“Жамолнинг жасади қаерда?”: Саудия Арабистони Жамол Қошиқчини ўлдирганларга ҳукм чиқарди

0
1611
Фото: REUTERS/Sarah Silbiger.

Саудия Арабистонида 7 сентябрь душанба куни 2018 йилда ваҳшиёна ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг қотиллари устидан суд ҳукми чиқарилди.

Бундан тўрт ой олдин Қошиқчининг оиласи қотилларни кечирган ва уларга ўлим жазосининг ўрнига бошқа жазо берилишига рози бўлганди.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг танқидчиси бўлган Қошиқчи охирги марта 2018 йилнинг 2 октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги олдида кўриниш берган. У консулхонага никоҳ ҳужжатларни олиш учун борган. Қошиқчи консулхонада ўлдирилиб, жасади майдалаб ташланган ва бинодан олиб чиқиб кетилган. Унинг жасади қолдиқлари ҳалигача топилмаган. Мазкур қотиллик дунё ҳамжиятининг жиддий норозиликларига сабаб бўлди ва валиаҳд Муҳаммад бин Салмоннинг ислоҳотчи сифатидаги обрўсини пасайтириб юборди.

Саудия ҳукумати матбуотининг хабар қилишича, суд Жамол Қошиқчини ўлдирганликда айбланаётган 8 кишининг 5 нафарига 20 йиллик,1 нафарига 10 йиллик ва қолган икки кишига эса 7 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Аммо, ушбу жиноятчиларнинг бирортасининг ҳам исми ошкор қилинмади.

Суд ҳукми эълон қилингач, Қошиқчининг аёли Ҳадиче Сенгиз қамоққа ташланган 8 киши ушбу қотиллик учун жавобгарликка тортилиши керак бўлганларнинг ҳаммаси эмаслигини таъкидлади.

“Саудия ҳукумати Жамолнинг ўлдирлишига аслида ким жавобгар эканлигини дунёга маълум қилмасдан, ушбу жиноят ишини ёпмоқда. Ким буни режалаштирган, ким уни буюрган, Жамолнинг жасади қаерда?” дейди Сенгиз ўзининг баёнотида.

Бундан аввал баъзи Ғарб давлатлари мазкур қотиллик ортида шаҳзода Салмон турганини айтишганди. Лекин, Муҳаммад бин Салмоннинг ўзи 2019 йилда бу жиноят кўз ўнгида содир бўлганини айтиб, ўз жавобгарлигига ишора қилган бўлсада, Саудия расмийлари бу айбловларни рад этишган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг