Меҳнат муҳожири: муваффақият сирлари

0
4000
Фото: zen.yandex.ru

Чет элга ишлаш учун кетаётган ватандошларимизнинг меҳнат фаолияти турлича шаклланиши мумкин. Кимдир яхшигина даромад топишга муваффақ бўлади, кимдадир бунинг акси. Чирчиқ шаҳрида яшовчи Норгул Норқулова меҳнат муҳожир сифатида бой тажрибага эга. Ўзининг фикрига кўра, у муваффақиятли. Ушбу аёл муваффақиятининг сири нимада? Бу ҳақида у бизнинг мухбиримиз билан бўлган суҳбатда сўзлаб берди, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Суратда Норгул Норқулова, у меҳнат муҳожир сифатида бой тажрибага эга. Ўзининг фикрига кўра, у – муваффақиятли.

– Ҳурматли Норгул-опа, Россияга ишга кетиш вақтида сиз қирқ ёшдан ошган,  уч бола ва икки невараси бор, кенжа ўғли эндигина 12 ёшга кирган аёл эдингиз. Оилангизни ташлаб, Ўзбекистондан ташқарига бориб ишлашга қарор қилишингиз учун қандай сабаблар сизни ундади?

– Ўша пайт бизда, оилани қандай боқаман деган муаммо бўлмаган. Мен ишлардим ва яхши пул топардим. Совутгич ҳеч қачон бўш турмаган, у доимо озиқ-овқат билан тўлдирилган эди. Aммо болалар катта бўлишмоқда – уларга маблағ нафақат озиқ-овқати учун керак эди, балки уларнинг келажаги ҳақида ўйлаш вақти келган эди.

Aлбатта, агар Ватанимда фарзандларимни тарбиялашга, яхши еб дам олишга, ўз оилам билан муносиб яшашга, келажак учун сармоя тўплашга имкон берувчи даромадли иш бўлганида оиламни тарк этиб, уйдан узоққа боришга ҳеч қачон журъат этмаган бўлардим.

Эрим ўша пайтда ишсиз ва келажакда иш топишига умид йўқ эди. Бизнинг муносабатларимиз кундан-кунга кескинлашиб борарди. Aлбатта, мен нотаниш одамлар билан нотаниш жойга бормаган бўлар эдим.

Aввалига, битта опам Россияга ишлашга кетди. Унинг ишлари бароридан келди.  У катта корхонага ишга кирди. У жойда яхши шароит, оилавий ётоқхонада бепул яшаш, меҳнат жамоасида яхши муносабатлар мавжуд эди. Кунлардан бир кун опам корхонага яхши ошпаз керак деб хабар берди. Ўша пайт мен Тошкентдаги нуфузли кафелардан бирида ишлар эдим. Опамнинг айтишича, завод маъмурияти барча зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришни, ётоқ ва овқат билан таъминлашни ўз зиммасига олар экан. Шунингдек, опам борганимда, у билан бирга яшашимиз мумкинлигини айтди.

Хулоса қилиб айтганда, иш излаб борадиган ватандошларимга маслаҳатим, Россияга ишга боришдан олдин, ишончли одамингиз ёрдамида иш жойи, иш ҳаққи ва яшаш шароитларини имкон қадар аниқлаб олиб борган мақсадга мувофиқ. Менинг муваффақиятимнинг биринчи сири шу шартнинг рўёбга ошганлигида, деб ўйлайман.

– Сизнинг меҳнат муҳожирлигидаги иш тажрибангиз ўн йилдан ортиқ. Шу вақт ичида қаерда ва қайси соҳаларда ишладингиз?

– Опам таклиф қилган заводда мени ошпаз қилиб штатга олишди. Мен ўз касбим бўйича ишлай бошладим. Ушбу корхонанинг ходимларига фабрика ошхонасида овқат тайёрлай бошладим. Бироз вақт ўтгач, ўша заводда менга бошқа иш таклиф қилишди – маъмурият учун бош идорада овқат тайёрлаш ва кечқурунлари бинони тозалашни. Шундай тарзда мен тўрт йил яшадим, сўнгра оилавий шароитимга кўра Ватанимга қайтишга мажбур бўлдим.

Иккинчи марта ҳамшира бўлиб ишлашим. Бу сафар, ўша пайтга Россияга бориб қолган синглимни ўрнига қариб қолган кампирга энагалик қилиш учун бордим. Ҳусусий хонадонда 9 ой ишлашга тўғри келди. Ундан сўнг яна Ўзбекистонга қайтдим. Хуллас, бир неча марта яшаш ва ишлаш жойларини алмаштирга тўғри келди. Аммо ҳар сафар, мен қаерда қандай иш қилишимни ва қандай шароитлар мени кутиб туришини аниқ билиб борганман.

– Демак, бир жойга маълум бир иш излаб бориш ёки бормасликни қарор қабул қилишингизда маълум бир ишончли киши сизга ёрдам берган демоқчимисиз, шундайми?   

– Aлбатта! Улар сиз ишонган жуда яқин одамларингиз бўлиши керак. Чет элга фақат бировни гапларига ишониб бориш жуда катта хато. Aкс ҳолда, бир куни танишингиз кўз ўнгиздан ғойиб бўлиб, дардларингиз ва бахтсизликларингиз билан бирма-бир қолдириб кетиши мумкин. Имкон қадар сиз, бўлғуси иш жойингиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз лозим. Биринчидан, иш жойингиз расмий бўлиши, иш берувчи сизни рўйхатдан ўтказиши, ишлаш учун рухсатнома олиб бериши, суғуртани расмийлаштириб берилиши ва иш ҳақи бўйича аниқ маълумот бериши лозим. Фақат шундагина сизда чет эл давлатининг қонунчилиги билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди.

– Aйтинг-чи, чет элда ишлаш чоғида қандай муаммоларга дуч келдингиз?

– Мен омадли эканман – менинг йўлимда доим яшил чироқ ёниб турди. Иш ва уй-жой билан боғлиқ муаммолар йўқ, деярли доим иш топилар эди. Айтмоқчиман-ки, агар инсон меҳнат қилишни чин дилдан истаса, унга ҳар доим иш топилади, агар ишлашни хоҳламаса, унга баҳона топилар.  Муҳими, қўлингизда бир ҳунар ёки касб бўлиши ва бошқаларга нисбатан уни аълороқ бажара олишингиз сизга муваффақият келтиради. Бунга қўшимча сифатида эса, ҳалоллик ва сабрли бўлишдир.

– Сиз бўлган жойларда чет эллик муҳожирлар учун қайси касбларга эҳтиёж юқори даражада?

– Санкт-Петербург ва Калининградда, мен бўлган жойларда, биринчи навбатда, ошпаз, қурилиш соҳасидаги касблар, малакасиз ишчилар.  Aёл касбларидан ошпазлардан бўлак идиш ювувчи, фаррош, сотувчи ва кассирлар талаб қилинади. Айниқса, дўкон ва бозорларда сотувчилар керак. Кўриб турганингиздек, чет эллик муҳожирлар учун ҳавас қиладиган касблар эмас .

Энг кўп учрайдиган муаммо – малака талаб этиладиган, баландроқ ҳақ тўлайдиган лавозимларга меҳнат муҳожирлари учун чекловлар қўйилган.

Масалан, менинг синглим олий маълумотга эга – у болалар боғчаси тарбиячиси бўйича олий маълумотга эга. Унга болаларга қараш бўйича жуда кўп таклифлар тушган, аммо биронта ҳам мактабгача таълим муассасаларига ишга жойлаша олмади. Бунинг биргина сабаби – у меҳнат муҳожири. Ҳатто менга, бугунги кунда Россияда яшаш учун рухсатномам бўлишига қарамай, давлат нонвойхонасига ишга кириш бўйича рад жавобини олдим. Бошқа нонвойхоналарга ҳам ишга кира олмадим, сабаби – Россия фуқароларигина ишга қабул қилинар экан. У ерда иш ҳақи кассирлик ва сотувчиликларга нисбатан анча юқори ва ишлаш жадвали ҳам қулай, фаррошлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ҳатто энагалик қилишга ҳам ишга жойлашиш мушкул. Мени ўзбекча исмим ва фамилиямни ўқишган заҳоти, рўйхатдаги барча номзодлардан сўнг кўриб чиқишар эди. Ишга жойлаштириш агентликлари, кўпинча, иш берувчиларга менинг касбий малакам етарлилигини тушунтиришга ҳаракат қилишар эди. Ошпазлик, нонвойчилик ва энагалик қилиш бўйича малакам етарли ва кўп йиллик тажрибам борлиги менга кўп пайтларда ёрдам берар эди. Инсонларни миллатига қараб камситиш холлари учраб туради, аммо ҳеч ким инсоний омилни инкор қилмаган. Агар иш берувчи сизнинг меҳнаткашлигингиз ва виждонан вазифангизни бажаришингизни кўрса, сизга нисбатан муносабати келажакда яхши тарафга ўзгариши мумкин. Бундай холатлар менинг ҳаётимда тез-тез учраб турган.

Сизнинг муҳожирдаги ҳаётингиз мумкин қадар муваффақиятли амалга ошган. Балки юртдошларимизда вужудга келган жиддий муааммоларга гувоҳ бўлгандирсиз?

– Бундай холатларга кўп марта гувоҳ бўлишга тўғри келган. Масалан, рус тилини билмайдиган ўзбек аёлларимизни ҳеч қаерга ёлламайдилар, камситадилар, уларни энг ифлос ва қора ишларга қўядилар, масалан, балиқни тозалашга. Қўпол қилиб айтганда, уларни эксплуатация қиладилар. Ундан ташқари, уларни тез-тез жаримага тортишади. Aгар чет элда ишлашга кетаётган бўлсангиз, ушбу мамлакат тилини билишингиз лозим, шунингдек уларнинг қонунларини, ҳеч бўлмаганда меҳнат мигрантларига таалуқли ҳуқуқ ва мажбуриятларни билишингиз яхши бўлсизга қўл келади.

Мен ҳам Россияга бораётганимда қонунлар тўғрисида ҳеч нарса билмасдим. Лекин мен ўша мамлакат тилини билар эдим ва ёнимда менга яқин инсонлар бор эди. Билим ва тажрибани мен йўл-йўлакай олдим. У пайтларда ахборот ҳам кам эди, ҳозиргидек эмас. Мусофирчиликда юрганда телефондаги интернетдан тўғри фойдаланишни ўрганинг.

Барча муаммолар мамлакатда ноқонуний яшаётган одамларда вужудга келади. Ҳозирги кунда меҳнат муҳожири сифатида ишлаш учун патент олиниши, тиббий кўрикдан ўтилиши ва суғурта полисини расмийлаштирилиши, солиқ тўловчининг ИННсини олиниши шарт.

– Муҳожирликда ўтган йиллар давомида нимага эга бўлдингиз?

– Менинг омадим келди деб ўйлайман. Кўп йиллар давомида менга яшаш жойи ва озиқ-овқатлар учун пул сарфлашга тўғри келмади. Бу сезиларли даражада ҳаражатларни тежашга олиб келди. Ушбу пулга Чирчиқда оилам билан яшайдиган хонадон ёнидан бир хонали квартира сотиб олдим ва уни сифатли таъмирлаб олдим. Шунингдек, яшаб турган хонадонимизни ҳам капитал таъмирдан чиқардик. Маиший техника ва мебеллар сотиб олдик. Бундан ташқари, мен доимий равишда оиламга озиқ-овқат, коммунал тўловлар, кийим-кечак ва бошқа зарур нарсалар учун пул жўнатиб турдим. Мен Ўзбекистонда ишлаб, буларнинг барчасини уддалай олмас эдим .

Омаднинг бўлиши ҳаётда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Aммо у ҳеч қачон дангаса одамнинг олдига келмайди. Бунинг учун у виждонан ишлаши керак. Aгар сиз жон куйиктириб ишлашсангиз, эртами-кечми, албатта буни муносиб баҳолашади ва сиз яхши даромад кўрасиз. Мен бундай инсонларни кўп учратганман.

Ҳеч ким Россияга келиб биринчи йили катта даромад топаман деб, ҳом ҳаёл сурмасин. Бошланғич даврда яшаш муҳитига мослашади, патент ва уй-жой учун тўлайди. Кейинги йилдан бошлаб, у пул йиғишни бошлайди. Инсон иродали бўлиши ва нима учун ўша жойга келганини англаши лозим.

– Aгар Россияда муаммолар юзага келса, қаерга мурожаат қилишни биласизми?

– Ушбу вазиятларда ҳуқуқий хизматларни кўрсатадиган ҳуқуқшунослар ва адвокат идоралари мавжуд. Сиз уларни бир зумда Интернетдан топиб олишингиз мумкин. Улар меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий маслаҳатлар беришади. Улар муаммонинг жиддийлигига қараб пуллик ёки бепул хизмат кўрсатишади.

– Масалан, қандай муаммолар?

– Бирор киши ҳужжатларни ҳусусий фирма орқали расмийлаштиради. Улар бу кишини алдаб, ҳужжатларни соҳталаштиришади. Муҳожирни соҳта ҳужжатлар билан ушлашади. Иш судга оширилади. Адвокатлар ишни ўрганиб чиқиб ва улар муҳожир фирибгарликдан хабари йўқлигини исботлашади. Бунинг учун эса муҳожир пул тўлайди.

– Бепулиги-чи ?

–  Рўйхатдан ўтишда ёки патент учун тўловда бир-икки кунга кечикса. Бир сўз билан айтганда, кичик муаммолар.

Уйга қайтгач, одамларимиз бу ерда ҳам муаммога дуч келишмоқда. Улар нафақага чиққандан кейин хорижий иш стажлари ҳисобга олинмайди. Баъзилар ўз мамлакатларидан ташқарида ўн-йигирма йилдан кўп вақт ишлайдилар, охир-оқибатда улар ҳеч нарсасиз қоладилар. Нима сабабдан? Бу саволни кўтариш керак! Aгар мамлакатлар ўртасида келишув бўлмаса, демак, бу катта хато. Зеро, меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшган ҳиссаси улкан. Бунинг учун меҳнат муҳожирларининг мамлакат миқъёсида ўз оилаларига жўнатаётган пул маблағлари ҳажмига қаралса кифоя.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг веб-сайти, Россиядан чартер рейслар билан Россиядан Ўзбекистонга жўнаб кетишни ташкил этиш тўғрисида (Россия фуқаролари ва чет элликлар учун маълумот)

https://uzbekistan.mid.ru/ru/press-centre/news/ob_organizatsii_evakuatsii_grazhdan_rossii_iz_uzbekistana/

Россия Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

https://2gis.uz/tashkent/firm/70000001039683401

Россия Ички ишлар вазирлиги веб-сайти, Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси

https://xn--b1aew.xn--p1ai/mvd/structure1/Glavnie_upravlenija/guvm

Надежда Степанова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг