Россияга пул топиш учун келаётган муҳожирларни, миллатлараро низоларни келтириб чиқаришларини олдини олиш учун биринчи навбатда Узоқ Шимол, Узоқ Шарқ ёки Сибирга йўналтирилиши керак. Бу ҳақда Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский YouTube даги «ЛДПР-ТВ» каналида баёнот берди.
“Рус йигитлари Сибирга душсиз ва ҳожатхонаси ховлида бўлган жойларга яшаш учун боришмайди. Агар улар шаҳарда оиласи билан яшаётган бўлса, нима учун улар азоб чекишлари керак? Мигрантлар ўзаро жанжаллар чиқаришмоқда, баъзида русларни ҳам бунга жалб қилишмоқда. Идеал вариант – мигрантларсиз яшашдир. Бироқ улар бўлган тақдирда ҳам, уларни Узоқ Шимол, Узоқ Шарқ ва Сибирда ишлатиш керак. Улар ўша ерларда улкан иншоотлар, фабрикалар ва йўллар қуришади ”, – дейди Жириновский.
Шунингдек, ЛДПР етакчиси «агар Россия Федерациясида мигрантлар бўлиши кеак бўлса, у ҳолда улар Белорусия, Украина ёки Болқондан бўлиши керак» дея қўшимча қилди.
Аввалроқ, Владимир Жириновский 20 миллион нафар хорижлик русларни Россияга қайтаришни таклиф қилган эди. Депутат, Россияда яшаш учун Марказий Осиё ва Украинадан уларни таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Умумий ҳисобда Россия Федерацияси ҳудуди бўйлаб пандемия бошланишидан олдин собиқ СССР республикаларидан, асосан Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 13 миллиондан ортиқ муҳожир бўлганлиги ва улар асосан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва уй-жой коммунал хизматлари соҳаларида ишлаб келишганлиги айтиб келинади.
Пандемия туфайлий расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россиянинг қурилиш соҳасига бир ярим миллион, қишлоқ хўжалигига эса ярим миллионга яқин мавсумий ишчилар етишмаслик муаммоси ўртага чиққан. Гарчи мигрантлар бутун Россия ҳудуди бўйлаб тарқалган бўлсада, асосий мигрантлар оқими йирик шаҳарлар ҳисобига тўғри келади.
ЛДПР етакчисининг мигрантларни келиб чиқиш ҳудуди, миллати билан ажратиш орқали қилган, камситиш ва тахқирлаш кайфиятидаги мазкур баёноти кўпроқ йирик шаҳарлардан мигрантларни сиқиб чиқаришга қаратилган дея таҳмин қилиш мумкин.
Россия Федерацияси ҳудудида зўравонлик, камситиш ва таҳқирлаш холатлари сўнг пайтларда асосан полиция ҳокимияти, расмий арбоблар томонидан содир этилиши кузатилмоқда. Асоссиз равишда Марказий Осиёлик, айниқса ўзбекистонлик мигрантларни тўхтатиб, ҳужжатларини текшириш, қисқа муддатларга қамаб, жарималарга тортиш холатлари шулар жумласига киради.
Ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ва бошқа давлатлардаги мавжуд тартиб-қоидаларга мослашиш учун кўмак берадиган ташкилотларнинг етарли эмас ва мавжудларининг фаолияти эса қониқарли даражада баҳоланмай келинади.