7 октябрда Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 5 миллионтадан ошиб кетди. Шунингдек, бу мамлакатда COVID-19 қурбонлари сони 150 минг кишига яқинлашмоқда. Айни пайтда Бразилия вирусни юқтириб олганлар сони бўйича дунёда АҚШ ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда, ундан вафот этганлар сони бўйича эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди.
Бразилияда июль ойида вируснинг авж нуқтаси юз берганди. Шундан кейин кунлик янги касалланиш ҳолатлари камайди. Шундай бўлсада, соғлиқни сақлаш бўйича экспертлар одамларнинг ижтимоий масофани сақлаш бўйича тавсияларни менсимаётганларини такиъдлаб, мамлакатда вируснинг иккинчи тўлқини юзага келиш хавфи мавжудлигидан огоҳлантиришмоқда.
Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг чоршанба куни берган маълумотларига кўра, мамлакатда ўтган сутка давомида 31 553 кишининг коронавирусга чалингани аниқланган ва 734 киши ушбу касалликдан вафот этган. Бу билан Бразилияда COVID-19 ташхиси қўйилганлар сони 5 000 694 кишига, қурбонлар сони эса 148 228 нафарга етди.
Рио де Жанейродаги Федерал университети эпидимиологи Роберто Медронҳонинг огоҳлантиришича, агар текширувлар сони кўпайтирилса, янги касалланиш ҳолатларининг аниқланиши ҳам анча кўп бўлиши мумкин.
“Тез орада қурбонлар сони 150 мин нафарга етади. Бу жуда қўрқинчли рақам. Биз янги касалланиш ҳоллари кўпаяётганига қарамай ҳукумат ижтимоий масофаланиш қоидасини тобора енгиллаштираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз” дейди Медронҳо.
Ҳозирда Бразилияда қиш фасли ўз ниҳоясига етмоқда ва ҳаво ҳарорати кўтарилмоқда. Шунинг учун кўплаб бразилияликлар коронавирусдан сақланиш тавсияларини эътиборсиз қолдириб, гавжум бўлган соҳиллар ва барларда тўпланмоқдалар.
“Мен бизда ҳам Европада бўлганидек вируснинг иккинчи тўлқини юз беришидан хавотирдаман. Агар бу рўй берса, соғлиқни сақлаш тизимида жиддий муаммолар туғилади” дейди Роберто Медронҳо.