Жанубий Кореяда одамларнинг қўлига электрон браслетлар тақиш кўриб чиқилмоқда

0
1654
Фото: Reuters

Жанубий Корея ҳукумати карантин қоидаларини бузган одамларни кузатиб бориш учун электрон браслетлардан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Бунга сабаб ҳукуматнинг қонунбузарларга қарши кескин чораларига қарамай қоидаларни бузаётган одамларнинг кўпайиб бораётганидир.

Ҳукумат карантин қоидаларини бузганларга нисбатан жазони кучайтирди. Унга кўра, қонунбузарлар бир йилгача озодликдан маҳрум этилади ёки 8,000 доллар жаримага тортилади.

«Кўпчилик фуқароларимиз ўз-ўзини изоляциялаш қоидаларига амал қилмоқда, аммо баъзи одамларнинг белгиланган жойлардан чиқиб кетиш холатлари ҳам мавжуд. Агар аҳоли томонидан ўз-ўзини изоляция қилишга риоя қилинмаса, ҳукумат қоидалар бузилишининг олдини олиш учун турли хил усулларни кўриб чиқишга мажбур бўлади» дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими Юн Та Хо.

Ҳукумат уйларда изоляция қилинган одамларни кузатишнинг амалий ва самарали усулларини изламоқда, деди Та Хо. Унинг қўшимча қилишича, одамларга электрон браслет тақишда уларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш ва инсон ҳуқуқларнинг бузилиши мумкинлиги билан боғлиқ масалалар ҳам мавжуд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг сўзларига кўра, мобил иловага уланадиган электрон браслет илова ўрнатилган смартфондан 10 метр масофага узоқлашганда сигнал беради ва бу ҳақда ҳокимиятни огоҳлантиради.

Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказларининг маълумотларига кўра, мамлакатда ҳозиргача 10,384 нафар одам коронавирус билан касалланган ва уларнинг 200 нафари вафот этган.

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг