Кейинги йилдан барча йўналишларда имтиёз олиш учун B2 сертификат талаб қилинади

0
3962
Манба: http://ininv.vntu.edu.ua
Манба: https://t.me/xushnudbek

Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2019 йилдаги 395-сонли қарорга кўра, қуйидаги даражалар акс этган сертификатлар бўлганда, чет тилидан энг максимал балл берилади ва абитуриент тестга кирмайди:

  • асосий блоки чет тили бўлганлар – CEFR B2 ва ундан юқори (IELTS 5,5 ёки TOEFL IBT 72);
  • 2 ва 3-блоки чет тили бўлганлар – CEFR B1 ва ундан юқори (IELTS 4,5 ёки TOEFL IBT 42).

Лекин, кўпчилик қарорнинг бир жиҳатига эътибор қаратмади ва хабарларда ҳам бу ҳақида айтилмади.

Яъни, юқоридаги талаблар фақат жорий йил учун амал қилади, кейинги йилдан чет тили қайси блокда бўлишидан қатъи назар имтиёз B2 даражадаги сертификати бор абитуриентларга берилади. Яна ҳам соддароқ айтганда, B1 даражаси кейинги йилдан бошлаб кириш имтиҳонларида ҳеч қандай имтиёз бермайди.

Очиғи бунақасини кутмаган эдим. Ёдингизда бўлса, ўтган йили худди шу қарорнинг лойиҳаси муҳокама учун қўйилганди, лекин бу банд ўша лойиҳада йўқ эди. Унда қаердан пайдо бўлиб қолди? Ким қўшди? Нима мақсадда қўшди? Кимдир изоҳ берадими бунга?

Лойиҳа эълон қилинганда, кўпчилик B2 учун эътироз билдирганди. Лекин мен асосий блокка имтиёз бериш учун B2 талаб қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб пост ёзгандим. Унда қуйидагича фикрлар бор эди:

«Бошқа томондан қараганда, инглиз тили филологияси йўналишига ҳужжат топширган абитуриент инглиз тилини археология йўналишига топширган абитуриентдан яхшироқ билиши керакми? Нима учун оддий мактаб битирувчисига қўйилган талабни (B1) билгани учун инглиз тили ва адабиётига топширган абитуриентга тест синовларида максимал (!) балл бериб ва уни тестдан озод қилиш керак? Нима учун?

Инглиз тили бўйича таржима назарияси ва амалиёти йўналишида имтиёзга эга чиқмоқчими, марҳамат, ҳаммадан бир бош баландроқ эканлигини исботласин ва B2 даража билан максимал балл (30 тадан 30 та тўғри жавоб) олсин. Абитуриент ҳаммадан зўрроқ эмасми, унда кечирасиз, марҳамат қилиб B1 даражада тузилган тест саволларига эл қатори жавоб берсин ва зўр бўлса, ҳаммасига тўғри жавоб бериб, ўқишга кирсин».

Ҳалиям ўша фикрларимда собитман. Аммо кейинги йилдан қайси блокда бўлишидан қатъи назар барча йўналишларга B2 сертификат талаб қилинишини маъқулламайман.

Бевосита инглиз тилига ихтисослашган ва ихтисослашмаган йўналишлар орасида фарқ бўлиши, талаблар даражаси турлича бўлиши керак. Ахир бу оддий мантиқ-ку!

Яна бир жиҳатини инобатга олишларини илтимос қилар эдим. Бугунги кунда мактаб, коллеж ва лицейларда чет тилини ўқитилиш даражасини ҳаммамиз яхши биламиз, бу ҳеч кимга сир эмас.

Масалан, Президент Фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида В1-CEFR даражасига мувофиқ инглиз тилини ўзлаштирган умумтаълим мактаблари битирувчилари сонини 2019 йилда 10%, 2021 йилда 20%, 2025 йилда 50% ва 2030 йилга борибгина 100%га чиқариш режа қилинаётгани ёзилган. Бу ҳали B1 даража ҳақидаги режа. B2 га йўл бўлсин.

Мана шундай шароитдан келиб чиқиб, кириш имтиҳонларида талабни B2 даражасигача кескин кучайтириш ёшларда тил ўрганишга бўлган иштиёқни бадтар камайтиради. Бола психологиясида шунақа, кам-кам, кичик вазифалар бериб, уларда ўқишга мотивациясини ошириш керак. Бирданига мураккаб топшириқ уларни бездириб қўяди ва акс натижа беради.

Масалан, чет тили асосий бўлмаган йўналишларда IELTS 4,5 учун максимал балл берилишини эшитиб, кўпчилик ўқиш истагини билдирди. “Вой, анча осон бўлибдику, сал ҳаракат қилсам, бу даражани оламанку” деган ўй билан чет тилини ўқишга иштиёқ пайдо бўлди. Аммо энди уларнинг вазифаси янада мураккаблашди. Бунақа вазиятда IELTS 5,5 олиш учун кетадиган вақт ҳамда меҳнатдан қочиб, тинчгина таваккал тест ишлаб чиқиш вариантини танлаши мумкин.

Шахсий фикримча, токи халқ таълимидаги сифат талаб даражасига етгунча, бундай баланд талабларни қўймаслик керак.

Мутасаддилар бу қарорни ҳали ҳам қайта кўриб чиқишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Муаллиф: ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг