепул вакцина билан эмлаш юзасидан бирор бир дастури эълон қилинмаган ёки Россия ҳудудидаги ҳайрия ташкилотларининг бу борада ташаббус билан чиққанлиги кузатилмади.

Агарда шундай ҳайрия ташкилотлари ҳақида сизда маълумотлар бўлса, маълумотларингизни таҳририятимизга йўллашингиз ва телеграм бот канали орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг