Материалшуносликдан энергетикагача ёхуд инновациялардаги янги уфқлар (видео)

0
1955
Паркент туманида жойлашган гелиостатлар ва улкан концентратор технологик минораси /фотоколлаж/И.Алимов

Телевизордами ёки Интернетдами балки, кўпчиликни эътиборини улкан, ғайри одатий шаклдаги ойнали иншоат тортган бўлса керак. Гап Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган улкан қуёш қурилмаси ва технологик минораси ҳақида кетмоқда. Бу ерда Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибидаги “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институти жойлашган бинолар бўлиб, у ерда 80- йиллардан буён илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилиб келинади.

Фото: И.Алимов/tarjumon.uz

Паркент тоғ-ёнбағриларига ўрнатилган улкан қуёш гелиостатларининг тарихи ва бу қурилмалар қандай вазифа бажариши кўпчиликка маълум бўлмаса керак. Шу бино, иншоатлар ва умуман Ўзбекистон Фанлар Академияси “Физика-Қуёш” ИИЧБ Материалшунослик институти фаолияти ҳақида репортаж тайёрлаш мақсадида ўша ерга ташриф буюрдик.

Институт фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ва бошқа долзарб масалалар юзасидан бизга Шавкат Нурматов кўп қизиқарли нарсалар ҳақида гапириб берди.

Қурилма ва иншоатлар тарихи

Институтнинг ховлисига кириб келар эканмиз, бизни илмий ишлар бўйича директор муовини, олим Шавкат Нурматов кутиб олди. Бизни ичкарига таклиф этар экан, Шавкат акадан ҳовлидаги ҳашамат тўкиб турган қурилма ва иншоатлар ҳақида маълумот беришни илтимос қилдик.

Фото: И.Алимов/tarjumon.uz

“Бу нарсани, ўзи, 1987 йил эксплуатация қилиш бошланган. Қурилиши эса 1980 йилларда бошланган. 1980 йилларга қадар талабга жавоб берадиган жой танланган, ҳар хил жойлар ўрганиб чиқилган. Ўзбекистондан бошқа жойлар ҳам рақобатчи бўлган, масалан, аввалига буни Туркманистонда қуришмоқчи бўлишган. Лекин, радиация кўп, ҳам тоғга яқин, тоза ҳаво, ерни тагидаги монолит тош мавжудлиги учун, ҳамда бу танланган ерга қуёш радиацияси тушиши яхши бўлганлиги, Ўзбекистонда қуёшли кун кўп бўлганлиги учун ҳам шу ер танланган”, дейди Шавкат Нурматов.

Фото: Шиша қопламали гелиостатлар/ И.Алимов

Тўртбурчак шаклдаги бир қанча ойнали иншоатлар нима эканлиги ва қандай вазифа бажариши ҳақида сўзлар экан, Шавкат ака шундай дейди:

Паркент туманида жойлашган гелиостатлар ва улкан концентратор технологик минораси /фотоколлаж/И.Алимов

“Бу кўриб турган қурилмаларни номи гелиостатлар бўлиб, уларни сони 62 тадан иборат. Гелиостатлар нима дегани? Гелиостатлар- бу қуёшни нурини қайтариб берувчи тизим. Уни юзасига ойналар ёпилган. Шу 62 та гелиостатларни ҳаммаси иккита тизим орқали бошқарилади. Бири гелиостатлар марказига ўрнатилган қуёш датчиклари орқали ҳамда Американинг  “NREL” компаниясида ишлаб чиқарилган электрон тизим, яъни алгоритм орқали бошқарилади.”

Олимнинг айтишича, ушбу қурилмалар қуёшнинг чиқиб туриши ва турмаслигидан қатъий назар, унда қуёш қаердалигини аниқлаб турадиган ақилли дастури, яъни алгоритм бор. Айнан ўша алгоритм асосида ишлаши ҳам мумкин. Гелиостатлар қуёш нурларини улкан бинодаги букилган шаклдаги, ойнали қурилмага, яъни концентраторга йўналтириб бериш вазифасини бажаради.

Улкан иншоатга ўрнатилган қуёш қурилмаси имкониятлари

Бу қурилма Марказий Осиёда ягона ва ноёб ҳисобланади. Улкан қуёш қурилмаси технологик минорасида жойлашган қиздириш ускуналари ёрдамида бир неча дақиқа ичида юқори ҳароратга (2500-3000 C) эришишдан ташқари, жуда ҳам соф материалларни синтез қилиш ва одатий технологиялар йўли билан олинганда, ўта қимматга тушадиган ишлаб чиқариш жараёнини арзон усулга алмаштириш мумкин.

Фото: Концентратор технологик минора / И.Алимов

“Концентраторимизни умумий майдони 2000 кв.м., гелиомайдонимизнинг умумий қайтарувчи юзаси 3000 кв.м. Гелиостатлар қуёш нурларини қайтариб берганидан кейин концентратор технологик минорага мужассамлаб беради. Ўша мужассамлаб берган жойида фокал текислик бор, яъни, марказидан 20 метр узоқликда жойлашган концентраторимизни мужассамлаб берувчи тизимни фокал текислиги бор. Ана ўша ерда, жуда катта зичликда қуёш энергияси тўпланади. Одатда 800 Вт/см.кв гача зичлик бўлади. Ҳозир бизда бироз пастроқ. 300 Вт гача чиқса керак. Чунки ҳозир ойналар алмаштириш жараёни кетмоқда”, дея таъриф беришда давом этади Шавкат ака.

Кундалик майиший эҳтиёжларда ишлатиладиган электр ёки табиий газ орқали қиздириш ускуналари ёрдамида 1500 дан юқори ҳарорат олиш учун камида 12 соатдан 20 соатгача вақт сарфланади. Қуёш қурилмасида бу ҳароратни олиш учун бир неча сония атрофида вақт кифоя қилади. Албатта, йирик саноатда ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ускуналар билан мазкур қурилманинг эритиш майдонидаги ишлаб чиқариш ҳажмини солиштириб бўлмайди. Аммо унинг ёрдамида бугун турли соҳалар учун зарур бўлган материалларни яратиш мумкин.

Материалшунослик институтидаги инновацион лойиҳалар

Бу қурилма ва иншоатлар 1987 йил фойдаланишга топширилган бўлсада, Шавкат Нурматов илмий-амалий тадқиқотлар олиб бораётган Материашунослик институти 1993 йилда ташкил қилинган. Қурилма ва иншоатларни таърифлаб берар экан, Шавкат ака улардан фойдаланиб қандай лойиҳалар амалга оширилаётганлиги ҳақида гапириб берди.

Фото: Linseis STA PT 1600: TG-DSC қурилмаси/ И.Алимов

“Мени ўзим рахбари хисобланган “Карбон” лойиҳасининг яна бир мақсади аслида шу эди. Қайтарувчи юзаларни  янгилаб туриб, зичликни ошириш, яъни 800 Вт/см кв. гача чиқариш. Собиқ Иттифоқ даврида эса, биринчи мақсади ёпиқ лойиҳаларни бажариш бўлган, яъни ҳарбийлар учун техникаларни қисмларини текшириш, тест қилиш, мужассамланган энергия таъсирини ўрганишдан иборат бўлган.

Фото: Шавкат Нурматов Linseis STA PT 1600: TG-DSC қурилмаси ҳақида гапириб бермоқда/И.Алимов

Ҳозирга келиб қилинаётган барча лойиҳалар тинчлик мақсадида, яъни материал эритилади ёки тест қилинади ёки бўлмасам, материалларни эскириши ўрганилади. Лекин катта қуёш печидан кўра, кичикроқ 1,5 кВт қувватли печлар қурганимиз, кўпроқ шуларни ишлатамиз. Кичикроқ ишларни бажариб туриб барча технологик  режимлар ўрганиб чиқилади, агар катта печь талаб қилинса, олимларимиз унга ўтиб бажаришади”, дея ҳикоя қилади Шавкат Нурматов.

Фото: Linseis STA PT 1600: TG-DSC қурилмаси жойлаштирилган иш столи/ И.Алимов

Маълумотларга кўра, Материалшунослик институти Германиянинг Дрезден техника университети ҳамда Жанубий Корея нодир металлар институти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар билан биргаликда кам ҳажмли, лекин юқори қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш устида ишлар олиб борилади.

Айниқса, немис олимлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа диққатга сазовор. Германиялик мутахассислар 1 килограммининг нархи 50 АҚШ долларидан 350 долларгача турувчи карбон толалар ишлаб чиқариш учун, қуёш печидан таралувчи юқори ҳароратдан фойдаланишни таклиф қилди. Бу ғоя Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган ва лойиҳа учун маблағ ажратилган.

“Яшил водород”- келажак энергетикаси

Шунингдек, Материалшунослик институтида водородни синтез қилиш, хусусан рух металлини оксидланиш ва қайта тикланиш жараёнидан фойдаланиб қуёш энергияси воситасида водород ажратиб олиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Фото: Муқобил энергиядан фойдаланиб «яшил водород» ҳосил қилиш тизими./ DW дан олинган чизма асосида тайёрланди

Ҳукумат томонидан ҳозир илмий тадқиқот институтлари иккита йўналишда молиялаштирилмоқда. Биринчиси, базавий бўлиб, ҳар йили штат бирлигига мос равишда бюджетдан маблағ ажратилади.

Иккинчиси, грант тизим бўлиб, у Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланиб келинади. Бу йўналишдаги олинаётган грант маблағлари ҳозир асосан энергетика соҳасига йўналтирилган. Институт томонидан олинган асосий лойиҳалар ҳам – бу келажак энерегетикаси дея прогноз қилинаётган водород энергетикасига йўналтирилган.

“Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан қўллаб-қуввталанадиган учта лойиҳамиз бор. Бу водород олиш ва уни сақлаш бўйича. Битта лойиҳамиз ҳозирда ниҳоясига етказилди. Бу фотоволтаик тизимлардан фойдаланиб, водород олиш технологиясини Ўзбекистонда қўллаш эди. У инновацион лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳани якунига етказдик. Институтимиз биносининг орқа қисмида фотоволтаик тизим ва водород генераторлари ўрнатилган. Биз уни  “яшил водород”  қурилмаси деймиз. Аслида водороднинг ранги бўлмайди. Бу қуёш энергиясидан олингани учун уни “яшил водород” деб аташади”, дейди олим.

Материалшунослик институтида амалга оширилаётган лойиҳалар шунчалик қизиқарли ва инвестиция киритиш учун жозибалики, замонавий бозор талабларини қондириш учун имкониятлари мавжуд бўлиб, фақат кўпроқ, тезроқ қўллаб-қувватланишга муҳтожлиги яққол кўриниб турибди.

Скриншот

Кадрлар масаласи – энг долзарб масала

Суҳбат якунида Шавкат ака Материалшунослик институтининг олдидаги муҳим муаммо бўлган, ёш кадрлар масаласи ҳақида афсус билан гапириб ўтди. Олий таълим муассасаларидан келаётган ёш мутахассисларнинг хорижий тилларни ўзлаштириши билан боғлиқ муаммоси, асосий ва долзарб муаммо бўлиб қолаётганлигини таъкидлади.

Скриншот

Шавкат Нурматов истеъдодли олим сифатида Хитой ва Германияда тажриба орттириб келган. Унга Хитойда қолиб илмий-тадқиқот билан боғлиқ фаолиятини давом эттириш таклиф этилган. Германияда қолиб, ўша ерда ишлаш имконияти бўлган. Аммо у шахсий моддий манфаатдорликдан кўра, ўз оиласи, туғилиб ўсган жойидан ишлашни устун деб ҳисоблаган. Бор билим ва куч-ғайратини ўз юртига сарфлашга қарор қилган.

Шавкат Нурматовнинг келжакдаги орзуси ва режаси Хитой ва Германиядаги каби илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориладиган лабораторияларни Ўзбекистонда ташкил этиш.

Илҳомиддин Алимов

 

 

PS.Булардан ташқари, Шавкат Нурматов яна бошқа долзарб масаллар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Бироқ, бу кенгроқ мавзу бўлгани учун, улар ҳақида алоҳида видео материал тайёрлаганмиз. Яқин кунлар ичида Шавкат Нурматов билан бўлиб ўтган суҳбатни видео лавҳалар орақали эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

.

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг