Мавлоно Жалолиддин Румий. У ким бўлган?

0
4521
Manba: davidjeremiah.com

Жалолиддин Румий — жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири. У ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб сўз санъатига катта таъсир ўтказди. Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари Мавлонони ўзларига устоз деб билишган. Буюк Ҳёте Абулқосим Фирдавсий, Шайх Саъдий, Хўжа Ҳофизлар қаторида Жалолиддин Румий ижодини ҳам «Хизр чашмаси» деб атаган.

Машҳурликда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Саъдийнинг «Гулистон»и, Ҳофизнинг «Девон»и билан бир қаторда турган, форсий Қуръон номи билан шуҳрат қозонган «Маснавийи маънавий»ни инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ихлос билан ўрганишган. «Декамерон» асаридаги кўплаб сюжет ва мотивларни Шарқ оғзаки ва ёзма адабиётидан олган Жовани Боккаччо «Маснавийи маънавий»даги қатор ҳикоятлар асосида ҳам новеллалар яратганлиги маълум.

Мавлоно 1207 йилда қадимий Балх шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди, йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келади. Баҳовуддин Валад аслида Шайх Нажмиддин Кубро(1135 — 1221)нинг Маждиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Разиуддин Алийи Лоло, Сайфуддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий каби 300 га яқин забардаст шогирдларидан бири ҳисобланарди. Жалолиддин 12 ёшида унинг ота-онаси ҳам мўғул босқини хатаридан қочиш, ҳам ҳаж фаризасини адо этиш ниятида Балхни тарк этадилар.

1230 йилдан бу оила Кунияда қўним топади. Ёш Жалолиддин Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария ва бошқа йирик илм марказларида 7 йил таълим олади, ўз даврининг етук донишманди бўлиб етишади. Таниқли румийшунос Зарринкуб таъбири билан айтганда, «Мавлононинг 68 йиллик ажойиб умри бошдан оёқ бир шеър, гўзал, бетакрор, туғёнли ашъор жараёни, садоси ва бонги билан йўғрилиб ўтди».

Мавлоно Румий ўзидан кейинги авлодларга 5 муҳим ва қимматбаҳо асар қолдирди:
1. «Девони кабир», «Девони шамси табризий», «Девони шамсул ҳақойиқ» деган номлар билан машҳур девон. Девон ғазал ва рубоийлардан иборат.

2. «Маснавийи маънавий» — 25700 байтдан иборат бебаҳо тасаввуфий-ишқий асар. Сонгги йилларда таниқли ўзбек шоири Жамол Камол ва Асқар Маҳкам томонидан ўзбек тилида нашр этилди.

3. «Фийҳи ма фийҳи» («Ичингдаги ичингдадир») — Мавлононинг суҳбатларидан иборат фалсафий китоб. 1998 йилда Тошкентда ўзбек тилида нашр этилди.

4. «Мавоизи мажолиси сабъа» — бу асар Румийнинг етти ўгит ва панд-насиҳатларидан иборат.

5. «Мактубот» — Мавлононинг турли даврларда замондошларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам.

Жалолиддин Румий ижоди юксак бадиияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир қувватига эга. Таниқли олим ва адиб Радий Фиш сўзлари билан айтганда, шоирнинг «мавҳум мантиқий категорияларда эмас, балки оташин шоирона тимсоллар воситасида» талқин этилган табиат ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиш, ўзгаришда экани, эскининг йўқолиб, янгининг пайдо бўлиши — «дунёнинг зиддиятлар бирлигидаги зиддиятлар жанги»дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари буюк немис файласуфи Гегелнинг эътирофича, унта диалектик метод яратишга ёрдам берган. Ёки улуғ мутафаккир Ҳусн ва Ишқ тортилиши мисолида биринчи бўлиб оламнинг асосида ўзаро тортишиш кучлари ётиши ҳақидаги фикрни ўртага ташлайдики, мазкур қонуннинг чиндан-да амал қилишини бир неча асрдан кейин инглиз олими Ньютон кашф этди.

Жалолиддин Румий ижоди усмонли турк адабиётининг сарчашмаси ҳисобланади. Зеро, шоирнинг миллати — турк, келиб чиқиши — хоразмлик. Унинг бувиси Алоъиддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи бўлган. Мавлоно таваллуд топган Балх шаҳри у даврда Хоразмшоҳлар давлатига қарар эди. Ҳозирда Афғонистон ҳудудида бўлган бу қадимий ва донгдор шаҳар аслида узоқ асрлар мобайнида Турон мулкининг машҳур шаҳарларидан бири саналиб келган.

Жалолиддин Румий шеъриятини, асосан, илоҳий ишқ билан боғлашади. Бу бежиз эмас. Зеро, Мавлоно ўзининг 53 мингдан ортиқ мисрани ўз ичига олган «Маснавийи маънавий»си, 84 минг мисрадан иборат «Девони Кабир» («Улуғ девон»)ида еру кўкнинг сарвари бўлмиш Оллоҳи каримни ва унинг заминдаги халифаси Ҳазрати инсонни улуғлайди.

Маълумки, Жалолиддин Румий ўз даврининг анъанавий адабий тили бўлмиш форсийда ижод қилган. Бизда шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» деб номланган тарихий-биографик романини таржима қилиш билан боўланди (Русчадан Ж. Камол таржимаси). Шундан кейин Ш. Шомуҳамедов Румий ғазаллари, рубоийлари ва маснавийларидан бир нечтасини ўзбекчага ўгириб, форс-тожик мумтоз шоирлари асарларидан ташкил топган «Инжулар уммони» китобида эълон қилди. Ж. Камол эса, аввал Румий рубоийлари ва маснавийларидан намуналар таржима қилиб, «Учмоққа қанот йўқ вале учгайман» номи билан алоҳида китобча ҳолида нашр эттирган бўлса, яқинда буюк «Маснавийи маънавий» таржимасини ниҳоясига етказди. Жами олти китобдан иборат бу улуғ асарнинг 4 таси босмадан чиқди. А. Маҳкам «Маснавий»нинг биринчи китоби бир қисмини шарҳлари билан ўзбекчалаштириб, нашр қилдирди.

Ҳазрат Алишер Навоий «Устозлар устози» деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса «У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор» деб улуғлаган Мавлоно Жалолиддин Балхий-Румий 1273 йилнинг изғиринли қиш кунларининг бирида вафот этган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг